“МАФОТИҲ УЛ-ҒАЙБ”АСАРИДА БИЛГАНИГА АМАЛ ҚИЛМАГАН КИМСАНИНГ МИСОЛИ
Ислом оламида Имом Фахриддин Розий номи билан машҳур бўлган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Таймий Бакрий Эроннинг Рай шаҳрида ҳижрий 544 (мил 1149) йил туғилган. Насаби қурайш бўлиб, асли Табаристондан бўлса-да, Рай шаҳрида туғилгани учун шунга нисбат берилган. Алломани “Ибн Хатибур Рай” деб ҳам аташган. Дастлабки илмни отасидан ўрганиб, Рай ва Мароға шаҳридаги мадрасаларда таҳсил олади. Ўз даврида ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар соҳасида шуҳрат топади.
Фахриддин Розийнинг асарлари орасида Ислом оламида энг машҳур ва аҳамиятга молик бўлгани – “Мафотиҳул ғайб” тафсиридир. У ўз тафсирини ақлий фанлар ва ўз даврининг илмий ютуқлари билан бойитган. “Мафотиҳул ғайб” тафсири саккиз жилддан иборат бўлиб, Розий унинг бир қисминигина ёзган ва охиригача тугата олмаган. Розий вафотидан кейин шогирди Шайх Муҳаммад Заҳабий уни “Анбиё” сурасигача тафсир қилган. Кейинчалик, Шайх Хубий тафсирни мукаммал қилиш учун иш бошлаган, аммо, у ҳам охиригача етказа олмаган. Ниҳоят, Нажмиддин Кумилий “Мафотиҳул ғайб”ни охиригача етказган ва саккиз жилдлик китоб ҳолига келтирган.
“(Эй Муҳаммад!) оятларимизни келтирганимизда улардан чиқиб кетган (амал қилмаган) одамни шайтон (ўзига) эргаштириб олгани, натижада (у) адашганлардан бўлиб қолгани (ҳақидаги қисса)ни уларга ўқиб беринг! Агар хоҳлаганимизда, уни улар (оятлар) сабабли (мартабасини) кўтарган бўлур эдик. Лекин у ерга ҳирс қўйди ва (нафс) ҳавосига эргашди. Унинг мисоли гўё бир итдирки, унга ҳамла қилсанг ҳам, (тилини осилтириб) ҳансирайди, ўз ҳолига қўйсанг ҳам, ҳансирайверади. Бу ўша оятларимизни ёлғонга чиқарган қавм кишиларининг мисолидир. Бу қиссаларни (уларга) айтиб беринг, шояд тафаккур қилсалар!” (Аъроф сураси, 175-176 оят).
Мазкур икки оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида бир қанча ривоятлар бор. Жумладан, Ибн Масъуд, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Мужоҳид оятлар Балъам ибн Бауро ҳақида нозил бўлган, дейди. Яъни, унинг исмини Наъим ҳам деб дейишган. У Мусо алайҳиссалом замонида яшаган. Мусо алайҳиссалом Балъам яшайдиган шаҳарга юриш қилади. Чунки улар кофир кимсалар эди. Шунда улар Балъамдан Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмига қарши дуо қилишини сўрайди. Чунки, у дуоси қабул бўладиган кишилардан эди. Исми Аъзамни биларди. Балъам ундай қилишдан бош тортди. Аммо қавми уни ҳоли-жонига қўймай, манфур ишни қилишга ундашарди. Ниҳоят, у Мусо алайҳиссалом билан қавмига қарши дуо қилди. Дуоси қабул бўлгач, ҳазрат Мусо ва қавми поёнсиз чўлда қолиб кетди. Мусо алайҳиссалом: “Ё Парвардигор, нима учун бу ерда қолиб кетдик?” деб муножаат қилди. Парвардигордан: “Балъамнинг дуоси туфайли”, деган нидо бўлди. Мусо алайҳиссалом: “Унинг менга қарши дуосини қабул қилганинг каби, менинг ҳам унга қарши қиладиган дуойимни қабул айла”, деди ва Балъамдан Исми Аъзам илмининг тортиб олинишини сўради. Парвардигор Балъамдан илму маърифатини олиб қўйди. Илм унинг қалбидан худди оқ каптардек чиқиб кетди”.
“(Эй Муҳаммад!) оятларимизни келтирганимизда улардан чиқиб кетган (амал қилмаган) одамни шайтон (ўзига) эргаштириб олгани, натижада (у) адашганлардан бўлиб қолгани (ҳақидаги қисса)ни уларга ўқиб беринг!”.
Яъни, биз оятларимизни, тавҳид ва унинг далилларини баён этдик. Аммо у юз ўгириб, ўзини олиб қочди, узоқлашди. Бу оят Аллоҳ таолонинг ягоналигининг далилларини кўриб, англаб турса-да, иймон келтирмай, қайсарлик билан ўз куфрида давом этган кимсалар ҳақидадир.
“…Шайтон (ўзига) эргаштириб олган…” Яъни, шайтон уни кофир ва йўлдан озган кимсаларга эргаштириб қўйган.
Маъно аҳли бундай дейишган: “Бу оят ҳидоят топгач, залолатга, нафсининг истакларига эргашиб, дунёга мойил бўлган, шайтоннинг ўйинчоғи бўлиб қолган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам хусронга (зарарга) учрашига далилдир”.
“Агар хоҳлаганимизда, уни улар (оятлар) сабабли (мартабасини) кўтарган бўлур эдик”.
Олимларимиз мазкур оятни бундай тафсир қилишган: “Агар истаганимизда эди, бу оятлар билан уни амал қилиш мартабасига кўтарган бўлардик. Шу тариқа у солиҳ амаллари сабаб лойиқ мақомга кўтариларди”.
“Лекин у ерга ёпишиб олди”. Яъни, ердаги неъматларга берилиб, ўшаларга суянди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оятни: “У дунёга майл қилди”, деб тафсир қилган. Ибн Жубайр ва Суддий Мужоҳид раҳимаҳумуллоҳдан ривоят қилади: “Балъам ерни маскан тутди. Яъни, ундаги лаззатларга берилди”.
“Ва (нафс) ҳавосига эргашди”. Яъни, у Аллоҳ таоло ҳукмларига амал қилмай, ҳой-ҳавасига эргашди ва залолатга ботди. Бу оят илм аҳллари учун таҳдиддир. Аллоҳ таоло бир кишига илм берганидан кейин у ҳавойи нафсига эргашиб кетса, ит даражасига тушган ҳисобланади. Аллоҳ турфа неъматлар ато этган киши ҳидоятдан юз ўгириб, нафс етовига тушса, Аллоҳдан узоқлашади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимнинг илми кўпайгани ҳолда ҳидояти ортмаса, (бу билан) фақат Аллоҳдан узоқлашиши ортади”, деб огоҳлантирган.
“Унинг мисоли гўё бир итдирки, унга ҳамла қилсанг ҳам, (тилини осилтириб) ҳансирайди, ўз ҳолига қўйсанг ҳам, ҳансирайверади”. Яъни, ит хоҳ қувилсин, хоҳ ўз ҳолига ташлансин, бир маромда ҳансирайверади. Ибн Жарир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ит ҳайдалса ҳам, ҳайдалмаса ҳам, тилини осилтириб ҳансирайверади”. Қутайбий айтади: “Чарчоқ ва ташналикдан ҳар бир жон ҳансирайди. Фақат ит чарчаса-чарчамаса, ташна бўлса-бўлмаса ҳансирайверади. Аллоҳ таоло кимга динни ва илмни насиб этган бўлсаю, аммо у мол-мулк дардига тушиб, дунёга боғланиб қолса, ҳайвонларнинг энг тубанига, яъни тилини осилтириб, ҳансираб турадиган итга ўхшайди”.
Имом Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қуръон ўқиб, унга амал қилмайдиганларнинг мисоли ҳам худди шундай”.
“Бу қиссаларни (уларга) айтиб беринг, шояд тафаккур қилсалар!” Яъни, пайғамбарларини ёлғончига чиқарган миллатларнинг қиссаларини айтиб беринг, шояд улар бу қиссалардан ибрат олсалар[1].
Нурбек ХИДИРОВ,
Самарқанд вилояти Жомбой тумани “Кўк тунли бобо” жоме масжиди имом–хатиби
[1] Фахриддин Розий. “Мафотиҳул ғайб”; 15-жилд, 57-бет. Байрут. Дорул фикр нашриёти.
Манба:https://hidoyat.uz/40661
Киритилган вақти: 18/06/2020 10:26; Кўрилганлиги: 1069
Чоп этилган вақт: 18/04/2025 06:36