Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Меҳру оқибатли бўлайлик.

 
 

Ишхонамга келсам бир аёл кутиб турганлигини айтишди. Қабулимга кирар экан катта бир муаммоси борлиги сезилиб турарди. “Келинг опа нима хизмат” дедим. “Гуноҳ ишга қўл уриб виждоним қийналганлигидан келдим” дея йиғлаб юборди. Ўзига келгач. Аввалда эри билан яхши яшаганлигини, кейин баъзиларнинг сўзига кириб рўзғорга кўпроқ нарса топиб келишга эрини мажбурлаганлигини, тиккама тикка гап талашганлигини, кўп пул топиш мақсадида эрини хорижга жўнатганлигини, оғир меҳнат захматларидан эрининг ярим жон бўлиб қайтганлигини, хозирда эса бутун рўзғор ўз бўйнига тушганлигини айтиб, ношукрлиги учун шу аҳволда қолганлигини, меҳру оқибатдан узоқлашиб ғазаб отига миниб алал оқибат ўзи бошқалар меҳрига зор бўлиб турганлигини бирма бир баён қилди. Панду насихатлар қилиб аёлни кузатиб қўйдим. Наҳотки мол дунё деб инсонийлигимизни унутиб қўйсак. Энг яқин кишимизга ҳам ғазабимизни сочсак. Демак, дунёга хирс қўйиш меҳру оқибатдан йироқлашишга сабаб бўлар экан. Байҳақий ривоят қилган ҳадисда: “Дарҳақиқат олов ўтинни ўз домига тортгани каби, ёмонликлар яхшиликларни зое қилади” дейилган.

Ёмонликларни кўнгилдан ҳайдайдиган, узоқ қариндошни яқинлаштирадиган ҳатто душманни дўстга айлантирадиган, шайтонни хор қилиб йиғлатадиган нарса инсонлар бир бирига меҳру оқибатли бўлишидир. Меҳру оқибатли бўлмаган инсон қахри қаттиқ, ўз манфаатини барча қариндошлар манфаатидан устун қўядиган, бойлик учун ҳар қандай ишга тайёр турадиган, тили билан ҳаммага озор берадиган хулқсиз одамга айланиб қолар экан.

Расулуллоҳ (с.а.в) га саҳобалар “Бир аёл бор. У нафл намоз ўқишни, нафл рўза тутишни, нафл садақа қилишни сира канда қилмайди. Аммо, кўча-куйда ҳали у қўшниси, ҳали бу қўшнисига тили билан озор беради”-дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): “У хотин дўзахийдир” дедилар (Имом Ахмад ривояти ).

Бу ҳадисдан билиб олдикки, ҳатто мусулмончиликни даво қилсаю, аммо одоб аҳлоқи бузуқ бўлса, ўзгаларга адоват ва нафрат назари билан қараса, меҳру оқибатдан йироқ бўлса, қўни қўшниларига озор берса мусулмончилиги мукаммал бўлмас экан.

Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларининг бирида: “Танада бир аъзо борки, агар у соғлом бўлса, барча аъзолар ҳам соғлом бўлади, агар у касал бўлса, қолган аъзолар ҳам касал бўлади. Билиб қўйингларки, у қалбдир” деб мархамат қилганлар. Қалбни равшан қиладиган, юмшатадиган, гуллаб яшнашга сабаб бўладиган, хурсандчиликка тўлдирадиган амал бу меҳру оқибатдир.

Инсон ҳаётга бир марта келади. Ҳаётлик даврида кўп яхшиликлар қилиши, яхшилик қўлидан келмаса, ёмонлик ҳам қилмай яшаши лозим.

Бир дўстим бемор бўлиб касалхонада ётиб қолди. Ҳол-аҳвол сўраш учун ёнига бордим. Анча-мунча суҳбатлашганимиздан кейин “Яратганнинг дард берганига шукр, кўзим очилди” дея гап бошлади дўстим. “Савдо билан шуғулланиб ҳар куни шунча фойда қилдим деб пул ҳақида маст бўлиб юраверган эканман. Ота-онамга пул жўнатиб турсам бўлдида, қариндошларнинг ҳам хожатини чиқариб турсам ҳаммаси мендан хурсанд бўладида деб ойлаб улар билан учрашмасдан фойда орқасидан югурдим. Бошим ёстиққа текканида энг биринчи соғинган кишим ота-онам бўлди, ака-ука, опа сингил, қариндошлар дийдорига тўйгим келди. Инсоннинг қадри пул, бойлик, мол-давлатда эмас меҳру оқибатда эканлигини англадим. Соғ омон шу ердан чиқсам, бир ой ҳамма оға инимларникига меҳмон бўлиб дийдорлашишни ният қилдим”. Ҳақиқатдан дўстим ваъдасида туриб қишлоқда бир ой меҳмон бўлди. Дунёдан нимани олиб кетамиз. Уй жой, машина, мол давлат ҳаммаси дунёда қолиб кетадиган матоҳлардир. Тириклик имкониятимиздан фойдаланиб, бир-биримизга меҳру оқибатлик бўлайлик, бир-биримизни соғиниб яшайлик. Зеро Пайғамбаримиз (с.а.в) бир ҳадиси шарифларида “Ким бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Ким ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур” деб мархамат қилганлар (Муслим ривояти). Шундай экан яхшилик, савобли амалларни давомли қилиб кундан-кунга чирой очаётган ватанимизга бахтиёр, шод хурам яшаб, фарзандлар ҳаққига дуо қилиб, ота-онамиз ҳизматидан чарчамайлик. Меҳру оқибат ҳеч қачон сизу-бизни тарк этмасин.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилояти вакили ўринбосари


Киритилган вақти: 08/01/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3585
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/mehru-oqibatli-bolaylik
Чоп этилган вақт: 02/12/2024 15:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг