Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ким шайтоннинг биродари?!

 
 

Президентимиз ташаббуслари сабаб юртимизда жадал олиб борилаётган ислоҳотлар ҳеч бир соҳани четлаб ўтаётгани йўқ. Шу жумладан тўйу маросимларни ҳам. Аслини олганда тўй бу бир эҳсон бўлиб, унинг ўзига яраша бир неча қонун-қоидалари бор. Аввало эҳсон кишининг ўз имкониятлари доирасида бўлмоғи даркор. Яъни қарз кўтариб қилинмайди. Ҳозирги кўплаб тўйлар ёру – биродарларнинг “холис” ёрдамлари билан ўтказилмоқда. Бу ёрдамлар “темир” дафтарда қарз ўлароқ қайд этилган бўлиб, кези келганда ўша “ёрдам”ни ўз вақтида қайтармаслик ҳар қандай қариндошчилик, дўсту – ёрликни узиши ва бузиши мумкин бўлиб, бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Муқаддас динимиз инсонга ҳеч бир соҳада машаққатни юкламаган. Чунончи сураи Бақаранинг охирги оятида Аллоҳ таоло “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди” деб марҳамат қилган. Демак, динимиз мусулмон шахсга хоҳ у ибодат масаласида бўлсин, хоҳ у муомалат масаласида бўлсин унинг имконият доирасини инобатга олиб вазифалар юклаган. Шу билан бирга бу вазифалар унинг имконият доирасининг чегараларигача етиб бормайди. Бунга мисол тариқасида кўп ҳолда мусулмон кишида беш вақт намоздан ташқари кўплаб нафл намозлар ўқиш, бир ой Рамазон рўзасидан ташқари кўплаб нафл рўзалар тутиш имкони мавжуд бўлади. Шундоқ бўлса ҳам унга бир кеча кундузда беш вақт намоз, бир йилда Рамазон ойи рўзасинингина фарз қилинганини келтириш мумкин. Биздаги ҳол эса тўйу маросимлар масаласида динимиз таълимотига мувофиқ келмаётир. Яъни тўй қилиш бир машаққат бўлса, қарз узиш яна бар машаққатдир.

Эҳсоннинг шартларидан яна бири исроф қилмасликдир. Биз юқорида имкон доираси ҳақида сўз юритдик. Бу дегани барча имкониятни ишга солиб исроф қилиш дегани эмас, албатта. Мусулмон кишиси исроф ҳам қилмайди, хасислик ҳам қилмайди, балки ўртача йўл тутади. Бу айни шариат талабидир. Исроф бу моддий жиноят бўлиб, ўзининг ҳақиқий эгаларига ёки ўринларига етиб бормаган молдир. Бу эса ўз ўрнида маънавий жиноятларнинг энг хатарлиларидан бири бўлмиш риё билан қоришиб кетиши ҳаётий мисолларда ўз ифодасини топган ҳақиқатдир. Бу илллатлар фақатгина тўйларимиздагина бўлмай балки барча турдаги маросимларимизни қамраб олган десак муболаға бўлмайди. Аслини олганда биздаги маросимларнинг базилари бидъат ва хурофотдан бошқа нарса эмас. Улар учун сарф қилинган вақт, заковат ва мол зое кетади холос. Савоб ҳақида умид ҳам қилиб бўлмайди. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Молни зое қилишингизда Аллоҳ сиздан рози бўлмайди” деб марҳамат қилганлар. Аллоҳ рози бўлмаган амалга қўл уришлик оқибати ҳасратдир, надомадтир!.

Зикр қилинган машаққат, исроф ва риёкорликнинг олдини олиш учун қатъий чора тадбирлар ишлаб чиқиш айни чоғда динимиз ва воқеъилик тақозосидир. Аллоҳ ўз каломида “Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг” (Исро 26) деб ўз ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломга қатъий амр қилган. Оятдаги исроф деб тафсир қилинган “табзир” калимасидан молни ўз ўрнида ишлатмай, ножоиз ишлар ва ноўрин жойларга сарфлаб юбориб исроф қилиш тушунилади. Шу суранинг 27 – оятида Аллоҳ таоло исрофгарларни шайтонни биродарлари деб эълон қилган. Бундан англашиладики, исрофгарчиликни олдини олишда муайян талаб ва мажбуриятларни тадбиқ қилиш лозим бўлиб, сўзнинг ўзи билан натижага тўлақонли эришиб бўлмайди экан. Белгиланган тартиб жорий қилиниши Президентимиз Шавкат Мирзиёев такидланларидек, тўй қиламан, марака қиламан деб порахўрлик, тамагирлик каби жиноятларга қўл уришнинг олдини олади. Шунда ота – оналар фарзандларини қаровсиз ташлаб чет элларга кетиб, тирик етим қилмайдилар. Эрлар ўз оилаларини қолдириб кетиб фироқда юрмайдилар, рафиқаларини тирик бева қилмайдилар. Ажримлар камаяди, фитналар камаяди.

Инсон бебаҳо ва бебақо умрини тўйу маросим ва иморат қуришгагина сарфламасдан балки олий мақсадлар сари йўналтирмоғи, уни икки дунё саодати сари етаклайди иншааллоҳ.


Киритилган вақти: 08/05/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1947
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/kim-shaytonning-birodari
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 13:40
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг