ҲАЁ ИЙМОНДАНДИР
“Ҳаё” сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир.
Уламолар ҳаёни турлича таъриф қилганлар:
Журжоний: «Ҳаё нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан ҳазир бўлиб, уни тарк қилишидир», деган
Ислом уламолари шундай дейдилар: «Ҳаё икки хил булади:
Биринчиси – нафсоний. У барча нафсларда халқ қилинган бўлади. Мисоли авратни очишдандан ҳаё қилиш кабилар.
Иккинчиси – иймоний. У, мусулмоннинг Аллоҳ таолодан қўрқиб ҳаром ишларни қилишдан тийилишидир»
Ҳақиқий ҳаё шудир. Одам зотини хилқатида ёзилган ҳақиқий ҳаё шу иймоний ҳаёдир.
Кимда ана шу иймоний ҳаё бўлса унга Аллоҳ таоло томонидан катта неъмат берилибди. Чунки ҳар бир инсон икки дунё саодатига ана шу иймоний ҳаё билан эришади. Кимда агар аксинча бўлса икки дунё саодатидан маҳрум қолибди. Ҳаё барча яхшиликларнинг манбаидир. Ҳаёнинг кетиши эса барча яхшиликларнинг кетишидир. Кишининг дунёда гуноҳга қўл уриши, аста секин ҳаёсини кетишига сабаб бўлади. Ёки шу ҳолда давом этиши бир йўла ҳаёсини йўқ қилиб юбориши мумкин. Бундай киши шариатда фосиқ дейилади. Фосиқ кишини жамоат жойларда уятли, шариат ман қилган ишларни очиқ қилиши унинг иймонсизлигидандир.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ал ҳаяу минал ийман”, яъни “Ҳаё иймондандир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисларида “Ҳаё фақат яхшилик келтиради” деб айтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали “Лаа илааҳа иллаллоҳ” демоқлик ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир”,-дедилар”, дейилган.
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса расулларнинг суннатларидандир: ҳаё, хушбуй сепмоқлик, мисвок ва никоҳ”, дедилар”.
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири: “Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер” дир”, дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё иймондандир, иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир. Жафо дўзахдадир”, деб айтдилар”.
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Роббингиз ҳаёли ва кариймдир. Бандаси Унга икки қўлини кўтарса, У зот уларни бўш қайтаришдан ҳаё қилади”, дедилар”, дейилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дийннинг ўз хулқи бордир. Исломнинг хулқи ҳаёдир”, дедилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Фаҳш нимада бўлса, албатта, ўшани шарманда қилади. Ҳаё нимада бўлса, албатта, ўшани зийнатлайди”, дедилар.
Яъни кишини дунёда инсон табиатида бўлмаган фаҳш ишларни қилиши ҳайвоний сифатдир. Чунки хеч бир ҳайвонга ҳаё берилмаган. Биз инсонлар барчамиз бунинг шоҳидидирмиз.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаёсизликдан асрасин.
Киритилган вақти: 10/02/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3232
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 17:18