Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

МАБРУР ҲАЖНИНГ МУКОФОТИ ЖАННАТДУР

 
 

“Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг”..” (Бақара, 196)

Ҳаж ислом динининг бешинчи арконидир. У асосан, балоғат ёшига етган, оқил, соғлом, йўл ва бошқа сафар харажатларига қудрати етадиган мусулмонларгагина фарз қилинган.

Бу йилги ҳаж ибодати давомида юртдошларимиз Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада бўлишиб, динимизнинг бешинчи рукнини ниҳоятда яхши шароитларда адо этиб, гўзал юртимизга гўзал ва бой таассуротлар билан қайтишди. Каъбани тавоф этиш, пайғамбар алайҳиссалом равзаларини зиёрат қилиш мўмин учун улкан бахтдир.

Ҳукуматимиз томонидан фуқароларимизга яратилаётган кенг имконият ва шароитлар боис, минглаб юртдошларимиз ана шундай бахтга эришиб, ҳожи деган муборак номга сазовор бўлдилар.

Мустақиллик шарофати билан заминдошларимиз барча шарт-шароитлар яратилган ҳолда ҳаж сафарига бориб, зиммаларидаги фарзларини адо этиб келмоқдалар. Собиқ мустабид тузуми даврида узоқ йиллар давомида диёримиз мусулмонларининг бу йўлдаги орзу-умидлари саробга айланиб, бу дунёдан армон билан ўтдилар.

Ҳаж мусулмонлар учун руҳий озуқадир. Буни ҳожиларимиз ҳаж зиёратларида кўрдилар. Шу билан биргаликда, миллатлараро ҳамдўстликнинг энг олий даражасидаги намунасига ҳам гувоҳ бўлдилар. Турли миллат ва элатларга мансуб кишилар бир хил либосда елкама-елка туриб, ибодат қилдилар. Чунки уларнинг қалби ёлғиз Яратганга тавба-тазарру қилиш, эзгу дуолар қилиш билан машғул бўлади.

Дарҳақиқат, дунёнинг турли томонларидан кишилар қалбларида фақат пок ва эзгу ниятлар билан ҳаж амалларини астойдил адо этиш ҳамда яратган Роббисининг розилигини олишни, жисмонан ва руҳан покланишни истайдилар.

Бу ҳақда Расулуллоҳ ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар: “Кимки ҳаж қилса-ю, ёмон сўзламаса, фисқу фужур қилмаса, гўёки онадан янги туғилган чақалоқ сингари гуноҳдан фориғ бўлиб қайтади”.

Каъбаи мушаррафа ер аҳлининг қибласи ҳисобланади. Бу улуғ байтуллоҳнинг асосини пайғамбарларнинг отаси Иброҳим алайҳиссалом кўтардилар. “Саҳиҳ ҳадислар” тўпламида Пайғамбар алайҳиссалом зам-зам суви ҳақида: “У баракалидир.У тўйдирувчи таомдир”, дейдилар. Жобир (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса “Зам-зам суви нима учун ичилса, шунга бўлади”, -дейилади.

Ҳожиларимиз Каъбаи муаззамани тавоф этаётганларида муборак зам-зам сувларидан ичиб, дуо қилганлрида Арофат, Мино, Муздалифа тоғларида дуо қилганларида ҳам Ватанимиз равнақи, эл тинчиги, халқимиз фаровонлиги, оилаларимиз тинчлигини сўраб, илтижода бўлдилар.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳаж улуғ ибодат. Унинг мукофоти жаннатдур. Расулуллоҳ алайҳиссалом “Бирор бир гуноҳ аралашмай, тўла-тўкис бажарилган ҳажининг мукофоти жаннатдур”, деганлар.

Аллоҳ ҳаж қилувчиларнинг ҳажини ва савобли амалларини ҳамда эзгу дуоларини қабул айласин!


Киритилган вақти: 26/09/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2988
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/mabrur-hajning-mukofoti-jannatdur
Чоп этилган вақт: 24/04/2024 03:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг