Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Келажаги порлоқ юрт

 
 

Шуни мамнуният билан айта оламизки бугунги кунда биз ўз олдимизга эзгу ва улуғ мақсадларни қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечиряпмиз. Авваламбор, ўз куч ва имкониятларимизга таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган жаннатмакон мамлакатда яшамоқдамиз. Мустақил Ўзбекистонимиз жаҳонга юз тутиб, гуллаб яшнамоқда. Мамлакатимиз ривожланишининг бир нечта жабҳалари қаторида ислом маърифатининг ривожи, шу билан бир қаторда, мусулмонларнинг диний ибодат ва маросимларини адо этишлари учун ҳам қулай шароитлар парпо этилди. Қуръони Карим тўрт марта ўзбек тилида чоп этилди. Мутахассис кадрлар тайёрланиб, диний ўқув юртлари фаолият кўрсата бошлади. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг ташаббуси билан 1999 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети ташкил қилинди. Мустақилликкача 83 та масжид фаолияти кўрсатган бўлса, ҳозирга келиб 2200 дан зиёд масжидлар фаолият олиб бормоқда.

Минг афсуски, бундай чирой очиб бораётган, ривожланган давлатлар қаторида ўзига хос нуфузига эга бўлаётган, виждон эркинлигига кенг имкониятлар яратилган мустақил юртимизни кўра олмайдиган кучлар ҳам пайдо бўла бошлади. 90-йилларнинг бошида масжидларда махсус диний таълимга эга бўлмаган шахсларнинг раҳбарлик қилиши, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний таълим берувчилар пайдо бўлди. Улар турли жиноятларга ҳам қўл уришди. 1997 йил ноябрда Андижонда авлиёлар қабри топталди, декабр ойида Наманганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вакилларига суиқасдлар уюштирилди. «Ҳизбут-таҳрир», «Акромийлар», «Ваҳҳобийлар» каби атамалар остида турли хил оқимлар пайдо бўлди, уларнинг мақсадлари ҳокимият тепасига чиқиш эди. Тинчлигимизни кўра олмайдиган гуруҳ ва кучлар ўз ғаразли, бузғунчи ғояларини исломнинг мазмун-моҳиятини яхши тушунмайдиган ўзимизнинг мусулмонлар орқали амалга оширишга ҳаракат қилишди. Шу тариқа, дин ниқобидаги бир гуруҳ оқимлар четдан бизнинг мамлакатимизга кириб келиб, Ўзбекистоннинг мустақиллигига, тинчлигига таҳдид солувчи катта муаммога айланди.

Ислом ниқобидаги экстремизм — диний фирқалар ёки айрим диндорлар томонидан жамиятда қабул қилинган қонун-қоидаларга зид бўлган ғояларни тарғиб қилиш ва шундай ғояларга мос келмайдиган фаолият олиб боришни англатади. Бу гуруҳ ўзининг икки хусусияти билан ажралиб туради. Биринчиси, улар ақидасига кўра, ислом ўзини исломийлик тусини йўқотган, деган жоҳил қарашларига таяниб қонуний ҳукуматларни ва улар олиб бораётган сиёсатни танқид қилиш учун «асос» бўлиб хизмат қилади. Иккинчи хусусияти, улар ўзлари яратган «исломий тартиб»ни ўрнатиш учун кескин ва агрессив ҳаракат қилиш зарур деб ҳисоблайдилар.

Ислом ниқобидаги терроризм эса одамларни қўрқитиб, жамиятда қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш билан хавф ва даҳшат туғдиришни англатади. Террорчилик ҳар доим диний ва инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва ахлоқий фазилатларга қарши қаратилгани учун энг оғир ва ваҳшиёна жиноят ҳисобланиб келган. Энг ачинарлиси, бундай ғоялар таъсирига ёшларнинг жалб этилиши ташвишланарли ҳолдир. Ёшлар онгига экстремизм, терроризм ғояларини сингдиришнинг олдини олиб, уларнинг онгини бундай зарарли иллатлардан муҳофаза қилиб, антитеррористик усуллар ишлаб чиқиш диний ходимларнинг ҳам долзарб вазифасига айланиб бормоқда. Ушбу мақсадни кўзлаган ҳолда 2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасининг «Террорзмга қарши кураш тўғрисида»ги қонуни (167-II-сон) қабул қилинди. Унинг 5-моддаси «Террорчилик фаолиятининг олдини олиш» деб номланган ва қуйидаги жумлалар мавжуд: «Террорчилик фаолиятининг олдини олиш давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа профилактик чоралар мажмуини ўтказиш орқали амалга оширилади». Қонуннинг 6-моддасида эса «давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек фуқаролар терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашадилар ва зарур ёрдам берадилар» дея белгиланган. «фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари» деганда биз диний муассасаларни ҳам кўзда тутишимиз лозим. Демак, бундан террорчилик фаолиятининг олдини олиш ўқув юртларда, диний муассасаларда, масжидларда жума намозларида профилактик чоралар мажмуини амалга ошириш орқали ҳам амалга оширилиши лозимлигини англамоғимиз лозимдир.

Таълим-тарбия узлуксиз жараён бўлиб, инсон дунёга келишидан тортиб, то умрининг охиригача давом этиб боради. Бу жараён давомида атроф-муҳитдаги воқеа-ҳодисаларнинг шахсга салбий ёки ижобий таъсир этиши унинг инсоний фазилатлари қай даражада шаклланганлигини белгилайди. Бугунги кунда диний муассасалар олдида турган энг долзарб муаммолардан бири шу мақсадга қаратилган бўлиб, келажак авлодни комил шахс сифатида шаклланишини таъминлашдан иборат. Энг нозик балоғат даврида бола академик лицей ва коллежга ўқишга келади. Ана шу пайтда ёш навниҳол болани онгидаги дунёқарашни нимага ёки қайси жиҳатга мойиллигини аниқлаб, шу мойилликни муайян мақсад йўлида сайқаллаштириб, уйғунлаштириб, ривожлантириш биз диний ходимларнинг асосий вазифамиз ҳисобланади. Бироқ, баъзан ёшларда мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш усулларини самарали қўлламаслик оқибатида боланинг кўнглига йўл топа олмаймиз. Бу эса ёшларнинг онгида ғоявий бўшлиқ пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.Бу ҳолатдан ҳар хил ёмон ниятли кишилар, ғараз мақсадларини амалга оширишда фойдаланишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Шундай пайтда биз ёшларнинг онгида ғоявий бўшлиқнинг олдини олишнинг тарбиявий жиҳатларини яратишимиз лозим. Ушбу жараёнда ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида малакали диний ходимларнинг ўқувчи ёшлар ва талабалар билан учрашувлари, уларга мусаффо ислом динининг асл моҳиятини тушунтириш, ўқувчи ёшларнинг диний қарашларини илмий, диний, ахлоқий томондан асослаб, жангари, бузғунчи-терористик ғояга эмас, жамият тараққиётини белгиловчи бунёдкор ғояга йўналтиришга эришмоғимиз зарур.

Юртимиз раҳбари 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилишининг замирида юртимиздаги барча соҳа вакиллари қатори диний ходимларнинг ҳам халқ билан мулоқотлари, айниқса ўсиб келаётган ёш авлод билан учрашувлари жараёнида ислом ниқобидаги экстремизм ва терроризмнинг аҳоли ва ўқувчи-ёшлар маданиятига салбий таъсирини олдини олиш, миллий ғоя ва қадриятларимиз нуқтаи назаридан масалани ёрқин баён қилиб бериш муҳим аҳамият касб этади


Киритилган вақти: 10/03/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 3002
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/kelajagi-porloq-yurt
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 11:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг