Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Мустақиллик-Аждодлар билан авлодлар ўртасидаги кўприкни қайта тиклади

 
 

Жонажон Ватанимиз Ўзбекистон Республикаси ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 27 йил тўлди. Бу фурсат оралиғида унитилган ва тортиб олинган фазилату-қадрятларимиз тикланди. Аждодлар билан авлодлар ўртасидан олиб ташланган кўприк қайта тикланди. Алҳамду лиллаҳ бугун ўзлигимиз ва ўзбеклигимиз ўз ўрнига қайтди.

Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.

“Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори ҳам ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғу ифодасидир.

Буюк аллома Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Ани ранжи – ғурбат, ҳавас айлама.

Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”.

Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз - эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.

Маълумки, охирги йилларда юртимиз раҳбари томонидан барча жабҳаларда кўпдан кўп ислоҳатлар амалга оширилиб келинмоқда. Шулар қаторида муқаддас ислом динимизга бўлган эътибор ҳам юқори даражада. Зеро, ислом ва дин аҳли ижтимоий ҳаётимизда муҳим ўрин тутади. Ислом дини ота боболаримизнинг муқаддас эътиқоди, у туфайли халқимиз минг йиллар мобайнида маънавияти бой мероси ва ўзлигини омон сақлаб келган.

Кўп асрлар давомида синовдан ўтган улуғ аждодларимиз бизга қолдирган бой мерослари, миллий мафкура ва қадриятларимизни фикрлаш, уни замонавий умумбашарий руҳ билан бойитиш ҳаммамизнинг долзарб вазифамиздир. Ислом дини таълимотига кўра илм-маърифат ибодат бўлиб, тарихда биринчи бўлиб илмни Ислом дини ибодат даражасига кўтарган. Ислом дини бошида ҳали араблардан ҳеч ким илмни нима эканлигини билмасдан Муҳаммад (с.а.в)га дастлабки ваҳий “ўқи” Роббингни исми билан ўқи деб хитоб қилиниши ва Мужадала сурасининг ўн биринчи оятида “Аллоҳ сизларни иймон келтирганларингизни ва илмларингизни даражасини юқори қилади” деган. Бошқа бир қанча оятларда илмлиларнинг шаънини улуғловчи сўзлар келтирилган ва ҳадиси шарифларда ҳам илмнинг қанчалик зарурлиги ҳақида баён қилинади. Ҳадислардан бирида: “Бешикдан то қабргача илм изла” дейилган.

Ҳар бир халқ тарихда нимаси биландир танилган баъзи халқлар қиличи билан, баъзилари боғлари билан баъзилари отлари билан, ҳар бири ўзига хос жиҳати билан машҳур. Ўзбек халқи тарихда илм ва олимлари билан танилгандир. Шу маънода жондан азиз фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига эътибор қаратиш, уларнинг мактабларда чуқур билимга эга бўлиши, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришни назорат қилиш ҳар бир ота онанинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Зеро Абдулла Авлоний таъкидлаганидек “ Замона илмидан бебаҳра миллат ўзгалар қўлида поймол булур”. Мамлакатимизни эртанги кунига дахлдор ушбу масалага барчамиз бирдек масъул ва жавобгармиз.


Киритилган вақти: 30/08/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2154
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/mustaqillik-ajdodlar-bilan-avlodlar-ortasidagi-koprikni-qayta-tikladi
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 23:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг