МАВЛИДИ НАБИЙ ФАЗИЛАТЛАРИДАН
Расулуллох саллоллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунларини нишонлаш улуғ тарихга эга. Устозларимиздан Абу Муҳаммад Маҳбубий Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳининг ривоят қилишларича, жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам туғилганларида Абу Лаҳаб суюнганидан чўриси Сувайбани озод қилган экан. У ўлганидан кейин тушда кўрилганда ўзининг хабар бериб айтишича ҳар душанба кунида азоби енгиллатилиб, оғзига бир томчи сув келиб тушар экан. Устоз айтадиларки: “Мавлидни ҳатто кофирга ҳам фойдаси бўлади-ю, нега мусулмонлар бунга бефарқ бўлишлари керак?”.
Мавлид ўқилиши давомида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга саловотлар айтилади. Аслида ҳар бир мусулмон киши умрида бир марта Пайғамбаримизга саловот айтишлиги фарздир. Ҳар намознинг охирги ташаҳҳудидан кейин саловот айтиш суннатдир. Намоздан ташқари барча вақт саловот айтиш мустаҳабдир. Хусусан, ҳар дуонинг аввали ва охирида, тезроқ ижобат бўлишлиги учун саловот айтишга кўп тарғиб қилинган. Саловотларнинг афзали ва ҳамма учун айтишга қулайроғи “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад ва ала оли Муҳаммад”- деб саловот айтишдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳам, фаришталар ҳам саловот айтишлиги Қуръон Каримда баён қилинган ва мўмин – мусулмонлар ҳам саловот айтишга амр қилингандир.
Биз Мавлид ўқиш давомида Расулуллоҳнинг улуғ фазилатларини эшитиб ўрганамиз ва ўз ҳаётимизга татбиқ этишга ҳаракат қиламиз. Масалан, ўз оилаларидаги кундалик юмушларида ҳам бизга намуна бўлганлар. У зот ғоят тавозеъли, кибрдан узоқ киши эдилар. Ўзлари учун одамларни подшоҳлар ҳузурида тургандек туришдан қайтарардилар. Мискинлар ҳолидан хабар олар, камбағал-мискинлар билан бирга ўтирар эдилар. Қулни чорловини ҳам қабул қилар эдилар, асҳоблари ичида уларнинг бири каби ўтирардилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Ўз пойафзалларини ямар, кийимларини тикар, сизлардан бирингиз ўз уйида нима ишларини қилса, У зот ҳам шуни қилардилар. Оддий инсон эдилар, кийимларини ўзлари тозалар, эчкиларини соғар, ўз юмушларини ўзлари қилар эдилар”.
Мусо алайҳиссаломдай зот ҳам Аллоҳдан “Мени Муҳаммаднинг умматидан қилгин” – деб дуо қилишлари У зотга уммат бўлганларга берилган шарафдир. Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиш, сизу бизлар учун улуғ неъмат ва шараф бўлиш билан бир қаторда, айни пайтда зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди. Хусусан, уламолар тўғриларида айтилган ҳадисларида: “Умматимнинг уламолари Бани Исроилнинг Пайғамбарлари кабидир” – дейишларининг ўзи жуда катта шараф ва масъулиятдир. Бу масъулият У зот келтирган динни мусаффолигини сақлаб, келажак авлодга омонат билан етказиш, турли хилдаги бидъат ва хурофотларга берилмай, бузуқ эътиқодларга эргашмай, аксинча, адашганларни тўғри йўлга солиб, чин мўмин – мусулмон бўлиб яшашдан иборат.
Киритилган вақти: 11/12/2017 00:00; Кўрилганлиги: 1974
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 15:07