КЕЧИРИМЛИЛИК – МЎМИНГА ХОС
Барчамизга яхши маълумки, инсон зотига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ сифат ва фазилатлардан бири – бу кечиримли бўлишдир. Аллоҳ таоло инсонларнинг ташқи кўринишини гўзал ва ҳушбичим қилиб яратган. Агар инсон сийрати ва ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у инсон мукаммаллик даражасига етиши мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрган. Жумладан:
“Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун сураси 14-оят).
Демак, киши биродарини кечириши билан Аллоҳ таоло ҳам унинг гуноҳини кечирар экан.
Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзларида мужассам қилган Зот – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилатида ҳам энг гўзал намуна эдилар.
Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Демак, кечиримли бўлиш ва ғазабини ютишда барчаларимиз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишимиз керак бўлади.
Киши ғазабини ютиб, биродарини кечирса, унга жаннатда ҳури ийнлар ваъда қилинган.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Кимки қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни чақириб, бутун халойиқ олдида шаҳло кўзли ҳурлардан хоҳлаганича олишга ихтиёр беради” (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).
Одамларнинг хато ва камчиликларини кечириш – ғазабни ютишнинг давомидир. Яъни, ҳақиқий тақводор фақатгина ғазабини ютмайди, балки ана шу ғазабини қўзғаган одамдан ўч олишга кучи етса ҳам, уни кечиради.
Кечиримли бўлиш улкан савоб ва жаннатга кириш учун сабабдир.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
яъни: “Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: "Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингизни ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлидир"” (Имом Ибн Мурдавайҳ ривоятлари).
Динимизда ёмонликка доимо яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб билмай айб-нуқсон ва хато-камчиликларни қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз – инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир.
Маълумки, Уҳуд жангида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олд тишлари синиб, юзлари қонга беланди, бу ҳолат асҳобларига жуда оғир ботди. Ҳатто айримлари: “Уларни дуойи бад қилсангиз-чи?” дейишгача борди.
Шунда У Зот: “Мени Аллоҳ таоло лаънатловчи ва таъна қилувчи қилиб юбормади, балки яхшиликка чақирувчи ва оламларга раҳмат қилиб юборган. Эй Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Муқаддас ислом динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки кечиримли бўлишда инсонлар учун кўп манфаатлар бор. Аввало, кечирган инсон ўзини енгил тортиб, Аллоҳдан бўладиган ажрга лойиқ бўлса, кечирилган инсон эса кечиргувчига нисбатан бўлган адовати кетиб, қалбида унга нисбатан илиқлик ва меҳр пайдо бўлади.
Жасур Хушбақов Булунғур тумани “Бешариқ чангал” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 01/04/2020 13:11; Кўрилганлиги: 1538
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 12:47