МАХДУМИ АЪЗАМ ДАҲМАСИДАГИ ТОШ БИТИКЛАР
Фақат мустақиллик шарофати ўлароқ Имом Бухорий, ат-Термизий, Баховуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бурхониддин Марғиноний, Махдуми Аъзам Косоний каби кўплаб, на фақат миллий маданиятимиз, балки бутун жаҳон цивилизацияси хазинасига салмоқли ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг номлари ва хайрли ишлари бутун бўйи басти билан намоён бўлди.” Ислом Каримов.
Абу Тоҳирхожа, Махдуми Аъзам ҳазратлари ҳақида шундай деганди: “Ҳазрат Махдуми Аъзам жанобларининг мақомот, ҳолат ва кароматлари шундайким, бу нодоннинг қалами уни тақрир ва таҳрир қилишга ожизлик қилади”.
Дарҳақиқат Махдуми Аъзам ҳазратлари оддий фуқародан тортиб, давлат ҳукмдорларигача, оддий толиби илмдан тортиб, аҳли-фазл соҳиби уламоларгача, барчанинг олқишу муҳаббатларига сазовор бўлган буюк инсон эдилар.
Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожаги Косоний – Даҳбедий Махдуми Аъзам ҳазратлари 1461 йили Фарғонанинг қадимий пойтахти бўлган Косон шаҳрида таваллуд топадилар.
Ишончли тарихий манбаларга кўра Махдуми Аъзам ҳазратлари насаб жиҳатидан пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга уланадилар.
Махдуми Аъзам ҳазратлари йирик тасаввуф олими, нақшбандия тариқатининг давомчиси, пири-муршид, фақиҳ, таъсир доираси кучли сиёсий арбоб, давлат ва жамият миқёсидаги можороларни ечувчи шахс бўлганлар.
У зот айни пайтда зироатчилик билан ҳам машғул бўлганлар ва зироатчи сифатида янгича мева ва полиз навларини етиштирганлар.
Махдуми Аъзам ҳазратлари Тошкент ва Водий мадрасаларини тугатгач, устозлари Мир Сайид Алининг маслаҳатларига кўра тасаввуф сирларини ўрганиш мақсадида Самарқандга Хожа Аҳрор Валийнинг шогирдлари Мавлоно Муҳаммад Қози ҳузурига йўл оладилар.
Шу тариқа ул зот узоқ йиллар Мавлоно Муҳаммад Қозининг таълимини олиб вояга етадилар ва пировардида Хожагон тариқатида кўзга кўринган тасаввуф намояндаларидан бирига айланадилар.
Махдуми Аъзам ҳазратлари нафақат руҳий тарбия билан, балки омманинг манфаати учун ҳукмдорлар орасида тожу тахт талашиб юзага келган кўплаб можароларга барҳам беришга ва уларни адолат ила раҳбарлик қилишга ундаганлар.
1514–1516 йиллари шайбонийлар давлатида рўй берган сиёсий жараёнларда фаол қатнашиб, тинчлик ва осойишталикнинг сақланишига, ҳукмдорларни бир-бири билан яраштиришга интиладилар.
Уларни доимо инсоф, адолатга, халқпарварлик ва маънавий етукликка даъват қиладилар. 1503 – 1509 йиллари Ахсида ҳокимлик қилган Шайбоний ҳукмдорларидан Жонибек Султон Мавлоно Жалолидин ва унинг ўғли Саййид Аҳмадга қўл бериб уларни ўзига пир тутади.
Жонибек Султон 1510 йили Самарқандга ҳоким қилиб тайинлангач, Махдуми Аъзам ҳазратларини пири сифатида пойтахт Самарқандга таклиф қилади. Махдуми Аъзам ҳазратлари 1528 йили Самарқандга қарашли бўлган сўлим маскан Даҳбедга доимий яшашлик учун келадилар.
У ерда кишиларнинг маънавий юксалишларида устозлик қилиш билан бир қаторда деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланадилар.
Маҳдуми Аъзам ҳазратларининг кўплаб шогирдлари бўлган. Айрим манбаларда у зотни олтмишта авлиёни тарбиялаб етиштирган муршид деб аташади. Ўз даврида Хожагон тариқатининг пешвоси бўлган Махдуми Аъзам ҳазратлари 1542 йил 8 май душанба куни (949 ҳижрий 21 муҳаррам) Самарқанд шаҳридан шимол томонда жойлашган Даҳбед қишлоғида вафот этадилар ва ўзларининг васиятларига кўра ўзлари экиб парваришлаган боғнинг ўртасидаги нок дарахтининг остига дафн этиладилар.
Маҳдуми Аъзам ҳазратлари вафотидан сўнг, бу силсилани у зотнинг шогирдлари, фарзанд ва набиралари давом эттиришади.
Маҳдуми Аъзам ҳазратларининг набиралари Ҳожа Ҳошим алайҳир раҳмани ўзига пир-устоз деб билган Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баходир 1618 йилда Маҳдуми Аъзам ҳазратлари мақбарасини ободонлаштиради ва унинг яқинида катта ҳонақоҳ барпо этади.
Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баходир ҳам ўз васиятига кўра мазкур мақбарага пирлари оёқ томонига дафн этиладилар.Мазкур мақбара Республикамизда энг катта даҳмалар сирасига киради. Даҳмадаги қабр тошлари яхши сақланган бўлиб, уларда Қуръони Карим оятлари ва баъзи форс тилидаги байтлар битилган.
Тошкент ва Самарқандлик бир неча малакали мутахасислар томонидан қабр тошларидаги ёзуви сақланиб қолган барча араб ва форс тилидаги ёзувлар ўрганилиб, ўқиб чиқилди ва таржима қилинди.
Қуйида Махдуми Аъзам даҳмасида жойлашган қабрларнинг чизмага асосланган рақамли рўйхати ва чизмасини эътиборингизга ҳавола қиламиз
Махдуми Аъзам мақбарасида жойлашган қабрларнинг чизмага асосланган рақамли рўйхати:
1. Саййид Али ибн Муҳтас.
2. Бобоқули ибн Ҳайдарқули. 1021 ҳижрий сана (1615 м.й.).
3. Муҳаммад Юсуф ибн Мирзо Раҳимқули. 1057 ҳижрий сана (1647 м.й.)
4. ???
5. Шоҳхўжа ибн Санжархўжа. 1033 ҳижрий сана (1624 м.й.)
6. Исми шарифи ўчиб кетган.
7. Султон Қулибек ибн ... (Ялангтўш?) 1067ҳижрий йил (1657 м.й.)
8. ... ибн Ҳожибий (Ялангтўшнинг ака ёки укаси?) 1024 ҳижрий сана (1615 м.й.)
9. Ушбу тошда бирор бир ёзув сақланиб қолмаган.
10. Султон Ялангтўшбий. 1066 ҳ.с. (1656 м.й.) йил.
11. Шоҳ Ҳидоят ибн Шоҳ Қосим 1079 (1669 м.й.)
12. Қабр соҳибининг исми ёзилмаган
13. ???
14. Абдурраҳмон ибн Наврузбий. 1058 ҳ.й. (1648 м.й.)
15. Давлат Келди. 1079 ҳ.с. (1669 м.й.)
16. Мирзо Муҳаммадбий ибн Аллоҳқулибий. 1034 ҳижри сана. (1628 м.й.)
17. Фунуқ биби Турсунбек қизи.
18. Холбиби Ҳожибий қизи.
19. Фотимабиби ... қизи. 1077 ҳижрий сана (1667 м.й.)
20. Тошга Қуръони карим оятларидан ва калима ёзилган.
21. Абдудкаримбек Тўпонбек фарзанди. 1267ҳижрий йил (1851 м.й.)
22. Ёзувларнинг асосий қисми ўчиб кетган.
23. ...
24. Абдулмаликбий ибн Ҳожибий ибн Қурбонбий. 1015 ҳижрий йил (1606 м.й)
25. Абдураҳмонбек бин Ҳожибий.
26. Ҳожибий ибн Қурбонбий.
27. Хожакалон ибн Хожа Ҳалим.
Изоҳ: (???) ва (...) ёзуви мавжуд, аммо ўқиш имкони бўлмаган қабр тошлари.
Яратганнинг марҳамати, Мустақиллик шарофати ила тарихий, бебаҳо ёдгорлик “Махдуми Аъзам” жоме масжиди ва ҳазратнинг мақбаралари ободонлаштирилди.
Киритилган вақти: 20/08/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3553
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 15:21