Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Имом Бухорий мажмуаси пештоқидаги ёзувлар

 
 

Мусулмон оламида қолдирган илмий мерослари билан шуҳрат топган буюк муҳаддис имом Муҳамммад ибн Исмоил ал-Бухорий (194/810-256/870) мажмуаларининг зиёрати ҳар биримизга руҳий қувват бериши билан бирга, аждодлар меросига эътибор ҳиссини шакллантиради.

Унвонлари “Амирул-мўъминин”, яъни ҳадис илмида мўминларнинг амири, “Имомуд-дунё”, яъни дунёдаги барча мўъмин ва мусулмонларнинг имоми, ҳамда “Шайхул-ислом” мусулмонларнинг устози, яъни дини ислом ғамида соч-соқоли оқарган устоз[1] деб улуғланган бобомиз қадамжолари йилдан-йилда зиёрат маскани марказига айланмоқда.

Барчамизга маълумки, 1998 йил октябрда биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан буюк мутафаккир Имом ал-Бухорий таваллуди­нинг 1225 йиллиги нишонланди. Са­марқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида “Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуи” барпо етилди.

Миллий-диний қадриятларимиз халқимизни, айниқса ёш авлодни Ватанга мухаббат, эзгулик руҳида тарбиялайдиган, уларни эзгулик ва бунёдкорликка даъват этувчи битмас-туганмас куч-кудрат манбаидир. Муҳамммад ибн Исмоил ал-Бухорий мажмуаларида битилган пештоқ ёзувларда ҳам ушбу мақсад акс эттирилган.

Имом ал-Бухорий қабрлари ҳақида Ибни Абий Ҳотимнинг ривоятидан қуйидаги маълумотларни ёзиб қолдирилган: “Ибнус Субкий зиёда қилиб, шуни айтадики: “Қабрининг тўғрисидан узун-узун оқ устунлар, осмонга туташиб турди. Буни кўрганлар ҳайрон бўлишар ва ажабланишар эди. Бунинг хабари ҳама ёққа тарқалиб, Имом Бухорийнинг мухолифларига ҳам эшитилди ва ҳатто улардан баъзилари қабрга келиб, Аллоҳнинг қудратини очиқдан-очиқ кўргач, қилган қилмишларига надомат ва тавбаларини изҳор этиб, кўп тавбалар қилишди”[2].

10 га. майдонни ўз ичига олган Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуи Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Қўқон ва Шаҳрисабз халқ усталарининг қўллари билан шарқона меъморчилик услубида қад ростлаган.

Ёдгорлик мажмуи кириш дарвозаси пештоқ ёзувда:

куфий ва сулс хатида Қуръони каримнинг Бақара сураси 186-ояти, яни “Агар бандаларим сиздан мени сўрасалар, Мен албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар”[3] ва “Ҳашр” сурасининг 10-ояти: “Улардан кейин келганлар: “Эй Раббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизга иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан”, дедилар”[4]- битилган[5].

Қуръони каримнинг ушбу оятларининг мазмун-моҳиятини ҳадисларда батафсил очиб берилган. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар банда шошилишмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин,”[6] деган эканлар. Бу ривоятда ҳар бир пок ниятли, иймон-эътиқодли шахсни мақсади аниқ бўлиши, ва Аллоҳдан фақат эзгу амалларни ижобат бўлишини сўраб, иккиланмасликга чорламоқда.

Шу ўринда бошқа бир ривоятга назар ташлайлик: “У зот алайҳиссалом: “Ўлим тўрт хилдир. Уламоларнинг ўлими, бойларнинг ўлими, фақирларнинг ўлими ва амирларнинг ўлими. Уламоларнинг ўлими динга дарз кетишидир. Бойларнинг ўлими ҳасрат-надоматдир. Фақирларнинг ўлими роҳат ва амирларнинг ўлими фитнадир” – дедилар. Ушбу ривоятда пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлмиш олимларнинг ўлими динда оғир мусибатдир. Бойларнинг ўлими эса, уларнинг ҳаёти дунёда кўнгиллари боғланиб қолган нарсаларидан жудо бўлишлари қийин бўлгани боис, ҳасрат-надоматдир. Фақирларнинг ўлими эса, бу дунё ташвишларидан халос бўлгани учун ҳам, роҳат-фароғатдир. Амир ва амалдорларнинг ўлими эса, уларнинг ўрнига эгалик қиламан деган шахслар учун катта имтиҳондир”.[7]

Ёдгорлик мажмуи кириш дарвозаси пештоқ ёзуви иккинчи оятида олдин бу оламдан ўтган ҳар бир бандасини ким бўлишидан қатъий назар яхшилик билан эслаш ва уларнинг номларини эзозлашга даъват этилмоқда. Албатта, бу оятлар мазмуни билан танишган ҳар бир инсон қалбида эзгулик одоби жўш уриши аниқ.

Имом ал-Бухорий қабрлари устидаги мақбара юқорисининг тўрт томонида дастлаб куфий хатида Қуръони каримнинг “Фотиҳа” сураси такрор ёзилган. Катта ҳажмда оқ ранг билан Қуръони каримнинг “Мулк” сураси сулс хатида тўлиқ ёзилган[8].

2016 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган ташаббус асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази давлат муассасаси шаклида ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 27 март № ПҚ-2855 қарори Имом Бухорийнинг бой мероси, жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлар ва динлараро багрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётни қадрлаш йўлида яна бир амалий қадам бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

музей илмий ходими

Сухроб Эргашев

[1] “Имом Бухорий таърифи” Сайдазим Мамадалиев Т-1996 йил 12-бет

[2] “Имом Бухорий таърифи” Сайдазим Мамадалиев Т-1996 йил 54-бет

[3] “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. WWW.islom.uz 43-44-бетлар

[4] “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. WWW.islom.uz 819-820-бетлар

[5] “Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар” T -2011 йил. 119-бет

[6] “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. WWW.islom.uz 44-бет

[7] Жалолиддин Суютий “Лубобул ҳадис” (Сара ҳадислар) Таржима ва шарҳлар муаллифи Олимхон Исахон ўғли. Самарқанд-2018 й 289-бет

[8] “Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар” T -2011 йил. 121-бет


Киритилган вақти: 18/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2005
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/imom-buxoriy-majmuasi-peshtoqidagi-yozuvlar
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 23:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг