Инсоният юлдузлари
Бисмиллаҳир Роҳманир оҳийм
Инсон эсини таниганидан бошлаб ўз ҳаёти давомида кимгадир ўхшашга, кимгадир тақлид қилишга ҳаракат қилади. Кимдир бирор киноактёрга, кимдир машҳур спортчига, яна кимдир эса бирор ҳонандага интилади. Кийиниши, юриш-туриши ҳаттоки, гапиришида ҳам уларга ўхшашга тиришади, қисқа қилиб айтганда, уларга мухлис бўлади.
Ўзини ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблаган киши эса бу борада саҳобалардан кўра афзал ўрнак йўқ эканлигини яхши билади. Зеро, Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 110 - оятида уларга хитобан “Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз” деб марҳамат қилган. Пайғамбар алайҳиссалом эса, улар ҳақида “Саҳобаларим юлдузларга ўхшайди. Қайси бирига эргашсангиз ҳам тўғри йўлни топасизлар” деганлар.
Инсонлар тоғу тошда чўлу биёбонда юлдузларга қараб тўғри йўлни топганларидек, мусулмонлар ҳам мана 1400 йилдан бери саҳобаларга эргашиб тўғри йўлдан адашмай келишмоқда. Шунинг учун саҳобаларни таниш бугунги кунда зарурий ишлардан ҳисобланади.
Уламоларимиз саҳобаларнинг таржимаи ҳолларини ёритиб, кўплаб китоблар тасниф қилишган ва бу орқали дин ривожига улкан ҳиссалар қўшишган. Биз ҳам ушбу мақолани шу ҳизмат йўлида денгиздан бир томчи деб билдик. Саҳобаларнинг исми шарифлари ҳамда энг машҳур сифатларини ёнма ён шаклда келтириш услубини ўзимизга танладик. “Инсоният юлдузлари” туркум мақолаларимизнинг биринчи қисмини “Ашараи мубушшара” яъни “Жаннат башорати берилган ўн саҳоба” деб номладик. Аллоҳ бошлаган ишларимизни хайрли ва барчамизга манфаатли қилсин!
Ашараи мубашшара
1. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу – Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёри ғор биродарлари
2. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу – Ал-Фарууқ. Ҳақ билан ботил ўртасини ажратувчи.
3. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу – Зуннурайн. Фаришталар ҳаё қилган саҳобий.
4. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу – Пайғамбар алайҳиссалом “Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг эшигидир” деганлар.
5. Саид ибн Заид розияллоҳу анҳу – ашараи мубашшарадан.
6. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу – энг бой саҳобалари.
7. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу – Уҳуд жангидаги тан соқчилари, “Тирик шаҳид” унвонига сазовор бўлган саҳобий.
8. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу –уммат амини
9. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу – Пайғамбар алайҳиссалом "Ота-онам сенга фидо бўлсин, эй Саъд” деган саҳобий.
10. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу – Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаворийлари
Киритилган вақти: 29/11/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2098
Чоп этилган вақт: 02/12/2024 16:17