Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

МИССИОНЕРЛИКНИНГ ЖАМИЯТ ҲАЁТИГА ТАҲДИДИ

 
 

Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, миссионерларнинг ўзга дин вакиллари орасидаги фаолияти ҳар доим минтақа барқарорлигини бузишга, аҳоли орасида нотинчликларни келтириб чиқаришга ва қон тўкилишларга сабаб бўлган.

Бунга Индонезиядан шарқий Тимор оролининг, мусулмон давлатидан ажралиб чиқишини ёки Африка қитъасидага қонли тўқнашувларни мисол қилиб келтириш мумкин. Воқеани кузатган мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолатларнинг юзага келишига миссионерларнинг бевосита алоқаси бўлган.

Миссионерлар кимлар ўзи?! Албатта бу саволга жавоб бериш учун, бу сўз қандай маънони англатиши ва унинг тарихий илдизлари қаерга бориб тақалиши ҳақида маълумотга эга бўлишимиз лозим.

“Миссио” сўзи—лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.

15-16 асрларда Испания ва Португалия мустамлака империялари ташкил топгач миссионерлик католик[1] черкови доирасида ўз фаолиятини кучайтирди ва янги ерларни забт этишда ғоявий асос бўлиб хизмат қилди.

Католикларнинг турли йўналишларига мансуб миссионерларининг ошкора ёки махфий равишда Америка, Осиё, Африка халқларини забт этишда қатнашганлари бунга далил бўла олади.

Кейинчалик улар бир қанча, жумладан: “еттинчи кун адвентистлари”, “пятидесятниклар” ёки “тўлиқ инжил христианлари”, “худо ассамблеялари” ва “иегово шоҳидлари” каби оқимларга бўлиниб, ўз услублари бўйича мустақил мисионерлик ҳаракатини йўлга қўйишди.

Миссионерлик муассасалари йирик капитал ва ерларни тасарруфларига олиб, ўз мамлакатлари сиёсатини ўтказишда фаол иштирок этадилар.

Маълумотларга кўра, ҳозирда улар томонидан адабиётлар нашр этиш, черковлар фаолиятини таъминлашга кетадиган сарф-харажатлардан ташқари, миссионерларнинг кундалик харажатларига йилига 100 миллион АҚШ долларига яқин маблағ сарфланади.

Миссионерлар мақсадларини амалга оширишда турли хил услублардан кенг фойдаланишади.

Маърифат тарқатиш, тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшларни жалб қиладиган ўқув марказлари ташкиллаштириш, радио, телевидения ва болалар учун мўлжалланган расмли журналлар нашр этиш уларнинг асосий тарғибот йўналишлари саналади.

Миссионерларнинг биргина оқими саналган адвентистлар бир юз саксон тўрт мамлакатда 22 000 дан ортиқ черков, 5000 дан ортиқ ўқув марказлари, 50 та нашриёт, 160 та касалхонага эга. Бундан ташқари 170 дан ортиқ тилда миссионерлик адабиётларини чоп этадилар.

Дунёдаги умумий миссионерларнинг 2/3 қисмини католик миссионерлари ташкил этади. Католиклик ва протестантликда миссионерлик билан шуғулланиш ҳар бир масиҳийнинг бурчи даражасига кўтарилган.

Шунингдек, миссионерлар ўзлари фаолият юритмоқчи бўлган ҳудуд аҳолиси диний эътиқоди, уларнинг ижтимоий муаммолари ҳақида маълумот олишлари учун ўз тадқиқот марказларига ҳам эгалар.

Миссионерлар бугунги кунда хоҳлаган тилда ва ададда ўз диний адабиётларини чоп эта олишлари мумкинлиги ҳам уларнинг имкониятлари нақадар кенг ва кучли эканини кўрсатади.

Улар ҳар бир Юртнинг туб аҳолиси учун, ўша халқнинг сонидан ҳам зиёд тиражда китоб чиқаришларига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, рус тилида чоп этилган “Инжил” китоби бир чоп этилишда 164 млн нусҳада нашр этилган.

Ўзбек тилидаги миссионерликка тарғиб қилувчи китобча эса, бир чоп этилишда 50 млн.дан кўп нусҳада нашр этилган[2]. Буни Ўзбекистон аҳолиси сонига нисбатан олиб қарасак, ҳали туғилмаган фарзандлар учун ҳам китоблар нашрдан чиқарилиб, тайёр ҳолга келтирилган дейиш мумкин.

Ўзбекистон ҳудудида миссионерлик ҳаракати қонунан таъқиқланган. Чунки бу ҳаракат, асосий аҳолиси мусулмон бўлган халқимизнинг парокандалигига ва юртимизда низолар чиқишига сабаб бўлади.

Кўпгина огоҳлантириш ва маъмурий чоралар кўрилишига қарамасдан, улар юртимизда ўзларининг миссионерлик фаолиятларини олиб боришга интилишмоқда.

“Якшанба кунлари ўзбек тилида маърузалар ўқиш, қўшимча “Библия” ўқиш дарслари ташкил қилиш, “хосил йиғиш куни” деб аталадиган ва ҳар бир аъзо черковга янги одам олиб келишини рағбатлантиришга қаратилган амалиётлар” шулар жумласидандир.

Миссионерлар кишиларни ўз сафларига жалб қилиш услублари, улар аввало вазиятни, кишиларни ва уларнинг кўнглига йўл топишни яхшилаб ўрганадилар. Кейин эса аста-секин инсоний ёрдам, тиббий хизмат, хайру эҳсонга ўхшаш нарсалардан гап очадилар. Қўлидан иш келадиганларга “совғалар” уюштирадилар.

Аста-секин у ер-бу ердан одамларни тўплаш бошланади, оддий суҳбат, чой ичиш, видеофильм кўриш, кичкинагина совға ва совғага қўшиб, суҳбатдошнинг она тилидаги миссионернинг дини ҳақидаги китоб берилади.

Китобнинг сўнгида албатта, тушунмай қолганда сўраб-суриштириш учун телефон рақами ёки манзил кўрсатилган бўлади.[3]

Янги аъзоларга “дўстона маслаҳат”лар ҳам берилади: “Янги динга янги аъзо бўлган киши кўпроқ савоб топиши керак, – бунинг энг осон йўли – оила аъзоларингни, яқин кишиларингни динимизга чақиришинг”, “Агар ҳар ҳафта биттадан янги одам олиб келсанг, савобнинг тагида қоласан. Кўчада юрганингда ҳам бекор юрма, ўзинг билан мана бу китобчалардан олиб юр”, “Одамлар гавжум бўладиган дўкон, бекатга ўхшаш жойларга битта-битта ташлаб қўй. Одамларнинг уларига – остонасидан ичкарига ташлаб қўйсанг, яна ҳам яхши бўлади”.

Натижа эса, аён. Ўзимиздан чиққан иймонфурушлар ўз халқини бузишга, Она Ватанини заифлаштиришга ва унда янги фронт очишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилади.

Миссионерлик фаолияти мафкурамиз учун шунчаки ёт унсур бўлиб қолмай, балки маънавиятимиз ривожи учун ҳам катта тўсиқ саналади.

Уларнинг мақсадлари — ўз сафдошларини кўпайтириш орқали, қабиҳ режаларини амалга ошириш. Бу эса ўз ўрнида жамият ҳаётида нотинчлик, беқарорлик ва парокандаликни келтириб чиқаради.

Бундан эса мана шу заминда яшаётган ҳар бир фуқоро, у ким бўлишидан ёки қандай динга эътиқод қилишидан қатъий назар огоҳ бўлиши ва бунга йўл қўймаслиги лозим. Чунки бунинг замирида барчамиз учун бирдек муҳим бўлган “тинчлик” масаласи туради.


[1] Христианликдаги энг йирик оқимлардан бири бўлиб, лотин тилидан таржима қилганда “Бутун жаҳон” деган маъно беради.

[2] Бу, ўзим айнан гувоҳ бўлган мисоллар.

[3] Мисол учун ўзбек тилидаги “Инжил”да шундай муҳр мавжуд: “г.Самарканд. ул. Чехова. Ориентир Военний госпиталь. ПРИГЛАШАЕМ ВАС ПОСЕТИТЬ....”


Киритилган вақти: 21/07/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3118
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/missionerlikning-jamiyat-hayotiga-tahdidi
Чоп этилган вақт: 11/12/2024 23:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг