Ислом ва спорт
Бугунги кунда киши, хусусан ёшлар спорт билан узвий шуғулланиб юрмоқликлари лозим. Халқимиз орасида бир гап бор “соғлом танда-соғ ақл”. Шунингдек, талабалар ҳам спорт билан шуғуллансалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки талабалар кўп китоб ўқишлари сабабли толиқишни ҳис қиладилар. Бу эса камҳаракатликдандир. Зеро, ҳар-биримиз спор билан шуғуллансак суннатга ҳам мувофиқ иш қилган бўламиз.
Дарҳақиқат, Ислом дини нафақат спорт билан шуғулланишга рухсат берган, балки унга қизиқтирган ҳам. Ислом дини мусулмонларни отда чопиш, камондан ўқ узиш ва сувда сузиш каби спорт турлари билан шуғулланишга тарғиб қилган. Маълумки, кўп касалликларни олдини олиш учун одамлар спорт билан шуғулланиб келмоқдалар. Юртимизда ҳам спортга катта эътибор қаратилган. Шу билан бирга Ислом шариатида ҳам бунга катта эътибор берилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадислари бор. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг мени жисмим оғирлашганида яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва “ҳалиги билан биру бир”, дедилар» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган). Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси пайтида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақада эса у зотнинг ёшлари бундан ҳам катта бўлган. Бу, оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишдир. Афсуски, кўпгина мусулмонлар бунга ўхшаш нарсалардан бехабарлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга ота-оналарни тарғиб қилганлар. У зот: «Фарзандларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар», деганлар. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Ёзишни, сузишни ва отишни таълим бериш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидандир», дейилган. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, Ислом ўзининг бутун борлиғи билан ҳаракат динидир. Унда ҳаракатсиз ҳеч нарса бўлмайди. Бир вақт намоз ўқиш учун инсон қанчалар ҳаракат қилади. Саҳарда уйқусидан туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқиш жойига бориб икки ракат намоз ўқигунича инсоннинг ҳар бир бўғини ҳаракатга тушади. Рўза ҳам шунга ўхшаш: саҳарликка турилади, ҳаракат қилинади, хуфтонга қўшиб йигирма ракат таровеҳ намози ўқилади. Ҳаж ва умра ҳам асосан қаттиқ жаҳд ва ҳаракатлардан иборат ибодатлардир. Буларнинг ҳаммаси соғлиқ учун фойдали эканини ҳозирги пайтда мусулмон бўлмаган инсонлар ҳам яхши биладиган ҳолга келишди.
Биз мусулмонлар эса спортдан узоқлашиб кетмоқдамиз. Лоақал нафл намозларни кўпайтирсак ҳам танамизга анчагина ҳаракат қўшган бўламиз, шу билан бирга улкан ажрларга эга бўламиз. Шу вақтдан бошлаб ҳаммамиз бир-биримизни ҳаракатчанликка чақирмоқлигимиз даркор. Зеро, мусулмонлар аслида ким эканлигини бошқаларга ҳар соҳада кўрсатиб қўймоқлигимиз лозим.
Киритилган вақти: 10/03/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2409
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 00:31