Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ЖАНОЗАДА БИДЪАТ БОРМИ?

 
 

Аллоҳ таоло биз бандаларини бу синов дунёда яратиб, ҳаётимиз давомида шод хуррамлик кунларни ва баъзида мусибат, машаққатларни бериб синайди. Мўмин банда бу икки ҳолатда ҳам савоб олади, чунки у яхшилик етганда шукур қилади, мусибат етганда сабр қилади. Пок динимизда мўмин инсонни ҳар иккала ҳолатда ҳам савоб олиши учун ўзини қандай тутиши кўрсатиб берилган. Афсуски, кўпчилигимиз етарли илмимиз йўқлиги туфайли ана шу савоблардан бебаҳра қоламиз. Ҳаттоки савоб иш қиламиз деб умуман динимизда йўқ бидъатларни қилиб гуноҳкор ҳам бўлиб қоламиз. Келинг ҳамманинг бошида бор ўлим, жанозада қиладиган ишларимизни бир кўриб чиқайлик.

Аллоҳ таоло бандасини ҳеч қачон қийинчиликка буюрмайди. Лекин бандалари ўзлари ўзларини қийинчиликка солади. Мўмин банда мусибат етганда биринчи қиладиган иши сабрдир. Қуръони каримда: “Мусибат етганда "Инна лиллаҳи ва Инна илайҳи рожиъун" (яъни "Албатта биз Аллоҳнинг бандасимиз ва албатта биз Унга қайтамиз") деган бандаларимга хушхабар беринг ана ўшаларга Роббилари томонидан саловат ва раҳмат бордир” (Бақара, 155-157 оятлар) дейилган.

Демак, мусибат етган заҳотиёқ жазавага тушмай, юз тирнаб ёқа йиртмай, ҳар хил дод фарёду, ножоиз сўзларни айтмай, юқоридаги оятдаги истиржоъни айтишимиз керак. Шу ўринда баъзи тушунмаган одамлар жанозада умуман йиғлаб бўлмайди, деган гапларни айтишларини ёдга олайлик. Бу ҳам тўғри эмас. Чунки, инсон ўзининг яқини, меҳрибон кишисидан айрилгандан кейин қалби эзилади, кўзидан ёш оқади. Бу жараён эса инсон ихтиёрида бўлмаган бир ҳолат бўлиб, у  раҳм-шавқат деб аталади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари Иброҳим дунёдан ўтганда муборак кўзларидан ёш оқди. Шунда саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, сиз бизларни йиғлашдан қайтаргандингиз, бу қандай ҳолат? деганларида Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларни жазавага тушиб, дод фарёд қилишдан қайтарганман, албатта қалб маҳзун бўлади, кўз ёш тўкади, бу Аллоҳнинг раҳм-шавқатидир” дедилар. Кўп амаллар борки уларнинг асли динимизга зид, бидъат амаллардир.

Шулардан ўзим кўрган ва билганларимни қиска келтириб ўтаман.

1) Эркаклар ҳовли суффасига чиқиб навбати билан дод солиб йиғлаши;

2) Аёлларнинг уввос солиб бақириб йиғлашлари;

3) Чоршанба куни ўлган инсон учун бир мевали дарахтни кесиш;

4) Ўликни эшик қолиб деразадан чиқариш;

5) Ўликни тобутга солишдан олдин тобутни кўтариб, қимирлатиб силкитиб туриш;

6) Ўликни тобутга солгандан кейин уч марта ерга қўйиб кўтариб олиш;

7) Тобутни олдига тушиб олиб, йиғлаб, фарёд қилиб бориш;

8) Ўлик чиққандан сўнг орқасидан сув сепиш;

9) Ўликни ювган ғассолнинг ортидан тош отиш;

10) Аёлларни ўликни ортидан кўчага чиқиб бақириб қолишлари;

11) Маййитни қабрга қўйганда кафанни ямлайди, деган эътиқод билан ҳатто аёлларни ҳам, юзини кўксигача очиб қўйиш.

12) Маййитни кўмиб келгач яна овоз чиқариб бақириш;

13) Сағир етим болалари қолган бўлса ҳам “худойи” деб уларни ҳаққидан маракалар қилиш.

14) 20-40-51 кунларда хослаб ош дамлаб одамларга едириш.

15) Бир йил ўтгач йил оши қилиш.

Ҳозир биз жанозага оид бидъат амалларнинг барчасини зикр қилаолмадик. Ёдимизга келгани ва биз яшаб турган ҳудудларда урф бўлганларинигина санаб ўтдик. Ҳар жойнинг ўзига яраша бидъатлари борки эшитиб ҳайрон қоламиз. Нима бўлганда ҳам етган мусибатда савоб олиш ва марҳумга ҳам фойдаси бўлиши учун шариъатимизда кўрсатилган амалларни қилишимиз керак. Қайси амал тўғри, шариъатга мос эканлигини билишга қийналган киши ҳар кимдан эмас, балки уламолардан сўраб ўрганиши зарур, зеро Аллоҳ таоло “Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранг” (Наҳл сураси 43-ояти) дея марҳамат қилган.

Сайдилло РЎЗИЕВ – Каттақўрғон шаҳар “Қориравот” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 19/12/2019 12:58;   Кўрилганлиги: 1242
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/janozada-bidat-bormi
Чоп этилган вақт: 29/04/2024 14:25
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг