Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ҳалол меҳнат икки дунё саодати

 
 

Халқимизда меҳнатдан келса бойлик турмуш бўлар чиройлик деган ажойиб мақол бор. Албатта меҳнат кишини улуғлайди. Аммо меҳнат қилиш учун ҳам кишида илм, ақил, фаҳму фаросат бўлиши керак. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 172- оятида “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”-деб марҳамат қилганлар. Демак меҳнатимиз ҳалоллик асосида бўлиши ва поклик мезонида ўлчанишлиги керак экан.

Тарихга назар соладиган бўлсак Одам (а.с) деҳқончилик, Идрис (а.с) хаттотлик, Нуҳ (а.с) дуродгарлик, Довуд (а.с) эса темирчилик билан шуғулланишган. Пайғамбарлар меҳнат билан шуғулланиб бизларга ўрнак бўлган экан, бизлар ҳам ўзимиз ёқтирган касбнинг устаси бўлиб, оиламизни ҳалол покиза ризқ билан боқишимиз керак.

Имом Бухорий ривоят қилган хадисда Пайғамбаримиз(с.а.в) шундай деганлар: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолага юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган холида йўлиқади”. Бу ҳадиси шариф ҳар биримизнинг дастурул амалимиз бўлиши зарур.

Ҳалол меҳнат кишини улуғлайди ва жаннат тамон етаклайди. Табароний ривоят қилган хадисда Пайғамбаримиз(с.а.в) шундай марҳамат қилганлар: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракатгина каффорат бўлади”. Шундай экан келажагимиз бўлмиш жондан азиз фарзандларимизга ҳалол касб ҳунар ўргатиб, ҳеч қачон ўзгаларнинг хаққига кўз тикмайдиган, ватани, халқи, дини учун жон фидо қиладиган руҳда тарбия қилмоғимиз лозим.

Бугунги кунда хорижга бориб ишлашнинг хеч кераги йўқ. Ҳалол меҳнати билан пул топиб, оила тебратган, ота-отасини муборак хаж сафарига юбораётган фарзандларнинг сон-саноғи йўқ. Ўзбекистондек жаннат макон юртнинг фарзанди бўлишдек бахтни теран англаган ҳолда, шундай юртнинг қадрига етиб яшаш хаммамизга насиб этсин. Омин.


Киритилган вақти: 25/12/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2346
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/halol-mehnat-ikki-dunyo-saodati
Чоп этилган вақт: 03/03/2024 19:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг