Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

КИШИЛАРГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ ИНСОНИЙ БУРЧИМИЗДИР

 
 

Ватанимизда олиб борилаётган одилона сиёсат инсонларнинг манфаати учун, тинч-хотиржам яшаш, илм олиб, келажак сари илдам қадам ташлаш, бир-бирларига бўлган меҳр-муҳаббатининг ошишига қаратилгандир. Зеро, инсон онгли мавжудод бўлиб, бутун борлиқнинг гавҳаридир.

Ислом дини ер юзида ўзининг адолатли кўрсатмалари билан инсонларни тўғриликка, одоб-ахлоқли бўлишга ундайди. Бақара сурасининг 29 оятида Аллоҳ таоло бандаларига шундай марҳамат қилади: “У шундай зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсаларни яратди*. Сўнгра само сари «турди-да», уни етти (қават) осмондан иборат қилиб қўйди. У барча нарсани билувчи (доно)дир.” Билдикки, ердаги барча нарса инсон учун яратилган экан. Биз инсон бўлиб туғилганимиздан мамнун бўлиб, бир-биримизни қутлашимиз ва ҳеч қачон бир-биримизга нисбатан ёмонликлар қилмаслигимиз керак. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадиси шарифларида: “Сизлардан ҳеч бирингиз токи ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа биродарига ҳам яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлаолмайди”, деб марҳамат қилганлар. (Бухорий ривояти).

Шундай экан, бу ўткинчи дунёда, фитналарга алданмасдан, бойликларга берилиб, кибр отига минмасдан инсонийлик фазилатларидан фойдаланиб, бир-биримизга ҳамиша кўмак бериб, қўллаб-қувватлаб яшамоғимиз лозим. Яна бошқа ҳадиси шарифда: “Мўмин-мусулмон одам атрофидагилар билан улфат тутунади ва улар ҳам буни ўзларига улфат қиладилар. Одамлар уни дўст тутмайдиган ва у ҳам одамларни дўст тутмайдиган кимсада ҳеч қандай яхшилик йўқ”, деб айтилган. Доно халқимиз бекорга “Одамни заҳрини одам олади”, деб айтмаганлар. Инсон ёлғиз яшаши жуда ҳам оғир дарддир. Чунки инсон инсонлар билан бирга яшайдиган қилиб яратилган. Шундай экан ҳеч қачон ёлғизликни ҳавас қилмасдан, элу халқ билан, улар дарди билан яшашлик керак. Бу дунё ўткинчи синов дунёсидир. Дўстлар даврасида яшмоқ энг олий бахт, кимки бировга яхшилик қилса, аввало ўзига яхшилик қилган бўлади. Зеро бу дунёдаги ҳар бир эзгу иш у дунёда катта мукофотга айланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминнинг ойнаси”, деб айтганлар. Ойна қанчалик тиниқ бўлса, шунчалик равон тасвирни кўрамиз. Қалбимиз илм нури билан мунаввар бўлса, фикр-ўйимиз инсонларга яхшилик қилиш бўлади.

Аллоҳ таоло ҳар биримизни бу дунёда ўзгаларга манфаат етказадиган инсонлардан қилсин.


Киритилган вақти: 31/10/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2887
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/kishilarga-yaxshilik-qilish-insoniy--burchimizdir
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 10:54
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг