Ифторлардаги исрофгарчиликлар
Жаннатмакон юртимизга ўн икки ойнинг султони бўлмиш, ўз номи билан гуноҳларнинг куйдиргувчиси бўлган, яхшилик ва барча эзгу амалларнинг мукофотлари бошқа ойлардагидан кўпроқ қилиб бериладиган муборак Рамазон ойи ташриф буюрди. Бу ой шундай ойки яхши амалларда бир биримиз билан мусобақалашадиган, охиратимиз учун амал сандиқларимизни тўлдирадиган тенги йўқ фурсатдир. Шундай экан бу улуғ ойни ғафлатда, бебаҳра ўтказиб юбормайлик.
Рамазон ойи кириб келар экан жомеларимиздан ихлосманд халқимизнинг қадами узилмайди. Кимдир ибодат, яна кимдир рўзадорлар учун ифторлик қилиб бериб, ажр савобга эга бўлсам, марҳум ва марҳумаларимнинг руҳониятларини шод этиб, рўзадорлар учун дастурхон ёзсам каби мурожаатлар билан ҳузуримизга тез-тез кела бошлайдилар. Шу муносабат ила бу борадаги айрим тушунмовчиликлар, бидъат ва хурофотларга барҳам беришлигимиз энг муҳим муаммоларимиздан биридир.
Салмони Форсий розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба ўқиб шундай дедилар:
“Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой келмоқда. У ойда бир кеча борки, у минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечаси намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У хайр эҳсон улашиладиган ой. Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан кам бўлмаган савоб берилади”.
Шунда биз: “Эй Расулуллоҳ! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку” дедик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорни қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга Ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди” дедилар”.
Мазкур ҳадиси шариф мазмунидан маълум бўлмоқдаки, рўзадорга ифторлик қилиб бераётган одам учун дастурхоннинг катта кичиклиги эмас балки, унинг кўнглидаги нияти ва ихлоси бирламчидир.
Минг афсуслар бўлсинки, охирги пайтлар ифторлик каби эзгу амалнинг ҳам ўрни йўқолиб, дабдаба, кимўзарлик кўринишида кафе ва ресторанларда ўтказилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Савоб оламан деб, билиб билмасдан гуноҳга, хатога қўл уриб қўймоқдамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
ﻭﺍﻟﺬﻳﻦ ﺇﺫﺍ ﺃﻧﻔﻘﻮﺍ ﻟﻢ ﻳﺴﺮﻓﻮﺍ ﻭ ﻟﻢ ﻳﻘﺘﺮﻭﺍ ﻭ ﻛﺎﻥ ﺑﻴﻦ ﺫﻟﻚ ﻗﻮﺍﻣﺎ
ﺳﻮﺭﺓ ﺍﻟﻔﺮﻗﺎﻥ/67
“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида-мўътадилдир” (Фурқон сураси/67)
Ушбу ояти карима маъносига амал қилиб, эҳсон дастурхонларимизни исроф ва дабдабадан холий тарзда, фақат Ўзининг розилигини истаган ҳолда ўтказишга ҳаракат қилайлик.
Бугун бандасини маънавий, руҳий жиҳатдан тарбиялайдиган улуғ бир фурсат Рамазон ойи бошимиз ўзра кўланка ёзиб турибди. Бу эзгу ишларимизни мана шу ойда ўтказиладиган ифторликларимиздан бошласак, нурнинг устига яна нурни қўшганимиз билан тенг бўлади инша Аллоҳ. Аллоҳ таоло юртимизга Ўзининг шундай улкан неъматларини бераётган эканки уларнинг қадрига етиб, шукур қилайлик. Исроф қилиб қўймайлик.
Киритилган вақти: 28/05/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2085
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 14:33