Исрофгарлардан бўлмайлик!
Ислом бағрикенглик ва мўътадил дин сифатида келиб, инсонни тараққиёти ва ривожи учун бир қанча ишларни унга таклиф этди. Бу қонун ва қоидалар унинг ҳаётда бахтли ва ўз ўрнига эга бўлиши ва охиратда мукофотли манзилларда бўлишида катта аҳамиятга эгадир. Мана шу ишлардан бири, Исломнинг, инсонни ҳаётнинг барча соҳаларида исрофга йўл қўймасликка чақириғидир. Исроф сўзининг луғавий маъноси, чегарадан чиқиш, бир нарсани қасддан унутиш, деган маъноларни англатади. Одамлар ишлатадиган тушунчасида эса, инфоқ, таомланиш, кийим ва бошқа нарсаларда белгиланган миқдоридан ҳаддан ошишдир.
Исрофга йўл қўймаслик, йўл қўювчилар қандай инсонлар экани ва уларнинг жазоси ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:
“Қариндошларга ҳаққини бер! Мискинга ва йўқсил йўловчига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма!” (Исро сураси, 26-оят).
Аллоҳ таоло бой-бадавлат кишиларга яқинларига, мискинларга, кўчада қолганларга мол мулкдан ишлатишга буюриш билан бир қаторда, исрофга мутлақо йўл қўймаслиика чақирмоқда.
“Албатта, исрофчилар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса Раббига ўта ношукр бўлгандир” (Исро сураси, 27-оят).
Демак, исрофчилар, ношукр бўлганлари учун ўзларига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-харижга, маъсият ва ёмонликка сарфлайдилар. Улар бу борада шайтонга биродар бўлар эканлар. Шайтонга биродар бўлаган исрофчиларнинг бошларига ҳам ўз биродарлари бўлмиш шайтони лаъиннинг бошига тушган балою офат тушиши турган гап.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларидан бирида атрофидагиларга: “Исроф қилмаган ҳолингизда енглар, ичинглар, кийининглар, чунки Аллоҳ Ўз неъматларини бандаларида кўришни хоҳлайди” (Имом Аҳмад ривояти), - деганлар.
Бу каби ояти карима ва ҳадиси шарифларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Аслида диёнатли киши учун биргина оятнинг ўзи кифоя бўлиши керак. Аллоҳ таоло бандасига ҳеч ҳам ёмонликни раво кўрмайди. У ризқ берувчи, раҳимли ва меҳрибон Зот. Исрофдан қайтардими, демак бунда банда учун яхшилик йўқ. Берилган неъматларнинг доимийлиги, унга нисбатан бўлган шукронага боғлиқ эканлиги ҳам ояти каримада қайд этилган.
Кундуз куни ўчирилмай турган электр чироғи, жумракдан оқиб турган сув ҳатто у таҳорат учун меъёрдан ортиқ истеъмол қилинса ҳам, таомхўрликдаги, либос ва фойдасиз нарсаларга қилинган исрофларнинг бадали албатта бўлади.
Айниқса, кейинги вақтларда маросимлардаги исрофлар авжига чиққани ҳеч кимга сир эмас. Ўша маросимларнинг тури кўпайиб кетди. Маросимлар ичидаги одатлар кўпайиб кетди. Улардаги асосий исроф ҳаром нарсаларга, ўзгаларга тақлид қилиш учун кетадиган харажатларни ташкил этмоқда.
Яхши ҳамки бу каби иллатларни олдини олиш учун ўз вақтида чора тадбирлар кўрилмоқдаки, Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан тўй ва маросимларни ихчамлаштириш бўйича янги қарор қабул қилинадиган бўлди. Шу йўналишда оилавий тадбирларни тартибга солиш жамият учун ҳам муҳим ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги боис, аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва фикрларни инобатга олиб, мазкур масалани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни мукаммал ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
Ушбу қарор билан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди.
Исроф якка шахслар учун ҳам, оилалар учун ҳам, жамиятлар учун ҳам ўта зарарли эканлиги маълум. Унинг зарари бу дунё билан чекланиб қолмай, охиратга ҳам ўтиши ҳам маълум. Энди исрофгарчиликка қарши курашишимиз лозим. Якка ҳолда, оила даврасида ва жамият билан бирга исрофга қарши курашиш бурчимиз эканини англаб етишимиз ва унга амал қилишимиз керак.
Киритилган вақти: 20/04/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2437
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 21:45