Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ҳамза розияллоҳу анҳунинг исломни қабул қилишлари

 
 

Исломнинг илк даврлари, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам даъватни махфий олиб бораётган кунлар эди. Инсонлар ота-боболаридан қолган динни тарк этиб, аста-секин исломга киришарди. Қурайшнинг катталари эса исломга киришларини ман қиладиган нарсалар сабабли янги динни қабул қилгилари келмас, лек уларнинг орасида бу нарсаларга эътибор бермасдан исломга кираётганлари ҳам бор бўлиб, шундай инсонлардан бири Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ва эмикдош биродарлари бўлмиш Ҳамза ибн Абдул Мутталибдир.

Ҳамза жиянининг улуғ ва комил инсон экани ҳамда унинг ишининг ҳақиқатлигини ва гўзал ҳислатларини жуда яхши биларди. У жиянини фақатгина амаки сифатида эмас, балки биродари ва дўсти сифатида эътироф этарди. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан деярли тенгдош, бирга ўсиб, бирга ўйнаб, бирга биродар тутиниб, қадамма-қадам юриб улғайган эди.

Гарчи ёшликда бир хил йўлда бўлган бўлсаларда, улғайгач, Ҳамза ўз тенгқурлари билан дунёнинг яхшиликларидан фойдаланишда рақобатлашиб, Макка ва Қурайш зодагоналари орасидаги ўз обрў-эътиборини ошириш йўлини танлади. Аммо Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаллам эса Аллоҳнинг йўлини, ёритиб бераётган нурини ибодат билан зиёда қилиш ҳамда уни чуқур тафаккурга чўмдириб, ҳаётнинг ғавғоларидан йироқ қилаётган, қалбининг тубидан чиқаётган нидо ҳақида ўйлаб, тайёргарлик кўрар эдилар.

Иккисининг танлаган йўллари ҳар ҳил бўлишига қарамай, Ҳамза ўзининг жияни ва тенгқури бўлган Расулуллоҳнинг барча комил фазилатларини бир зум ҳам унутмаганди. Албатта, бу каби комил фазилатлар ва гўзал аҳлоқлар эгаси барча инсонлар қалбларида юксак мақомга эга бўлиб, унинг буюк истиқболи учун ойдин ва равшан сурат чизиб берди.

Бир куни эрта тонгда Ҳамза одатдагидек кўчага чиқди. Каъбанинг ёнига келиб, у ерда Қурайш бошлиқлари ва саййидларидан бир гуруҳини кўриб қолди. Улар билан бирга ўтириб, нима ҳақида суҳбатлашаётганларига қулоқ тутди. Ўтирганлар Муҳаммада соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида гаплашаётган эдилар. Ҳамза қараса, улар биринчи бор жиянининг даъвати ҳақида хавотирга тушиб гапиришар ҳамда сўзларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан аччиқланиш, ғазаб ва ҳасадга урғу беришаётганини билдиришар эди. Муҳаммаднинг даъватига илгари бу қадар эътиборлари йўқлигини ва бефарқ эканликларини изҳор қилгандай бўлар эдилар. Аммо бугунчи? Юзларида хавотир мавж уриб, ғазаб билан гўё у Зотни ғажигудай сўзламоқдалар!!! Ҳамза уларнининг сўзларини эшитиб узоқ кулди, сўнгра уларни ҳаддан зиёд ошириб, ёмон гумон қилишда айблади.

Шунда Абу Жаҳл ўрнидан туриб ўтирганларга: «Албатта, Ҳамза Муҳаммад даъват қилаётган нарсанинг ҳабарини ҳаммадан кўра яҳшироқ билади, лекин у буни енгил санаб, ҳатто Қурайш уйқуга кетиб, сўнгра тонгда уйғонганида ҳамма ер расво бўлиб, жиянининг иши ғолиб бўлишини истайди», деди.

Мушриклар бир-бирларига ҳайқириб ва дўқ-пўписа қилиб суҳбатларини давом эттиришарди… Ҳамза эса бир табассум қилиб, бир жаҳли чиқар эди. Ҳамма тарқаб, уй-уйига жўнаб кетгач, Ҳамза бошини янги фикрлар ва хавотирлар билан оғирлаштириб ўзи билан ўзи баҳслашиб, жиянининг даъвати ҳусусида ўйлай бошлади.

Кунлар кетидан кунлар ўтиб, Қурайшнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган даъватлари атрофидаги ҳайқириқ ва хавотирлари янада зиёда бўлди. Сўнгра бу хавотирлар жанжалга айланди. Ҳамза эса бу воқеаларни узоқдан кузатиб турди. Жиянининг сабот билан туриши Ҳамзани ҳайратга сола бошлади. Чунки у Зотнинг ўз иймони ва даъвати йўлидаги фидоийлиги барча Қурайш учун илгари кўрилмаган янгилик бўлганди. Агарда ўша кунларда бирор бир шак Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ростгўйликлари ва буюк фазилатлари ҳусусида бирон инсонни шубҳага сола олса, бу шак Ҳамзанинг қалби ва хаёлига сира йўл топа олмасди. Ҳамза Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни гўдаклигидан то улғайгунча инсонлар орасида энг яхши билувчи зот эди. Тез кунларда Ҳамза Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламга иймон келтиришни қалбига тугиб қўйди. Ўша кун етиб келди...

Ҳамза камонини елкасига осган ҳолда, севимли машғулоти бўлмиш овчилик қилиш учун саҳрога томон юзланиб уйидан чиқди. У овчилик бобида ниҳоятда моҳир эди. Севимли машғулотини тугатиб, ўлжаси билан уйига қайтаётганида, одатига кўра тавоф қилиш учун Каъба томон йўл олди. Каъбага бир оз қолганда Абдуллоҳ ибн Шудъоннинг ходимаси унга йўлиқди. Ходима Ҳамзани кўрибоқ: «Эй Абу Умора, агарда жиянинг Муҳаммадга хозиргина Абу Ҳакам ибн Ҳишомдан етган озорни кўрганингда эди,уни ўша ерда ўлдириб қўйган бўлар эдинг. Уни Каъба ёнида кўриб қолиб, сўкиб ҳақоратлаб қаттиқ озор бериди», деди ва Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қандай озор берганини бирма-бир айриб берди. Ҳамза унинг сўзини диққат билан тинглади, бироз сукут сақлаб, сўнгра камонини олиб елкасига осдида, тез ва шаҳдам қадамлар ташлаб, Абу Жаҳлни учратиб қолиш мақсадида Каъба томон юриб кетди. Агар Каъба ёнида уни учрата олмаса, албатта, бошқа ерларни қидириб уни топишга аҳд қилди. Бироқ Каъбага етгач, Абу Жаҳл бир гуруҳ Қурайш зодагонлари орасида ўтирганига кўзи тушди. Ҳамза ўзини босган ҳолда Абу Жаҳлнинг ёнига келиб, камони билан уни бошига бир туширди. Абу Жаҳлнинг боши яраланиб қонаб кетди. Ҳамза Абу Жаҳлга қарата қичқирди: «Муҳаммадни ҳақорат қилдингми? Билгинки, мен ҳам унинг динидаман. У айтган сўзни мен ҳам айтаман. Агар қодир бўлсанг, менга жавоб қайтар». Ўтирганлар барчалари бошлиқлари устига тушган хорликни ва унинг бошидан оқаётган қонни бир лаҳзага унутиб қўйишди. Уларни устиларига яшиндак тушган Ҳамзанинг сўзлари машғул қилиб қўйганди. Бу шундай сўзлар эдики, улар орқали Ҳамза Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динига кириб, у айтаётган сўзни айтишини билдирганди.

−Ҳамза Исломни қабул қилдими?!

−Қурайшнинг энг бақувват ва улуғ йигити-я?! Бу Қурайш устига тушган катта бир ҳалокат эдики, уни қайтаришга қодир эмасдилар. Ҳамзанинг Исломни қабул қилиши, сара инсонларнинг кўпчилигини тез кунда Ислом томонга бошлаши мумкин. Бу билан Муҳаммад ўз атрофига тез орада кучига куч қўшадиган, даъватини қувватлайдиган куч ва қувватни топиши мумкин. Натижада қурайшликлар кунлардан бир куни ўз бут-санамларини парчалаб ташлаётганининг шовқинини эшитиб уйғонади!!! Ҳа, албатта, Ҳамза иймон келтирди ва Қурайш бошлиқларига ҳафсаласини пир қилган мушрик жамоатни тарк қилиб, қалбини Исломга бағишлаганини эълон қилди.

Абу Жаҳл ёрилган бошидан оқаётган қонни артиш билан машғул бўлиб турган пайтда Ҳамза камонини елкасига осиб, шаҳдам қадамлар ташлаб уйи томон равона бўлди. У теран ақл ва юксак қалб соҳиби ҳам эди. Уйига қайтгач, куннинг ғавғоларидан фориғ бўлиб, фикр қилиш учун ўтирди. Ҳозиргина бўлиб ўтган ҳодиса ҳеч ҳам кўз ўнгидан кетмасди.Ўзи Исломини қандай қилиб ва қачон эълон қилди …?! Дарҳақиқат, у ўз Исломини ғазаб ва нафратга тўлиб, қизишган лаҳзаларда эълон қилди. Жияни бирор ёрдамчи тополмай ҳақорат қилиниб, зулмланганлигига ғазаб қилиб, бани Ҳошимнинг шарафини ҳимоя қилган ҳолда, Абу Жаҳлнинг бошини ёриб унинг юзига Исломни қабул қилганини очиқ- ойдин эълон қилди. Лекин инсон учун асрлар давомида амал қилиниб келган ота-боболарининг динини тарк қилиб, ҳақиқатини оз билган ва таълимотини ўрганиб чиқмаган динни қабул қилишнинг энг тўғри йўли шу бўла оладими? Ҳақиқат шуки, Ҳамза Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ростгўйликлари ва ниятларининг поклигига заррача ҳам шубҳа қилмас эди. Бироқ киши бутун фарзлари ва масъулиятлари билан янги динни ғазабга тўлган ҳолда қабул қилиши мумкинми? Бас, Ҳамза тафаккур қила бошлади…. Орадан бир неча кунлар ўтди, аммо Ҳамза на кундузи ва на кечаси тинч ором оларди. Шундай қилиб, Ҳамза Ислом ҳақиқатига етишиш учун ота-боболаридан қолган эски дин билан янги динни таққослаб тарозуга солиб, ақлини бир оз ишлатиб кўрган эди, ҳатто нафсига ота-боболаридан мерос қолган динга фитрий хоҳиш ва ҳар бир янги синалмаган нарсадан фитрий қўрқув ҳосил бўлди. Унинг хаёлидан Каъба, олиҳалар ва бутун бошли санамлар ва ота-боболаридан қолган дин ва унинг натижасида қурайш аҳли ва бутун Маккадан келган обрў-эътибор ўта бошлади. Дарҳақиқат, унинг қалбида жияни байроғини кўтарган бу янги даъватга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром чексиз эди. Аммо агар унга мана шу даъватга иймон келтириб, унга эргашиб ва уни ҳимоя қилиш тақдир қилинган бўлса, бу динга киришнинг энг муносиб вақти қачон бўлиши мумкин? Ғазаб ва нафратга тўлиб тошган лаҳзалардами ёки ақлини ишлатиб чуқур фикр юргизган вақтдами? Шундай қилиб, қалбининг тўғрилиги ва фикрининг поклиги унинг бу иш ҳусусида янгитдан, чуқур ва нозик равишда фикр қилишга чорлади. Ҳамза таажжуб қилиб, қандай қилиб инсон бу қадар осонлик ва тезлик билан ота-бобосининг динини тарк қилиши мумкин деб ўйлай бошлади ва қилган ишидан надомат чекди. Лекин яна ўзига келиб ақлига мурожаат қилди. Қараса, ҳаққа етишишга ақлнинг ўзи кифоя қилмас экан. Сўнгра у Каъбанинг ёнига бориб, кўзларини самога қаратган ҳолда унга ҳидоят йўлини кўрсатишлиги учун Аллоҳ таолога ёлвориб тазарру билан дуо қила бошлади.

Ҳамза розияллоҳу анҳу умрларининг охиригача исломни ва Расули акрам соллалоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб ўтдилар. Ва умрларини охирида буюк шаҳид мақомини олдилар, қандай буюк унвон. Барчаларимизга у зот каби исломга хизмат қилиш насиб этсин.

Жамолиддинов Ҳусанбой - Кўкалдош Ўрта Махсус Ислом билим юрти 3 курс талабаси.


Киритилган вақти: 21/11/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2772
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/hamza-roziyallohu-anhuning-islomni-qabul-qilishlari
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 13:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг