Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Миссионерлик ҳаракати жамият бирдамлигига таҳдид

 
 

Инсонни яратиб ва унга ўзини яккаю-ягона илоҳ деб танитган зотга чексиз ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ таолога ҳеч бир нарсани шерик келтирмасдан, доимо мустаҳкам эътиқодда бўлишга даъват этган барча пайғамбарларга, хусусан Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга беадад саловат ва саломлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсон зотини яратиб унинг эътиқодини, яратувчи ёлғиз ўзи, ягона ва ҳеч бир нарсага муҳтож эмаслиги билан шакллантирди. Шуни таъкидлаш лозимки ушбу эътиқод Одам алайҳиссаломдан то Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламгача ўтиб келиб, бугунги кунда ҳам кўп халқлар орасида мустаҳкам эътиқод бўлиб сақланиб келмоқда. Ва бу эса Аллоҳ таоло рози бўлган диннинг асосидир. Ана шу динниг асоси бўлмиш ушбу эътиқод тарихдан жамият ривожига ҳар тарафлама кучли таъсир этиб, асосан инсонларни бирлаштириб, бир-бири билан меҳр-оқибатда ва тинч-тотув, барқарор ҳаёт кечиришларига хизмат қилиб келмоқда.

Тарихдан яна шуни англаш мумкинки инсонларни соф эътиқодларидан воз кечтириб, ўзларининг ботил эътиқодларини тўғри деб эълон қилиб, бунинг натижасида жамиятда беқарорликни юзага келтирган, оқибатда инсон зотининг қони ноҳақ тўкилиб, қисман бўлсада ўзларининг ғаразли мақсадларига эришган гуруҳлар ҳам бўлган. Афсуски ҳозирги давримизда ҳам ана шундай ботил эътиқодларни тўғри деб талқин қилиб, аслида унинг замирида бошқа мақсадларни беркитган гуруҳлардан бири “миссионерлик” фаолияти ҳам давом этиб келмоқда.

Миссионерлар ҳақида сўз кетар экан аввало миссио нима? ва миссионерлар кимлар? ва уларнинг фаолияти тўғрисида қисман тўхталишга тўғри келади.

Ушбу “миссио” сўзи лотин фелидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш” “миссионер” эса “вазифани бажарувчи” маъноларини англатади. Бошқа манбаларда миссионерликга кўплаб тарифлар берилган бўлиб, масалан “Жаҳон китоби” энциклопедиясида “миссионер бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган киши” деб таъриф берилган.

Миссионерликнинг келиб чиқишига назар соладиган бўлсак, аслида тарихдан маълумки Исо алайҳиссалом ўз даврларида халқни якка худоликга, яъни соф эътиқодга даъват этган бўлсалар, у кишидан кейинги даврларда христиан дини вужудга кела бошлади.

Дастлаб христиан таълимоти фақат яҳудийларгагина тааллуқли деган ёндашув билан яҳудийлар орасида тарғибот ишлари олиб борилган. Кейинчалик христиан даъватчилари Рим империясига ташриф буюрадилар. Рим халқи буларга салбий муносабат билдиришларига қарамай империянинг марказий ҳудудларига ва пойтахтига кўчиб келаверишган. Уларнинг даъватлари натижасида IV-асрга келиб христиан дини Рим империясида давлат динига айланди. Бундай “даъватчилик” ишларини олиб бориш, ўз таълимотларини тарқатишга ҳаракат қилиш табиий бир ҳол эди.

Вақт ўтиши билан дастлабки “даъватчилик”дан фарқли равишда жамиятни диний асосда парчалаб юборишга қаратилган, асл эътиқодни янада бузиб талқин қилиб, бузғинчилик ва босқинчилик ғояларини ўз ичига олган “миссионерлик” ҳаракати юзага келди. Дастлаб миссионерликнинг замонавий кўринишлари Рим қўшинлари билан бирга юриб, босиб олинган ҳудудлар халқлари орасида христианликни тарғиб қилишлик билан намоён бўлди. 400-500-йилларда миссионерлик ҳаракати натижасида Африкада ҳам христианлик мустаҳкам ўрнашиб олди. Бу фаолият кенгайиб ҳатто Арабистон ярим оролининг жанубини босиб олиб, арабларни ҳам ўз таъсирлари остига олишмоқчи бўлишган.

Бундай ҳаракатлар кундан-кунга кучайиб, баъзи давлатлар ва уларнинг халқлари бошига кулфатлар келтира бошлади. Бунга мисол “Салб юришлари” номини олган урушлардан бири XI-XIV-асрларда Рим Папаси бошчилигида “Қуддус” шаҳрини озод қилиш баҳонасида, аслида босқинчилик билан бойлик орттириш бўлиб, шу билан бирга унинг замирида “миссионерлик” мақсадлари кўзланган эди. Бу яширин ғоя урушлардаги ҳаракатларида фош бўлди. Қуддусни эгаллаб олишгандан кейин, шаҳардаги масжидларга ўт қўйдилар ва насронийликни қабул қилмаган кишиларни қиличдан ўтказдилар. Бундай мисолларни тарихдан жуда кўп келтириш мумкин.

Ҳозирга даврда ҳам христианликга мансуб миссионерлик, протестантликга мансуб миссионерлик, еттинчи кун адвентисларига мансуб миссионерлик ва иегово шоҳидларига мансуб миссионерлар ер юзида ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар. Аслида буларнинг барчасини эътиқоди бир-бирига зид ва қарама-қарши бўлиб, ҳар бирининг ўз раҳбар ва ташкилотлари мавжуддир. Тарғибот ишлари учун маблағлар сарфланиб, ўзларининг газета ва журналларини чиқарадилар. Аҳоли орасида тарғибот учун кўпроқ аёллардан, беморларга дори-дармонлар тарқатиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатиш йўли билан фойдаланадилар. Бундай тарғибот дин ва унинг мазмун моҳияти, инсон ва жамият ҳаётидаги муҳим ўрни ҳақида керакли маълумотга эга бўлмаган, соф эътиқодни билмаган имони суст кишиларни фикрини ўзгартириш ҳамда уларга бир динни ёмонлаб, бошқасини яхши деб талқин қилиш доимо осон кечган. Шунинг учун тарғиботда шу жиҳатдан кенгроқ фойдаланишади. Тарғиботда оҳисталик билан ҳаракат қилсаларда охир оқибатда ҳаракатлари ислом динини ниқоб қилган ақидапарастларнинг мудҳиш ҳаракатларидан ҳеч ҳам фарқи йўқдир. Бунга юқорида қайд этилган “салбчилар” воқеаси мисол бўла олади.

Ҳар бир инсоннинг эътиқоди аввало ўзи учундир. Унинг тўғри эътиқодда бўлишлиги ўзи ва жамият учун фойда келтиради, нотўғри эътиқодда бўлишлиги ўзига ҳам жамиятга ҳам катта зарар келтиради.

Яна инсонни теран фикрлашга ундайдиган ҳолат шуки, Ватанимиз Ўзбекистонда 90 фоиздан ортиқ фуқароларимиз Ислом динига эътиқод қилса ва мустақилликдан буён турли дин вакиллари ҳамда 130 дан зиёд миллатлар билан “Ўзбекистон умумий уйимиз” шиори остида тинчлик ва барқарорликда бахтиёр ҳаёт кечираётган бир вақтда айрим кимсаларнинг “миссионерлик” ҳаракатидан мақсади нима? Дарҳақиқат, бундай ҳаракатларнинг мақсадини ҳар қандай жамият огоҳ бўлишлиги учун тарих ўзи сўйлайди. Шунинг учун ҳам бежиз айтилмаганки “тарихсиз келажак йўқ” деб.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки юртимизда дин ва азалий қадриятлар ҳамда турли миллатларни қадрига етилиб, тинчлик ва барқарорликда улар билан ҳаёт кечиришлигимиз, аввало Аллоҳ таолонинг юртимизга тушган муборак назаридир ҳамда ишлаб чиқилган қонун-қоидалар ўта муҳим ва тўғри бўлиб, шу боис халқимиз тинч ва равон йўлда эканлигига далолат қилади. Шундай экан бу юртда ҳеч қандай миссионерлик ҳамда ақидапарастликка ҳожат ҳам ўрин ҳам йўқдир. Демак ҳар биримиз соф эътиқодда бўлиб, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати тинчлик ва фаровонлик ҳамда тараққиёт йўлида доимо хизмат қилишимиз зарурдир. Бу борада ҳам яратганнинг ўзидан ёрдам сўраган ҳолда ҳеч кимни тўғри йўлдан адаштирмаслигини ҳамда тўғри йўлдан адашганларга ҳидоят ато этишини сўраймиз.


Киритилган вақти: 06/02/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 3405
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/missionerlik-harakati-jamiyat-birdamligiga-tahdid
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 11:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг