Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

МАЪНАВИЯТ ЮКСАКЛИККА ЧОРЛАЙДИ

 
 

Пайғамбаримиз (с.а.в) "Киши бирор кишини яхши ишга далолат қилса, унга ўша яхшиликни бажарганлиги савоби берилади". деб марҳамат қилганлар. (Имом Аҳмад ва Муслим ривояти)

Бу ҳадиси шарифнинг маъно-мазмунини ҳаётимизга тадбиқ қилиб, кишиларни янада яхши ишларга даъват қилиб боришимиз савоб амаллардандир. Яқинда Самарқанд вилояти бош имом хатиблиги ва Республика маънавият тарғибот маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбарияти билан Самарқанд вилояти имом хатиблари иштирокида сайёр маънавият соатлари ташкил қилинди. Бундан мақсад имом-хатибларимизнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари" йилида янада илм савияларини ошириш ва ҳар бир имом хатиб ўз масжидида бажарган намунали ҳолатлардан ибрат олиб, фикр алмашишдир.

Яқиндагина ташкил этилган "Маънавият соатлари" барча имом хатибларимизни хурсанд қилиб, ҳар бир сайёр йиғилишга қизиқиш билан иштирок этишмоқда. Чунки имом хатибларимиз маънавият тарғиботчиларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун ва моҳияти, бугунги дунёнинг мафкуравий манзараси, глобаллашув шароитида мафкуралар тўқнашуви ва унинг оқибатлари, маҳалла, оила, таълим-тизимининг ишлаш принциплари, ютуқ ва камчиликлари, интирнет сайтлари ва уларнинг ҳаётимизга бўлган ижобий ва салбий таъсирлари, маънавий-маърифий тарғибот ишларини самарали ташкил этишда давлат ва жамият органлари, маҳаллий ҳокимликлар олдида турган долзарб вазифалар, маънавият, унинг жамият тараққиёти ва инсон камолотидаги тутган ўрни ҳақидаги мазмунли суҳбатлардан баҳраманд бўлиб, жума намозларида, таълим муассасалари, маҳаллалардаги учрашувларда улардан фойдаланмоқдалар. Бу борада имом хатиблар билан суҳбатлашилганда: "Маънавият соатлари имомлар учун айни муддао бўлди. Ижтимоий-сиёсий масалаларни мутухассисдан ўрганишнинг гашти бошқача бўляпти. Биз ўзлаштираётган маълумотларни диний билимлар билан уйғунлаштирган ҳолда халққа етказишга ҳаракат қиляпмиз. “Маънавият соатлари” ҳали ўзининг кўплаб яхши натижаларини кўрсатади"- деган илиқ фикрларни эшитяпмиз.

Халқимизда "деҳқон бўлсанг шудгор қил, мулло бўлсанг такрор қил" деган ажойиб нақл бор. Боболаримиз айтган хар бир нақлда катта маъно ва мазмун бўлиб, кишиларни илм ва ҳунарга ундайди. Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 97-оятида шундай марҳамат қилади: "Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолда бирор эзгу иш қилса, бас, биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз!". Шундай экан ҳар биримиз яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб, жамиятимизда гўзал яшаш тартибини юзага келтиришга доимий ҳиссамизни қўшиб боришимиз лозим. Бу борада имом домлаларимиз ўрнак бўлиши, халқимизга маънавий озуқа бўлга эзгуликни, савоб ишларни тарғиб қилиши керак. Маънавият соатлари айни шу ишларни тарғиб қиладиган энг юксак тадбирдир.


Киритилган вақти: 06/04/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1707
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/manaviyat-yuksaklikka-chorlaydi
Чоп этилган вақт: 27/07/2021 10:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг