Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ҲАР БИР КУННИНГ ЎЗ ВАЗИФАСИ БОР

 
 

Мустақиллик шарофати билан қишлоқларимиз қиёфаси тобора гўзаллашиб бормоқда. Қишлоқ аҳолиси Ватанимиз бойлигига бойлик қўшиш ва халқимиз дастурхонини ноз-неъмат билан тўлдириш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Уларнинг шарафли меҳнатлари билан етиштирилган маҳсулотлар тобора ортиб бормоқда.

Дарҳақиқат, халқимизнинг ризқу-насибаси, бозоримиздаги арзончилик, дастурхонимиздаги тўкинчилик, деҳқону-боғбонларимиз етиштирадиган ҳосилнинг мўллиги ва салмоғига боғлиқ. Шу сабабдан ҳам деҳқончилик қадимдан улуғ ва шарафли касб саналган. Каломи шарифда бундай марҳамат қилинган: “Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур”. (Тавба,105) Ҳадиси шарифда эса: “Бир киши бирор бир дарахт экса, Аллоҳ таоло экилган дарахт берган ҳосил эвазига кўплаб ажру-савоблар ато этади”, дея марҳамат этилган. Ривоят қилинишича, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо олдиларидан ўтиб бораётса, у зот ёнғоқ кўчатини экаётган эканлар. У киши Абу Дардога қараб “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг мевага кирадику”, деди. Абу Дардо унга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”, деган эканлар. Истиқлол йилларида муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги, хусусан деҳқон ва фермерлар учун кенг имконият яратилиб, уларга катта эътибор берилди. Бугунги кундаги юртимиз иқтисодиётида эришилаётган ютуқлар ана шу эътибор маҳсулидир.

Баҳорнинг ҳар они, ҳар лаҳсази ғанимат. Ўтаётган ҳар кунимизнинг ўз вазифаси бор. Бу кунларнинг вазифасини нафақат деҳқон-фермерлар, балки ҳар бир юртдошимиз чин юракдан ҳис қилмоғи лозим. Ҳовли-томарқамиздан ҳам унумли фойдаланмоқ зарур. Афсуски аксарият ҳолларда бозордаги кўкатларни харид қилаётганларнинг кўплари кенг томорқа эгаларидир. Биз исроф деганда кўпинча пулни беҳуда сарфлашни тушунамиз. Аммо ерни эътиборсиз, экин экмай фойдаланмаслик ҳам исроф-гуноҳ эканини унитиб қўямиз.

Яратгандан бу йилги баҳор фасли янада барокатли бўлишини, деҳқончилик ва зироатда, жумладан, пахта, ғалла, мева-сабзавот, пиллаю-чорвачиликдан халқимизнинг ризқу-насибаси зиёда бўлишини дуо қилиб сўраймиз.


Киритилган вақти: 19/03/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3433
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/har-bir-kunning-oz-vazifasi-bor
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 01:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг