Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ҳар бир ишдан ҳикмат изламоқ даркор

 
 

Бир қишлоқда камбағал чол яшаган экан. Унинг бисотидаги яккаю-ягона чопқир отига ҳатто подшоҳлар ҳам ҳавас қилишар экан. Оти учун жуда кўп пул таклиф қилишса ҳам у сотмас эди. Чол: “Бу менга нафақат от, балки дўстим. Дўстни қандай сотаман?", - дер экан.

Аммо бир куни эрта билан от боғланган жойидан ғойиб бўлди. Бутун маҳалла йиғилиб чолни тергай бошлашди: “Эҳ, нодон чол, - дейишарди унга. – Отни бир куни ўғирлаб кетишларини билардик. Сотганингда яхши эмасмиди? Қандай омадсизлик!”

Чол деди: “Мен отимни ўғирлашдими ўзи кетдими, билмайман. Бу воқеа ҳам омад ёки омадсизлик экани ҳаммамизга қоронғу. Оқибати Аллоҳга аён”.

Халойиқ унинг устидан кулиб тарқалди. Қишлоқ аҳли чолни аввалдан сал соддароқ деган фикрда эдилар. Бироқ ўн беш кун ўтиб кутилмаганда от қайтиб келди. Қайтиб келганда ҳам ўзи билан бирга тўртта тойни эргаштириб келди. Одамлар яна тўпланиб: “Эй, чол сен ҳақ экансан, бу омадсизлик эмас, бахт экан”, дейишди. Чол яна: “Отим йўқолганди, яна пайдо бўлди. Бу бахт ёки бахтсизликлигини ҳеч қайсимиз билмаймиз. Сиз гапдаги биргина сўзни ўқиб, бутун китобнинг мазмунини била олмайсиз-ку!”, деди. Лекин одамлар яна “Чол ноҳақ, ахир унинг отлари кўпайди-ку”, деб ўйладилар.

Чолнинг ёлғиз ўғли тойларни минишга ўргата туриб, отдан йиқилди ва оёғи синди. Халқ: “Ана омадсизлик! Сенинг ёлғиз ўғлинг оёғи синиб, бетоб бўлди. Ундан кўра отни сотганингда ҳеч бўлмаганда, пуллик бўлиб қолардинг”, дейишди. Бу сафар ҳам чол уларга қараб: “Сиз ҳукм чиқаришга шошилманг. Мен ўғлимнинг оёғи синганини биламан, аммо бунинг ҳам омад ёки омадсизлигини Аллоҳдан бошқаси билмайди”, деди.

Орадан бир неча кун ўтиб, мамлакатда уруш бошланди-ю ҳамма ёшларни ҳарбийга олиб кета бошладилар. Фақат чолнинг ўғли оёғи сабабли урушга бормади. Халойиқ урушда мағлуб бўлганлари ва кўпчилик урушга кетганлар ҳалок бўлганларини кўриб, чол ҳузурига келдилар ва йиғлаб: “Сен ҳақ экансан, ўғлингнинг чўлоқлиги бахт экан. Мана у сен билан бирга, бизларнинг болаларимиз энди ҳечам қайтмайдилар”, дейишди.

Чол яна ўша гапларини такрорлади: “Сизларга шунча гапларим бекор бўлган кўринади. Ҳеч ким бир воқеанинг ортидан қанақаси келишини билмайди. Шошилиб ҳукм чиқариш онгнинг қотиб қолишидан дарак. Бир ҳодисанинг ортидан бошқаси келади, бир қисм тугаб бошқаси бошланади, бир эшик ёпилиб, бошқаси очилади. Сиз бир чўққига чиқсангиз, ундан-да баландроғи кўринади. Ҳар бир ишдан яхшилик, ҳикмат изламоқ даркор...”.

ҲУСАН БЕКҚУЛОВ – ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги мутахассиси (манбалар асосида)


Киритилган вақти: 11/02/2020 17:10;   Кўрилганлиги: 980
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/har-bir-ishdan-hikmat-izlamoq-darkor
Чоп этилган вақт: 17/05/2024 00:37
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг