Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ҳусни хулқ – мўминнинг ахлоқи

 
 

Динимиз инсонларнинг бахт-саодатини кўзлаган адолатли диндир. Инсонни жамиятда гўзал ҳаёт кечириш учун унга лозим бўлган сифатларни тавсия этади. Ўша фазилатлар билан хулқланиб жаннатга киришни таклиф этади. Дарҳақиқат, жаннатда кўзлар кўрмаган, қулоқлар эшитмаган, ҳаёлларга ҳам келмаган, беҳисоб, битмас туганмас, эскирмас, бузилмас, ҳар луқмаси, ҳар ютуми ўзгача лаззатларга бой бўлган турфа хил неъматлар бор.  Ана шу неъматлар гўзал ахлоқ эгаларига ваъда қилинган. Улар жаннатда абадий, ғам ташвишсиз ҳаётга эришгайлар, энг муҳими Ҳақ субҳану ва  таолонинг жамолини кўришга муяссар бўлгайлар.

Турли бало-ю офатлардан, ташвишлардан иборат бу қисқа ва ўткинчи дунёнинг алдоқчи завқларига берилмай, борлиқ подшоси ва Унинг маҳбуби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатган энг гўзал сифатларни эгаллаб, жаннат ва Жамоли Илоҳияни мушоҳада этишга умид қилиш ва интилиш лозимдир.

Ҳазрати Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) айтдилар: " Гўзал хулқ диннииг ярмидир "  Жуда  муҳим нарса бу!

Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу  ривоят қилган бошқа ҳадисда эса бундай дейилади: "Сизлар  гўзал ҳулқли бўлингизлар, чунки  гўзал  ҳулқ соҳиби ҳеч шубҳасиз жаннатдадир. Чунки ёмон ҳулқ соҳиби, ҳеч шубҳасиз дўзахдадир..."

Яна бир ҳадиси шарифда шундай  дейилган: " Қиёмат кунида мўминнинг тарозисида энг оғир келадиган нарса гўзал хулқдир."

Аллоҳ мўминларни енгиллик , юмшоқлик сифатлари билан эслайди. Бу икки хислат ахлоқи ҳасана - гўзал хулқлардандир. Қуръони каримда ҳам бу икки ахлоқ  мадҳ этилган . Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ва юмшоқ  муомалалари соясида замонасининг жоҳил ва разил  қалбли инсонлари унинг  атрофида жам бўлишиб, иймону Исломга мушарраф бўлишди. Дин йўлида ҳатто жонларини фидо қилишдан қайтмадилар. Ҳолбуки, агар Пайғамбаримиз қаттиқ қалбли бўлса эди, мазкур  яхшиликларнинг ҳеч  бири содир бўлмаган  бўларди.

Демак, гўзал ахлоқ охиратда Жаннатга кирмоқ сабабидир. Тарозида  тош босади, оғир келади ! У - Аллоҳ севган нарсадир. Гўзал ахлоқнинг дунёда ҳам, охиратда ҳам фойдаси бор.

Мўминлар Куръонга амал қилишда Роббимизнинг "Ва албатта сен улкан хулқ устидасан", деб васф этган Пайғамбари саллоллоҳу алайҳи васалламдан ибрат оладилар. Чунки, Пайғамбаримизнинг  хулқлари  Қуръон эди. Аллоҳ бандаларини дунё ва охиратда уларнинг сурати ва мол давлатига қараб эмас , балки уларнинг тақвоси ва гўзал хулқларига   қараб  даража ва мартабаларини кўтаради.

А.Расулов - Пастдарғом туман "Бешнайман" жомеъ масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 22/06/2020 14:40;   Кўрилганлиги: 927
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/husni-xulq-mominning-axloqi
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 19:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг