Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИЛМСИЗЛИК ЗАЛОЛАТДИР

 
 

Илм-ақл чироғи дейди халқимиз. Хақиқатдан хам илмли инсонинг ақли чархланган бўлади, ҳар бир ишни ақл тарозисига қўйиб, ўзидаги илми билан ўлчаб, фаҳму фаросати билан фикр юритади. Ислом динимизда илм олишга тарғиб бор. Жумладан, жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.) муборак ҳадисларида марҳамат қиладилар: “Илм олишлик хар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир” (Ибни Можа ривояти). Шундай экан илм олиш –ҳақиқатга интилиш, ҳақиқатга интилиш – ўзини англаш, ўзини англаш эса Аллоҳни танишдир. Аллоҳни таниган, Уни тан олган киши Қуръонга, ҳадисга амал қилиб, ўзига берилган умрни мазмунли ўтказади, гуноҳдан, бузғинчиликлардан ҳазар қилиб, хайрли ишларга шошилади.

Илм олиш учун нималар қилиш керак? Бу саволга уламоларимиз сўзлари билан жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Фақех Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Таълим олувчи муҳтож бўладиган нарсанинг энг аввали – олган илмидан фойдаланиши ва ўзидан ўрганаётган кишига фойдали бўлиши учун ниятни тўғирлаб, чиройли қилиб олишидир. Агар ниятни тўғирламоқчи бўлса, тўртта нарсани қасд қилиши лозим:

1. Илм олиш билан жоҳилликдан чиқишни ният қилиши. Чунки Аллоҳ таоло; “Айтинг биладиган зотлар билан билмайдиган кишилар баробар бўлирми?!” (Зумар,9)-деб айтади.

2. Илм билан халққа наф келтиришни ният қилиши.Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир”, деганлар.

3. Таълим олиш билан илмни тирилтиришни ният қилиши. Чунки инсонлар таълим олишни ташлаб қўйса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Илм кўтарилишидан олдин илмни ўрганинглар”-деб айтганларидек илм кетиб қолади. Илмнинг кўтарилиши кетиб қолишидир.

4. Таълим олиш билан бирга илмга амал қилишни ният этиш, аксини эмас. Худди илмсиз амал бекор бўлганидек, амалсиз сабабни талаб қилиш беҳуда ишдир. Илм амал учун сабабдир.

Ўзбекистон замини қадимдан илм ўчоғи бўлиб келган. Тарихга назар соладиган бўлсак, ватанимиз тупроғида сон-саноқсиз олиму-авлиёлар изи қолганига гувоҳ бўламиз. Боболар меросхўри сифатида ҳар биримиз илм чўққисини забт этишга бел боғламоғимиз керак. Бугинлик кунда Ўзбекистонда етишиб чиқаётган олимларимизнинг сони кўпаймоқда. Аммо афсуслар билан шуни ҳам айтишимиз керакки, илмсизлик гирдобига тушиб қолган баъзи бир юртдошларимиз бузғунчи оқимларга ўтиб алданиб, оғайни қариндош, ака-укаларининг қарғишига қолиб, ота-онасига оқ бўлмокда. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз “Жоҳилликдан бесаодатроқ нима бор?” деб хитоб қилганларидек жаҳолат ботқоғига ботиб қолган ватанфуруш хоинлар алломалар бешиги бўлган юртимизга қарши фитна фасодларни отмоқдалар. Президентимиз “Юксак Маьнавият енгилмас куч” асрида: “Ислом динини ниқоб қилиб манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош кўзини айлантириб, улардан ўзининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бундай ножўя ҳаракатлар, аввало муқаддас динимизнинг шаънига доғ бўлишини, охир-оқибатда эса маънавий ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатишини барчамиз чуқур англаб етишимиз ва шундан хулоса чикаришимиз зарур”, деб ёзганлар.

Юқорида таъкидлаганимиздек, боболарга меросхўр бўлишга ҳаммамиз ҳақлимиз. Ер юзида илм маърифат тарқатган бизнинг боболаримиз десак муболаға бўлмайди. Шукрлар қилайликки биз туғилиб яшаётган жаннатмонанд ўлка илм булоғидир. Шу юртда яшаётган ҳар бир киши зилол булоқ сувидан ичиб, комиллик сари юксалиб бориши керак. Шунда илмсиз жоҳил манқуртларнинг ҳийла-найранг, фитна уруғлари софлигимизни ҳеч қачон буза олмайди.


Киритилган вақти: 19/02/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 1946
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ilmsizlik-zalolatdir-
Чоп этилган вақт: 14/06/2021 10:52
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг