Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИСТИҚЛОЛ БЕРГАН УЛУҒ ВА АЗИЗ НЕЪМАТЛАР

 
 

Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган жаннатмакон юрт бўлмиш, Ўзбекистон бебаҳо маскан.

Юртбошимизнинг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Бу ҳужжат олдинги йилларда Мустақиллик байрамига бағишлаб қабул қилинган қарорлардан бир ярим ойча олдин имзоланди. 25 йил йирик сана. Мустақиллигимиз чорак асрлик, ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлни босиб ўтди.

Бу йилги байрам: "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури асосида амалга оширилади.

Даврлар ўтгани сари мустақиллигимиз тарихини ўрганиш, бу улуғ неъматга қандай эришганимиз моҳиятига етиш, истиқлолимиз қадрини чуқур англашнинг аҳамияти тобора ортиб бораверади. Ўтган чорак аср мобайнида биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни ўйласак, аввало, ҳаёлан: "Ким эдигу ким бўлдик?" деган ҳаётий саволга жавоб излаймиз. Аммо, кўнгил бунинг ўзи билангина таскин топмайди. Чунки, табиий равишда: "Эртага қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?" деб ҳам ўйлай бошлаймиз. Бу эса, катта умидворлик билан олдимизга: "Энг тараққий топган давлатлар қаторига кириш борасида қандай устувор вазифаларни белгилаб олишимиз керак?" деган саволни қўйиш имконини ҳам беради.

Яратганнинг инояти ҳамда юртбошимизнинг жонкуярликлари туфайли ота-боболаримиз (Фитрат, Чўлпон, А.Қодирий, Усмон Носир кабилар) орзу қилиб, қалбларда армон бўлиб қолган истиқлол, озодлик, ибодатларни эмин-эркин адо этаётганимиз, минглаб фуқароларимиз ҳаж ва умра ибодатларини бажариб келаётгани, мустақиллик, тинчлик шарофатидандир.

“Эй менга эртаклар суйлаган замин,

Эргашиб изингдан қолмасман сенинг.

Ўзгалар наздида боғи эраминг,

Дийданг япроғига олмасман сенинг.

Ватан қайда бўлмай сен ҳамроҳимсан,

Боболарим ётар саждагоҳимсан.

М.Юсуф.

Мустабид тузум даврида омборга айланган масжид ва мадрасаларимиз қайта тикланиб, фойдаланишга топширилди. Мамлакатимизда турли дин ва миллат вакиллари барча жабҳада эмин-эркин истиқомат қилмоқда. Бу таҳсинга лойиқ иш, албатта.

Юртбошимиз “Дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ҳамиша огоҳ бўлиш, она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи, эл-юрт тақдири, келажаги учун дахлдорлик туйғусини дилига жо қилмоғи даркор” деб таъкидлаганлар.

Президентимиз яна: “Одамларда “Ҳа, тепада раҳбарларимиз бор экан, улар тинчликни таъминлайди. Хавотир бўлмаслик керак” ва ҳаказо каби фикрлар туғилади. Бунақа қарашларга мутлақо қарши чиқиш керак. Бунақа қарашни умуман қабул қилмаслик керак” деб, айтадилар.

Юрт тинчлиги ва келажаги учун давлатимизнинг ҳар бир фуқароси, унда яшайдиган ҳар бир миллат ва дин вакили ўз ҳиссасини қўшмоғи зарур. Бунинг учун ҳар ким ўз васифасини аъло даражада бажариши лозим бўлади.

Ҳаммамиз учун таббарук бўлган учта сўз бор. Иймон, Ватан ва Истиқлол. Бу сўзларнинг мазмун-моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб турибмиз. Иймон – буюк Аллоҳ ва Расулига ишониш Унинг раҳмати ва мағфиратидан умидвор бўлиш ва унинг фармонларига итоатда бўлишдир.

Ватан – бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни асраб-авайлаш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш иймон ва муҳаббат таянчидир. «Ватанни севмок иймондандир» деган, ҳикматли сўзда кенг маъно бор. Албатта, қалбида иймони бор ҳар бир киши ватанни севади.

Истиқлол – Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бўлиб, истиқлол туфайли мамлакатимизда ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатланиб қўйилди. Барча миллий ва диний қадриятлар тикланди. Масжид ва мадрасалар бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Мусулмонларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун, барча шароитлар яратилди. Рўза ҳайити ва Қурбон ҳайитининг биринчи куни дам олиш куни деб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди. Ҳар йили минглаб ватандошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини адо этишга муяссар бўлмокдалар. Жаҳон ислом тамаддунига фан ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Ҳожи Ахмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Ат-Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Ҳожи Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллудлари кенг нишонланди, мангу қўним топган жойлари обод қилинди, асарлари нашр этилди. Ўтган давр мобайнида диний маърифий мазмундаги бир қанча адабиётлар нашр этилди. Қуръони карим ва унинг маънолари, ҳадислар тўпламлари бир неча маротаба чоп қилинди. Буларнинг барчасига истиқлол шарофати билан эришдик. Истиқлол неъматига шукур қилмоғимиз лозим. Неъматларга шукур қилишлик, уларни янада зиёда бўлишини кафолатидир.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 августдаги "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча қишлоқ туманларида янги уй-жой массивлари барпо этилди, намунавий лойиҳалар бўйича кредит шартномаси асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриб, фойдаланишга топширилди. Бу иш жадал давом эттириляпти. Айни шу турар жой массивларида ижтимоий аҳамиятга молик объектлар ҳам қурилмоқда. Бундай уйларда яшаётган фуқаролар мавжуд шароитларнинг шаҳардагидан асло қолишмаслигини таъкидлаб, шукроналик билдирмоқда.

Аллоҳ таоллога беадад шукроналар бўлсинким, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматини қадрига етмоғимиз, уни асраб- авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки, бу дориломон кунларга етганлар бор, етмаганлар бор, бу ўз-ўзидан эришилгани йўк. Қуръони каримда Иброҳим сурасининг 7-оятида: Аллоҳ таоло айтади – «Агар (берган неъматларимга) шукур қилсангиз, албатта, (уни янада) зиёда қилурман».

Аллоҳ таоло Ватанимизни тинч ва осуда айласин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин.

Чунки, Ер юзида Ўзбекистонимиз – якка-ю ягона. Биз у билан ҳар қанча фахр-ифтихор қилсак ҳам оз. Порлоқ келажак учун эса униб-ўсиб келаётган ёшларимизни комил инсон қилиб тарбия қилишлигимиз лозим. Бугун кўзимизни қувонтирадиган, илмли, бақувват, серғайрат, мард, жасур йигит-қизларимиз юртимиз байроғини янада балан чўққиларга кўтараётгани ҳар бир инсонга фахр ва итфтихор бахш этади. Муҳтарам Президентимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт” деган пурмаъно сўзлари ёдимизга келади.

Бизга Аллоҳ таоло томонидан инъом этилган, бахтли ҳаётимизнинг бирламчи омили – Истиқлолимиз абадий бўлсин!


Киритилган вақти: 12/08/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3064
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/istiqlol-bergan-ulug-va-aziz-nematlar
Чоп этилган вақт: 17/01/2025 17:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг