Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ислом динида қўшничилик одоблари

 
 

Инсон боласи ўзининг кундалик ҳаётида истайдими-истамайдими, барибир, доимий равишда алоқада бўлиб турадиган тоифалардан бири қўшнилардир. Киши ҳаётининг осойишталиги, бахти, қувончи, кўпинча қўшни ила кечадиган алоқаларига хам боғлиқ бўлади.

Агар Аллоҳ таоло бандага яхши қўшни ато қилса у кўпгина хайрга сабаб бўлади. Аксинча, ёмон қўшнидан ҳар-хил ёмонлик кутишнинг ўзи турмуш ҳаловатини кетказади.

Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа мулоҳазалар аслида Исломда қўшничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнининг ҳаққи юқори қўтарилган. Унга яхшилик қилиш ҳақида кўплаб таъкидланган тавсиялар қилинган.

Ояти каримада қўшничилик тўғрисида бундай дейилади:

“Аллоҳга ибодат қилинг ва унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош-қушни-ю бегона-қушни, ёнингиздаги ҳамрохингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яҳшилик қилинглар)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо, 36).

Ушбу оятда қўшни мўмин ёки кофир деб ажратилмаган. Шунинг учун муфассирлар кофир қўшнига хам яхшилик қилиш керак, дейдилар.

Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин. Ким Аллохга ва охират кунига ишонса, қўшнисига азият бермасин”, дедилар.

Ҳадисда қўшнига азият бермаслик Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтириш билан ёнма-ён келяпти. Демак, мўмин киши қиёмат кунига ва Аллоҳнинг ягоналигига ишонса, қўшнисига зарар бермаслиги, азият етказмаслиги керак.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Жаброил (алайхиссалом) менга қўшни ҳақида шунчалик кўп васият қилди, қўшни-қўшнисидан мерос олармикан, деб ўйлаб қолдим”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло дунёдаги барча халқлар ўртасидаги дўстлик-биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Қўни-қўшнилар билан самимона алоқаларимиз янада яхшиланиб боришини Аллоҳ таоло барчаларимизга насибу рўзий айласин.

Раҳмонов Абдуқаюм

Ургут туман “Абдуқаҳҳор”

масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 06/01/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3627
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/islom-dinida-qoshnichilik-odoblari
Чоп этилган вақт: 16/04/2024 09:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг