Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Илмнинг аввали - маърифатдир

 
 

Аллоҳ таоло илмли бандаларини даражасини баланд қилиб, олимларнинг фазилати ҳақида: “....Айтинг: “биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”...”, - дейди[1]. Илмнинг инсон ҳаётида нечоғлик катта ўрин тутиши мазкур оятдан ҳам маълум бўлади.

Чунки ҳар бир миллатнинг салоҳияти, куч-қудрати ва келажаги унинг олимлари билан белгиланади, жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу ҳақда: “Бешикдан қабргача илм изланг”, “Илм олиш ҳар бир эркагу аёл мўъмин-мусулмонга фарздир”, деб бизларни илм сари интилишимизга буюрадилар. Аммо, инсонни комил инсон бўлиб шаклланмоғи учун фақат илмнинг ёлғиз ўзи кифоя қилмайди. Инсонни ўз мақомида тутиб турадиган, унда инсонийлик фазилатларини шакллантирадиган нарса омил – бу унинг маърифатидир.

“Маърифат” сўзи араб тилидан таржима қилинганда кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия, маориф деган маъноларни англатади. Маърифатсиз илм ўз соҳибини ҳалокатга етаклайди. Шунингдек, уламоларимиз “маърифат”ни инсон Аллоҳ таолони танимоғи ва ўзлигини англамоғи деб шарҳлашганлар. Шу сабабли ҳам инсонга энг аввало билиш зарур ва шарт бўлган нарса Аллоҳ таолони таниш ва унинг неъматларига шукр қилиш ҳисобланади. Мана шу шарҳ ва изоҳлардан маълум бўладики, маърифат – Аллоҳ таолога имон келтириш, жаҳолат – Аллоҳ таолони ҳақиқий англаб етишликда англамасликдир. Аллоҳ таолони танимоқлик иймоннинг асли ва барча яхшиликлар манбаидир. Ислом дини – энг аввало маърифат динидир. Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони каримнинг саккиз юздан ортиқ ўринда, яъни уни еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалаларга бағишланган-ки, токи инсонлар илм сабабли ўзларида маърифат ҳосил қилсинлар ва эзгулик сари юз тутсинлар. Уламоларимиз айтадилар: Диннинг аввали имоннинг соғломлиги, илмнинг аввали мулойимлик ва офати юзга чопарлик, ишларнинг аввали Аллоҳ таолони таниш, Аллоҳ таолони билишннг энг яхши йўли Аллоҳ таолога итоат қилишдир, Аллоҳ таолонинг азобидан омонлик ҳидоят биландир. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Илмнинг аввали – Аллоҳ таолони танимоқдир... , – деб айтдилар.

«Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир».[2]

«Худо бизга қўйган талаб битта – иймонли бўлиш, ҳалол яшаш ва ҳалол меҳнат қилиш»[3]

Ислом дини пайдо бўлишини Яратганимиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали Арабистон ярим ороллигини ирода этган бўлса, ушбу Муқаддас, пок Ислом динимизни илму-фан, маърифат ила ривожланишини Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Абу Муъийн Насафийлардек буюк алломалар орқали бизнинг жаннатмакон юртимизни (!) Ўз илоҳий ҳикмати ила ихтиёр этди.

Юртимиз Ўзбекистон – жаннатмакон юрт,

Илму маърифатдан зиё сочган юрт,

Буюк келажакка кенг йўл очган юрт

Бизни қўллаб– қувватлаб дуода бўлсин!

Ўтмишни асрайлик–паноҳда бўлсин!

манба: bukhari.uz


Киритилган вақти: 10/08/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2109
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ilmning-avvali---marifatdir
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 20:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг