Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИШЛАР НИЯТГА ҚАРАБ БАҲОЛАНАДИ

 
 

Мусулмон кишининг ҳар бир қиладиган иши унинг ниятига қараб баҳоланади. Тил ёки бошқа аъзоларнинг иши бўлсин, уларнинг тўғри бўлишида ниятнинг алоҳида ўрни бор. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Амаллар фақат ниятларга кўрадир”, деб айтганларини эшитганман”, деди.

Қиладиган барча амалларимизни Аллоҳ таоло қабул қилиши учун ниятимиз тўғри бўлиши лозим экан. Қолаверса, Ислом таълимотида банда яхшилик бирор амални бажаришни ният қилган бўлсаю гарчи шу ўйлаган иши амалга ошмай қолса ҳам унга савоб ёзилаверади. Чунки бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббисидан ривоят қилиб шундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд этсаю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд этсаю унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади” (Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).

Шунинг учун ҳар бир амалда ниятнинг ўрни қанчалик муҳим эканини яхши англаб етишимиз лозим бўлади. Масалан, илм талаб қилаётган киши Аллоҳнинг розилиги, халқнинг манфаати ниятида илм ўрганса, ҳам илмга, ҳам савобга эришади. Агар фақат мансаб ва мол-дунё учун ўрганса, мансаб, мол-дунёга эришиши мумкин, лекин савобдан бебаҳра қолиб кетади.

Ҳар бир амал ихлос билан қилинса, ўша амал пухта даражада амалга ошади. Чунки Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб амал қилган банда доим Аллоҳнинг назоратида экани, бир лаҳза ҳам Унинг назоратидан четта қолиб кетмаслигини ҳис қилиб амал қилади.

Бандалар қилаётган ишларида ниятларини тўғри қилиб, ихлос билан бажарса, шайтоннинг васвасасидан ҳам омонда бўлади. Чунки, шайтон зийнатлаб кўрсатадиган гуноҳ ишлардан фақат ихлосли бандаларгина омон қолишади. Қуръони каримда шундай дейилган:

Яъни: (Иблис) айтди: “Эй, Роббим! Қасамки, мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Илло уларнинг орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодир) (Ҳижр, 39-40).

Инсон доим яхши амаллар қилишга, яхши ниятда бўлишга шошилиши лозим. Доим яхши ишлар ва яхши ниятлар билан юрган инсоннинг хотимаси ҳам гўзал бўлади. Инсон ҳаёти давомида барча яхши ишларни амалга оширишга имконияти бўлмаслиги мумкин, лекин барча яхши ишларни ният қилишга имкони бордир. Аллоҳ таоло эса унга ниятига яраша савоб бераверади. Чунки, Аллоҳ таоло бандалари қилган хайрли амалларнинг бирортасини ҳам зое қилмайди. Зеро, Қуръони каримда:

Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз(Каҳф сураси, 30-оят), деб марҳамат қилган.

Шундай экан, биз доим яхши ниятлар қилишимиз, яхши ниятда бўлишимиз лозимдир. Ана шунда Парвардигоримиз бизни ниятларимизга яраша амалларимизни ҳам тўғрилаб қўяверади.

Хайрулло Дўстмуродов - Каттақўрғон шаҳар бош имом хатиби


Киритилган вақти: 10/12/2019 11:21;   Кўрилганлиги: 1057
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ishlar-niyatga-qarab-baholanadi
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 17:44
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг