Ҳалол ризқ
Ислом дини тўлиғича поклик асосида қурилгандир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳалол касб ва ҳалол йўл билан ризқ топишга ва пок нарсаларни истеъмол қилишга буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай мархамат қилади:
“Эй, иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукур қилинглар, агар У Зотга ибодат қиладиган бўлсаларингиз.” (Бақара 172).
Бу илоҳий амр банданинг фойдаси учундир. Пок нарсаларни еган ва ундан фойдаланган инсон ҳам моддий ва ҳам маънавий соғлом бўлади. Демак, пок нарсаларни яратган ва пок нарсаларни истеъмол қилишга амр қилган Аллоҳга шукр қилиш мўмин банданинг бурчидир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай насиҳат қиладилар: “Сизларга нима ҳалол қилинган бўлса, уни олинглар, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан четланинглар.” (Ибн Можа ривояти).
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг доимо ҳалолликка эътибор беришлиги хақида шундай дейди:
“Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча ўша қул таом олиб келди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ундан бир луқма еган вақтида қул у кишига сизга нима бўлди? Ҳар кеча мендан олиб келган нарсаларимни қайси йўл билан топиб келганим ҳақида сўрар эдингиз, бу кеча эса сўрамадингиз деди.
Буни ейишга мени очлик мажбур қилди. Буни қайси йўл билан топиб келдинг? – деди Абу Бакр розияллоҳу анҳу.
Жоҳилият пайтида бир қавм олдидан ўтаётиб уларга дам солган эдим. Ўша пайтда улар менга бирор нарса беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан, ўша ваъда қилган нарсаларини беришди – деди қул.
Мени ҳалок қилай дебсан-ку деди Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва қўлини оғзига тиқиб қусишга харакат қила бошлади. Еган нарсаси эса чиқмади. У кишига бу нарса фақат сув билан чиқади дейилди. У киши бир идишда сув олиб келишларини буюрди. Сув келтирилгач ундан ичиб қусишга уринди. Охири еган нарсасини чиқариб ташлади. Шунда у кишига Аллоҳ раҳмингизни есин, бир луқмани деб шунчалик қиласизми? – дейилди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу агар еган нарсам жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида ҳам, албатта чиқарар эдим. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг “Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга дўзах вожибдир” , деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин деб қўрқдим”, деди.
Аллоҳдан қўрқган мўмин инсон доимо ҳалолликка эътибор бериб, ҳаромдан ҳазар қилади. Атрофимизда яшаб турган кишилар орасида ҳам шундай ҳалол кишилар топилади. Бир юртдошимиз хорижга сафарга чиқибди. Совға-салом сотиб олиш мақсадида дўконга кирибди. Пулини тўлаш учун ҳисобчига мурожаат қилганида ҳисобчи 4.45 $ тўлашлигини айтибди. Ваҳоланки, ҳаридорнинг хисоби бўйича олган нарсалари 44.5 $ бўлиши керак экан. Шунда харидор ҳисобчига сиз адашдингиз дебди. Ҳисобчи аёл ундан норози бўлиб, бўлиши мумкин эмас деб қўрслик қилибди. Шунда дўкон раҳбарларидан бири келиб, баҳсга аралашиб, сиз ноҳақсиз машина ҳисобда адашмайди деганида, машина адашмаслиги мумкин, лекин одам хато қилиши мумкин-ку дебди харидор. Шундан кейин ҳисобчи олинган нарсаларни қайта ҳисоб-китоб қилса, харидор ҳақ бўлиб чиқибди. Ҳисобчи эса харидорга ҳам раҳмат айтибди, ҳам ҳайратланибди. Тўланиши керак бўлган қўшимча 40.05 $.ни олмай, аксинча ҳалоллиги учун мусулмон харидорга совға берибди. Ғайридинлар мусулмонларни бундай ҳолда кўргач, албатта, мусулмонларга нисбатан муҳаббатлари уйғонади. Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон киши жамиятда ўзи ҳалоллиги ва художўйлиги билан бошқаларга ибрат бўлиши лозим.
"islomobod.uz"дан
Киритилган вақти: 31/10/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3449
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 22:39