Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИНТЕРНЕТДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ ЗАРУРИЙ ОДОБЛАРИ

 
 

“… Албатта интернет орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан зарур ахборот ва маълумотларни олиш, билим ва маърифатни оширишда унинг беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Биз одамларимизнинг интернет имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланишга бўлган интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Такрор бўлса-да айтмоқчиман – ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиш, ўз қобиғига ўралиб, маҳдудликка юз тутиш йўли бизга асло маъқул эмас..”

Ислом Каримов

Техника асри ҳисобланган ҳозирги замон шароитида иш фаолиятимизни, ижтимоий алоқаларимизни, таълим жараёнларини, хуллас, бутун ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қилиш мушкул бўлиб қолди. Буни сабаби оддий интернет ёрдамида ишлар осон, тез ва камхаражат бажарилади. Шунингдек, мислсиз қулайликларга эга эканлиги ҳам кишилар ҳаётида интернетни кенг ўрин эгаллашига сабаб бўлмоқда. Тасаввур қилиш учун биргина мисол келтиришнинг ўзи кифоя қилади, деб ўйлайман. Самолёт билан сафарга чиқмоқчи бўлган инсон чипта олиш учун чиптахонага бориши, навбатда туриб, чипта олиши, агар чипта у истаган кунга топилмаса, ортига қайтиб кетишига тўғри келади. Худди шу иш интернет орқали амалга оширилса-чи?! У уйда ўтириб, чипта харид қилади, вақти келганда, тайёрагоҳда учишдан олдин автоматдан электрон чиптасини олади. Бу иш аввалгисига солиштирилганда, анча камхарж ва осонроқ. Чиптахонага бориб овора бўлинмайди, навбатга турилмайди, устига устак арзонга тушади. Шунинг учун давлатларда бундай қулайликларни ривожлантириш, такомиллаштириш ва ундан юқори даражада фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда.

Ҳозирги кунда асосан интернетдан фаол фойдаланувчилар, шубҳасиз, ёшлар. Улар сони ортиб бормоқда. “Болаларни асрайлик” (Саве тҳе Чилдрен) халқаро ташкилоти АҚШдаги 15-17 яшар ўсмирларнинг 85 фоизи, Канада ёшларининг 93 фоизи интернетдан мунтазам фойдаланишини эълон қилган.

Юртимизда интернет фойдаланувчилар сони 2008 йилда 2 миллион бўлса, ҳозир кунга келиб 15 миллиондан ошган ва уларнинг аксарияти ёшлар.

Ақлли инсонлар ҳар доим барча имкониятлардан мукаммал фойдаланиш ва бу йўлда бўладиган зарарларни иложи борича даф этишга интиладилар. Барча ишларда бўлганидек, ундан фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, шартлари ва одоблари мавжуд. Уларга риоя этиш билан мақсадга тезроқ ва сифатлироқ эришиш мумкин. Акс ҳолда, унинг зарар ва офатлари кулфат келтириши тайин. Ёшларни чалғитувчи, эътиқод ва ақидага путур етказувчи, фаҳш ва ахлоқсизликни тарғиб қиладиган сайтлар кўпайиб бормоқда. Айрим кимсалар интернет орқали бир-бирига туҳмат қилмоқда, ҳақоратлаб сўкишмоқда, бир-бирини шарманда қилмоқда. Ҳатто у орқали сиёсий, ижтимоий, молиявий, илмий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам жиноятлар содир этилмоқда. Қўпол қилиб айтганимизда, интернет мазкур қабоҳатларни амалга оширишни осонлаштирмоқда.

Ҳар нарсанинг қоида ва одоби бўлганидек, интернетдан ҳам фойдаланишнинг одоблари бор.

Биринчидан, ундан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятни яхши қилган бўлиши керак. Фақат яхшиликни, рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилган одам фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади. Интернетдан олган фойдасига қўшимча равишда, муқаддас дининимиз таълимотларига кўра амал қилгани учун савоб ҳам олади. Зеро, мусулмон киши бир яхшиликни ният билан қилса, бир савоб олади, ўша ниятига амал қилганида эса, савоби ўн марта кўпаяди.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилсаю, уни амалга оширмаса, Аллоҳ буни ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд этиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликгача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Насаий ривояти).

Иккинчидан, интернетга киришдан олдин вақтни зое қилмаслик учун умрининг қадрини эсда сақлаш, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли эканини унутмаслик зарур. Айнан бу ҳис-туйғу бўлмагани боис, кўпчилик унда вақтини, умрини зое қилмоқда.

Узоқ вақт, муттасил интернетда ўтирганлар, айниқса, болалар турли касалликларга чалинмоқда. Унутманг, инсон соғлиғига ўзи масъул. Қиёмат кунида ҳар бир аъзоимиз қилган ишининг ҳисобини беради.

Интернетдан фойдаланишда сайт эгаларининг маънавий-маърифий ҳуқуқларига тўла риоя қилиш чин маънодаги инсоний ишлардандир. Булар жумласига пул тўлаб кириш лозим бўлган сайтларга ҳақ тўламасдан ўғринча кириш, кўчириб олиш, рухсат берилмаган нарсаларни кўчириш, кўчирганда манбасини кўрсатмаслик каби ишлар киради. Бу ишлар барчаси гуноҳ ҳисобланади. Чунки бу бировнинг маърифий-маънавий мулкини талон-тарож қилишдан иборатдир.

Учинчидан, интернет орқали ўзгалар билан алоқа боғлашда “яхшилик ва эзгулик йўлида ҳамкор бўлиб, ёмонлик ва душманликдан воз кечиш” шиори бўлиши зарур. Зотан, инсон дунёни, ҳаётини чиройли ва обод этишга интилар экан, барча соҳаларда ушбу шиорга доимо амал қилса, иншааллоҳ, мақсадига етади, ажру савобга эришади.

Ишхоналарда ва бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас. Баъзи кишилар ишхонанинг интернетида ўз шахсий манфаатлари учун фойдаланишни ўзларига эп кўришади. Бунда икки тарафлама мулоҳаза қилинадиган иш содир бўлади. Биринчиси, ишхонанинг интернетга тўлайдиган маблағи шахсий манфаатлари учун сарфланади. Иккинчиси, ишхонанинг ишини бажариш ўрнига шахсий ишларини қилган бўлади.

Тўртинчидан, болаларнинг интернет ва компютерлардан фойдаланишини назорат қилиш лозим. Аввало, болаларни катталар рухсатисиз ёхуд уларнинг назоратисиз интернетдан фойдаланишини ман этиш лозим.

Бу одоблар интернетдан унумли, маъноли ишлатиш учун зарурий бўлган одоблар ҳисобланиб, ундан оқилона фойдалансак, ҳаётимизга татбиқ этсак, нур устига нур бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ижтимоий одоблар” китоби асосида

Мухторжон АКРАМОВ

тайёрлади.

www.muslim.uz


Киритилган вақти: 05/11/2015 00:00;   Кўрилганлиги: 2790
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/internetdan-foydalanishning-zaruriy-odoblari
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 21:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг