Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Кийиниш маданияти

 
 

Тарихий манбалардан яхши маълумки, IX-XII асрлар Мовароуннаҳрда илм­фан ва маданият, айниқса, исломий илмлар тараққий топган. Бинобарин, бу минтақадаги Суғд, Хоразм, Уструшона, Фарғона ва Шош каби воҳа ва Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Хива, Шош каби қадимий шаҳарлар ислом дунёсидаги илм­фан ва маданият марказлари сифатида машҳур бўлган.

 “Суғд”  сўзининг  бир маъноси сернам,  унумдор  ер  деб  тушунилади. Бунга ҳозирга қадар пастлик, сув йиғиладиган ер “Суғд” , Суғут” деб аталишини далил қилиб кўрсатилади. Суғд мамлакати пойтахти Самарқанд, 645-654 йилларда Кеш бўлиб, у 3 та тарихий географик ҳудудни бирлаштирган. Самарқанд Суғди, Бухоро Суғди ва Кеш – Нахшаб Суғди. Ҳар 3 қисм ўзаро табиий чегарага ҳам эга эди: Зарафшон тоғ тизмалари Самарқанд ва Кеш – Нахшаб ўртасини Карманадан кейин Малик чўли Бухоро ва Самарқанд Суғдини ажратиб турган.[1] Суғднинг Дарахтлари кўплигидан куёш нури ҳам унинг аксар ерларига тушмаган. Унинг табиати жуда гўзал ва ҳавоси жуда боҳаво бўлган.Самарқанд ва Бухоро орасида Сўғднинг 12 рустоқи ва 4 та шаҳри бўлган. Жуда гўзал воҳа ҳисобланган.[2]

Қадимдан Ғарб билан Шарқни боғловчи Буюк ипак йўлининг марказий тармоқлари Суғд воҳаси орқали ўтган. Натижада Суғд халқаро савдо муносабатларида муҳим ўрин тута бошлаган. Буюк ипак йўли бўйлаб Суғд савдогарларининг қишлоқлари, шаҳарларида эса уларнинг маҳаллалари пайдо бўлиб, [3] Суғд тили шаклланган ва кўп йиллар халқаро тил ролини ўйнаган.

Манбалардан маълум бўлиб турибдики Суғд воҳаси ҳам қадимдан қатта ҳудудни эгаллаган. Бу ҳудудда туғилиб фаолият кўрсатган кўплаб буюк зотлар, олимлар “Суғдий” нисбаси билан дунёга танилган. Улар жаҳон тараққиёти, илм-фаннинг ривожи ва унинг такомиллашувига ўзининг улкан ҳиссаларини қўшган.

Суғдий нисбаси билан танилган алломалардан бири Абу Бакр Розмазий Суғдий бўлиб, у Суғдга қарашлиРозмаз тишлоғида туғилган. Алломанинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Жобир ибн Қарқон Розмазий Суғдийдир. Аксар манбаларда алломани Абу Бакр Розмазий деб келтирган. Абу Бакр Розмазий ҳадисларни Ҳасан ибн Соҳиб Шоший, Абу Наъим Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Адий Астарбозий ва Зоҳир ибн Абдуллоҳ ибн Хусайб Суғдий каби бир қанча муҳаддислардан ривоят қилган. Ўз навбатида Абу Бакр Розмазийдан эса ўз даврининг билимли етук алломалари бўлмиш ҳофиз Абу Саъд ибн Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Идрисий ва Абу Ҳафс Умар ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Шоҳинийлар ҳам ҳадис тинглаган ва ривоят қилган.

Манбаларда Абу Бакр Розмазийни 377/987 ёки 379/989 йилда вафот этганлиги қайд этилган[4].

Суғдий алломалардан яна бири Абулаббос Аҳмад Бужайрий Суғдий бўлиб, унинг тўлиқ исми Абулаббос Аҳмад ибн Абулҳасан Муҳаммад ибн Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Хозим Суғдий Хушуфағонийдир. У халқ орасида Аҳмад Бужайрий ва Аҳмад Хушуфағоний номлари билан машҳур бўлган. Чунки Хушуфаған қишлоғи Суғд ҳудудидаги қишлоқ бўлган. Аҳмад Бужайрий бошланғич илмини туғилиб ўсган қишлоғи Хушуфағонда бобоси Абу Ҳафс Бужайрийдан олган. Манбаларда келтиришича Абу Ҳафс Бужайрийнинг “ал-жомиъ ас-Саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) ва “Китобу-с-сафина” (“Кема китоби”) номли китоблар тасниф этган. Аҳмад Бужайрий эса бобосидан ушбу икки китоби бўйича таълим олган ва уларни тўлиқ ўзлаштирган.[5] Кейинчалик Аҳмад Бужайрий кўплаб ўз даврининг йирик муҳаддисларидан ҳадис тинглаган ва ёзиб олганлиги боис у ўз даврининг таниқли ровийларидан бири бўлиб улғаяди. Ўз навбатида ундан ҳам бир қанча илми толиблар ҳадис ривоят қилган. Аҳмад Бужайрий ҳижрий 372йилнинг рабиъу-л-аввал (милодий 982 йил август ёки сентябрь) ойида вафот этган[6].

Суғдий алломалардан яна бири Абу Назр Соғаржий Сўғдийдир. Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Ҳотам ибн Саъид Соғаржий Сўғдий бўлиб, Абу Назр эса унинг кунясидир. Абу Назр Соғаржий даслабки таҳсилни отаси Ҳотам ибн Саъиддан олганлиги боис у асосан ҳадисларни отасидан ва ўша даврнинг бир қанча алломалардан ривоят қилган. Ўз навбатида Абу Назр Соғаржийдан эса Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Иброҳим Мусталамий каби аломалар ҳадис ўрганган ва ривоят қилган[7].

Суғдий алломалардан яна бири Али Сўғдий бўлиб, унинг тўлиқ исми Али ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад Сўғдий – Бухорода яшаган. Ҳанафий фақиҳ, фозил имом ва мунозир бўлган. Бухорода вафот этган. Али Сўғдий бир қанча китоблар тасниф қилган. “ан-Нутаф фи-л-фатово” (“Турфа фатволар”), “Шарҳу китоби-л-хисоф фи адаби-л-қозий ала мазҳаби би Ҳанифа” (“Абу Ҳанифа мазҳабида қози одоблари жамланган китоб шарҳи”), “Шарҳд-л-жомиъ ал-кабийр ли-ш-Шайбоний фи фуруъи-л-фиқҳи-л-ҳанафий” (“Ҳанафий   фуруъ   ал­фиқҳи ҳақидаги Шайбонийнинг “ал-Жомиъ ал-кабийр” асарига шарҳ”) каби асарлар шулар жумласидандир.[8]

Суғдий алломалардан яна бири Соъид Сўғдий бўлиб, унинг тўлиқ исми Соъид ибн Муҳаммад Сўғдий Туркистонийдир. У риёзиёт илмини билимдони бўлиб, “ар-Рисолат ал-илоият ал-ҳисобия” (“Ҳисоб-китобга оид Алоуддинга бағишланган рисола”) номли китоб тасниф этган. Соъид Сўғдий бу асарни 712/1312 йилда Алоуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Ғазнавий Вазирга бағишлаб ёзган.

Бундан ташқари Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад ўзининг “Ўрта Осиё олимлари қомуси” номли китоида Айюб ибн Сулаймон ибн Довуд Сўғдий (в. 887 й) Абу Яъқуб Исҳоқ ибн Ҳисон ибн Қуҳий Сўғдий, Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Мансур Сўғдий, Абу Абдуллоҳ Ғуврак ибн Ҳазрам Сўғдий Қорий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Айюб Сўғдий, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Сакан Сўғдий, Абу Муҳаммад Абдулжалил ибн Собит Сўғдий, Абулаъло Комил ибн Мукаррам ибн Муҳаммад ибн Умар ибн Вардон Тамимий Сўғдий каби алломаларнинг номларини келтириб ўтган. [9]

Суғдий алломаларнинг ҳаёти, фаолияти илмий­маънавий меросини ҳар томонлама чуқур тадқиқ қилиш Суғд воҳаси тарихини ўрганиш билан бир қаторда, энг муҳими, Суғдий алломаларнинг илм-фан ривожида тутган ўринларини аниқлашга хизмат қилади.

 

                                                                                         Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби Нодир Қобилов


Киритилган вақти: 18/09/2019 14:50;   Кўрилганлиги: 1256
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/kiyinish-madaniyati
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 17:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг