Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИФТОРЛИК-РИЁКОРЛИК ЭМАС

 
 

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, муборак Рамазон ойини барчамиз тинчлик, хотиржамликда ўтказиб келмоқдамиз. Бу ойнинг дастлабки ўн кунлиги – “раҳмат” даҳасида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Иккинчи ўн кунлиги мағфират даҳаси аталиб, холис ният билан рўза тутган кишиларнинг гуноҳлари кечирилади. Охирги ўн кунлиги эса “Дўзахдан нажот”, яъни Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлган, гуноҳларидан пок бўлганлар, албатта, дўзахдан нажот топадилар. Яна бу даҳани “Қадр даҳаси” ҳам деб атайдилар.

Пайғамбар (с.а.в.) марҳамат қилганлар: “Ҳайит намози ўқиладиган куни шайтон “дод” деб юборади. Шогирдлари: “Устоз, сизни ким хафа қилди” деб қайта-қайта сўрасалар ҳам тўхтамай йиғлайверади. Охири йиғисини боисини айтади: “Бир йил ҳаракати қилиб, Одам болаларини йўлдан уриб, уларга турли гуноҳларни қилдирувдим, бари куйиб кетди. Бир ой тутган рўзаси ҳурматига Аллоҳ уларнинг барча гуноҳларини кечириб юборди” деб жавоб беради.

Рамазон ойининг гўзал амалларидан бири бу ифторлик – эҳсонидир. Ифторлик ҳам эҳсондир, яъни бировга бирон неъматни бериш, яхшилик, эзгулик қилиш каби маънолар тушунилади. Бу амални қилиш билан киши савоб – мукофотларга эришади. Ёки ўша савобни ўтган яқинларининг руҳига бағишлаши ҳам мумкин. Эҳсон қилинувчи кишилар ҳам ўзларига кўрсатилган бу яхшилик, эътибордан севинадилар, қалбларида эҳсон соҳибига нисбатан меҳр, ҳурмат пайдо бўлади.

Қуръони каримда: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эзгуликдир” (Ар-Роҳман, 60), “...Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил!...” (Қасас,77); “Агар (шундан кейин) эзгу иш қилсангиз – ўзларингизга эзгулик қилган бўласиз...” (Исро,7) дея марҳамат қилиб эҳсоннинг фазилати, унинг ниҳоятда савобли амал экани ҳақида баён этади.

Аммо таассуфлар бўлсинки, баъзи бир ифторлик маросимларида хўжакурсинлик, дабдабабозлик ва исрофгарчилик ҳолатлари ҳам учраб турибди. Аслида ифторлик сўзи арабча сўз бўлиб, луғатда “оғиз очиш”, истилоҳда эса рўзадор кишига таом бериш, унинг оғзини очиб, дуосини олишликдир. Баъзи бир ифторлик маросимларида битта ҳам рўзадор одамнинг йўқлиги, аммо катта қўчқорлар сўйилиб, дастурхонлар ҳаддан зиёд безатилиши, уй қолиб ҳовлиларга стол-стуллар қўйилиб юзлаб одамларнинг меҳмонга чақирилиши мутлақо салбий ҳолатдир. Ифторлик риёкорлик эмас. Аксинча ундан савобга эришиш воситаси сифатида фойдаланиш лозим. Шундай экан динимиз кўрсатмаларига риоя этиш керак бўлади.

Бир йил аввал ифторлик маросимини ўтказаётган бир хонадонга бориб, ифторлик ўтказаётган уй соҳиби билан озгина суҳатлашдим. Суҳбат асносида шу нарса аён бўлдики, у киши бозордан ифторлик учун катта бир қўчқорни сотиб олибди, (у кишини эшитишича гўшт сотиб олса ифторликка ўтмас эмиш) дастурхонга ҳам каттагина маблағ сарфлабди. Шу биргина ифторлик учун ҳисобласак эҳсон соҳибининг икки ойлик маоши сарфланибди. Яна ҳам афсусланарлиси суриштирсам чақирилган меҳмонлар орасида бирорта ҳам рўзадор киши йўқ экан. Ваҳоланки ўша кишининг маҳалласида бир неча рўзадор кишилар бор эди. Сўнгра мен у кишига исрофнинг улкан гуноҳ эканлигини ифтор нима, ифторлик маросимини қоидалари, унинг моҳияти ҳақида тушунтирдим. Ўйлайманки албатта у киши тўғри хулоса чиқариб олди.

Ифторликнинг одоби ҳар ким ўз имкониятига қараб, рўза тутган кишиларни уйига чақириб меҳмон қилишлик ва уларнинг дуоларидан баҳраманд бўлишликдир. Дастурхон ҳам меъёрда бўлишлиги ортиқча исрофга йўл қўйилмаслиги лозим, зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Албатта Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди”, дея марҳамат қилган. Пайғамбаримиз а.с. эса ҳадисларида “Ҳар бир (катта-ю - кичик) исроф ҳаромдир” дея таъкидлаганлар.

Ифторлик маросимида чиройли суҳбатлар қуриш лозим. Асло ғийбат, фитна – фасод, иғво, бузғунчи сўзлар гапирилмаслиги лозим. Акс ҳолда ўша ифторлик маросимининг савобига дарз кетади.

Рўзадорлар қайтишаётганда эса тоза сочиқлар тутиб, илиқгина сув билан қўлларини ювдирса ўша хонадоннинг баракоти янада зиёда бўлади.

Яратгандан барчамизга Рамазон ойининг, рўзанинг яхшиликлари йил давомида ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламиз.


Киритилган вақти: 24/06/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2093
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/iftorlik-riyokorlik-emas
Чоп этилган вақт: 17/06/2021 00:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг