Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Исломда эрнинг молиявий бурчи

 
 

Ислом дини ер юзида ёйилишидан олдин ҳам оила деган муқаддас даргоҳнинг ўзига яраша талаб ва шартлари мавжуд бўлган. Чунки, ҳар қандай жамиятнинг фаровон ва гўзал ҳолда ўтишига қоида ва тартибларга риоя қилиши энг муҳим ишлардан саналган. Жумладан, инсон ҳаёт экан, унинг кундалик эҳтиёжлари вақт ўтган сайин янгиланиб туради. Буларнинг уддасидан чиқиш учун киши турли касб-камолотларни бажариб уни енгиб ўтиши керак бўлади.

Аллоҳ таоло ҳазрати инсонни ер юзи ва инсоният ичида жамият билан ҳамнафас бўлиб ҳаёт кечириб боришини таъминлаган. Ва бунга оила деб аталмиш гўзал даргоҳ ила унинг раҳбари бўлмиш эрнинг зиммасига унинг турмуш тарзини бошқариб туриш ва маромида ўтиб бориши учун етарли молиявий (нафақа) бурч томонлама таъминотини юклади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифининг бир неча ўринларида тўхталиб ўтади. Жумладан, қўйидаги оят ила умумий буйруқ ила хукм қилади.

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ

Маъноси: Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир[1].

Ҳақиқатан, ушбу оятнинг мазмунига тўлиқ эътибор қилинса, оилада эркак киши кўплаб нарсаларга масъуллиги ва хоссатан, оиланинг моддий таъминотини олиб бориш эрнинг зиммасида эканлиги равшан бўлади.

Янги оиланинг барпо бўлишида ота-она ва унинг яқин қариндошларининг мақсади, фақат келин ва куёвни ҳамиша бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиши ва келажакда ширин турмуш кечиришидир.

Динимиз томонидан никоҳ вужудга келаётган оилада эр-хотин учун “куфуъ” яъни, тенглик ва мослик деган атама билан унинг гўзал ва бардавом бўлишини таъминлайди.

Тенглик ва мослик ҳақида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифнинг бир неча ўринларида қайта-қайта зикр қилиб ўтганлар. Шулардан;

عن ابن عمر قال رسول الله إذا جاءَكُمُ الأَكْفاءُ فانْكِحُوهُنَّ ولا تَرَبَّصُوا بِهِنَّ الحدثانَ .

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар сизларни (аёлларингизга никоҳлаш учун) мос ва тенгдош (куёвлар) келса, уларни никоҳланглар. Улар учун кеча ва кунни ўтишини кутманглар”[2].

Бу ҳақда шу каби ҳадисларнинг мазмунига ҳамоҳанг ҳолда ҳалқимизнинг гўзал ўгитларига кўп бора шоҳид бўлинади. Жумладан, “Тенги чиқса, текин бер”, деб аталган сўзлар ҳам мавжуддир.

Хўш, мослик ва тенглик нимада бўлиши керак бўлади?, деган сўзга динимиз томонидан манбааларга мурожаат қилинади.

Бу ҳақда фиқҳий асарларнинг никоҳ китобида турли мавзулар остида сўз кетади.

Мослик ва тенглик бир неча ўринларда бўлиши ҳам талаб этилади. Булар авваламбор, динда, сўнгра эса, насаб, ҳурлик, касб-камолот, давлатмандлик ва жисмоний ва руҳий айблардан ҳоли бўлишда ҳисобланади. Булар келин-куёвнинг ўзаро бир-биридан талаб қилинган кўрсатмадир. Қўйида талабларни батафсил баён этилади.

1. Диндаги тенглик ва мослик.

Бу ҳақда Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф раҳматуллоҳ алайҳлар шундай деб айтишади: “Агар солиҳ кишиларнинг авлодидан бирор-бир аёл ўзини фосиқ кишига бағишлаб никоҳланса, унинг валийлари эътироз билдиришга ҳаққи бордир”.

Ва яна фақиҳлар айтишади: “Диндор оиланинг хонадонида тарбия топган аёл ота-онаси ўзга дин вакиллари бўлган мусулмон куёв билан мослик ва тенгликда эмас”.

2. Насабдаги тенглик ва мослик. Бу ҳақда ҳам барча мазҳабларда керакли ва зарур масалалар мавжуддир. Ҳанафия мазҳаби бўйича арабларнинг Қурашийлари баъзи қурашийларига тенг ва мосдир. Ва арабларнинг баъзилари эса баъзиларига никоҳда тенг ва мосдир, дейилади.

3. Озод ва қулликдаги тенглик ва мослик. Бу ҳолат Исломнинг илк даврида бўлган. Динимиз томонидан даставвал инсонни қуллик давридан олиб чиқишга ундалди. Бироқ, ўша пайтларда қулни ҳур аёлга никоҳланишида тенглик ва мослик бўлмагани учун рухсат берилмади. Сабаби, оила бу табақалардаги кишилар билан тузулиши кейинчалик, унинг емирилиши ва низосига олиб чиқади.

4. Касб-камолот ва ҳунармандчиликдаги тенглик ва мослик. Бу эса оиланинг таянч ва асосларидан ҳисобланади. Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳунарманд оилага ҳунарманд оила тенг ва мосдир. Агар уларнинг касби бир жинсда бўлса, яна ҳам яхшироқдир деб айтилган. Масалан, тўқувчининг оиласи тўқувчининг оиласи билан ва нонвой эса нонвойнинг оиласи билан қуда-андачилик қилишидир. Фиқҳда бу борада келтирилган мисоллардан яна бири кўндўзнинг ўғлига атирчининг қизини хотин қилиб олиб берилмайди. Чунки, у бу муҳитга мос ва тенг эмас. Чунки, қиз доим хушбўйлик орасида яшаган бўлади. Кўндўзнинг оиласида бу ҳолат топилмайди. Агар унинг акси бўлса, яъни, атирчининг ўғли кўндўзнинг қизига уйланса, рухсат этилган.

Агар бир оилада икки хил касб-камолот қилинадиган бўлса, унинг кўп машғул бўладигани эътиборлидир.

5. Давлатмандлик ва бадавлатликда тенгик ва мослик. Ҳанафий мазҳабида ҳам бунинг эътибори бор. Давлатмандлик ва бадавлатликнинг энг паст ҳолати маҳр ва нафақага қодир бўлишдир. Юқорисининг чегараси йўқдир.

Никоҳ тузилган пайтда тенглик ва мослик бўлиши эътиборлидир. Кейинчалик бойнинг фақир бўлиши ёки унинг акси бўлишининг эътибори бўлмайди.

Аксар фақиҳлар кўримсизлик билан чиройни мослик ва тенглик даражасига олиб чиқишмаган. Ва унинг эътибори йўқ ҳам дейишади. Бироқ, ҳанафий олимлари юқорида айтилган фикрга қўшилиб имкон қадар чирой ва гўзалликда ҳам риоя қилишни тавсия этганлар.

Жисмонан келин ва куёвнинг бўйи узун ёки қисқа бўлиши тенглик ва мослик талаб қилинган хукмга тегишли эмас.

Юқорида зикр қилинганлардан маълумки, ҳозирги яшаб турган жамиятда оила бошларнинг икки ёшни никоҳлаш жараёнида шу томонига ҳам эътибор қилишлари лозимдир. Бу диний талаблар билан уларнинг келажагидаги ҳаёти мазмунли ўтади. Шулар қаторига эрнинг зиммасидаги нафақа ва унга тегишли масалалар ҳам келиб чиқади. Бу ҳақда Қуръони карим ва суннати набавийяда хукмлар ва шу билан бирга ақлий ва кўрсатмалар ҳам бордир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

لِيُنْفِقْ ذُو سَعَةٍ مِنْ سَعَتِهِ وَمَنْ قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنْفِقْ مِمَّا آَتَاهُ اللَّهُ لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا مَا آَتَاهَا سَيَجْعَلُ اللَّهُ بَعْدَ عُسْرٍ يُسْرًا

Маъноси: Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошқа нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур[3].

Ушбу оятга кўра ҳар бир эркак оиласи молиявий нафақасини ўз иқтисодидан келиб чиққан ҳолда таъминлаши керак бўлади. Нафақанинг турлари борасида ҳам динимиз томонидан керакли тарзда батафсил баён этилаган. Нафақага кийинтириш, таомлантириш шунингдек уй-жой билан таъминлаши керакдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай баён қилади:

وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ لَا تُكَلَّفُ نَفْسٌ إِلَّا وُسْعَهَا لَا تُضَارَّ وَالِدَةٌ بِوَلَدِهَا وَلَا مَوْلُودٌ لَهُ بِوَلَدِهِ وَعَلَى الْوَارِثِ مِثْلُ ذَلِكَ

Маъноси: “Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиқ (масъулият) юкланмайди. Болалари туфайли ота ҳам, она ҳам зарар кўрмасин! Меросхўрнинг зиммасида ҳам худди шундай (нафақа масъулияти бор)”[4].

Бунча ҳам гўзал дин!. Бунча ҳам амали осон бўлган дин!. Ҳар бир шахснинг зиммасига тоқатидан ошиқ хукмни устувор қилмаган дин!. Бу оятнинг илк сўзида эрнинг зиммасидаги мажбуриятни келтириб, оила аъзолари томонидан таъминот доирасида тоқатидан зиёд нарсани буюрмасликларини таъкидлаб ҳам қўймоқда. Аллоҳ буюк зотдир. Аллоҳ улуғ зотдир.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам умумий қилиб аёлларнинг ҳаққини Аллоҳ таоло ўзи назорат қилганини ва унинг омонати эканлигини ҳам бир сўз билан айтиб ўтдилар.

Жобир ибн Абдуллоҳнинг ривоятига кўра Расулуллоҳ салллоҳу алайҳи васаллам сўнги ҳаж хутбаларида шундай деб айтганлар: “Аёллар ҳаққида Аллоҳ таолодан қўрқингиз. Албатта, сизлар уларни Аллоҳ таолонинг омонати ила (никоҳингизга) олдингиз”, дедилар ва яна сўзларини давомида “уларнинг меъёрида ризқи (нафақаси) ва кийимлари сизларнинг зиммангиздадир”



[1] Эркак зотининг аёл кишидан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганлигида бир неча ҳикматлар мавжуд. Жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номини унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш ва бошқалар. Шу ва бошқа жиҳатларини ҳисобга олиб, аёл кишининг эрига нисбатан итоатли, ҳимоятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши диёнат жиҳатидан талаб этилган.

[2] Фатхул кабир асари. Ҳамза ҳарфи 1-жуз, 93-бет.

[3] Талоқ сураси 7-оят.

[4] Бақара сураси, 233-оят.


Киритилган вақти: 29/11/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2119
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/islomda-erning-moliyaviy-burchi
Чоп этилган вақт: 16/04/2024 10:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг