Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ГЎДАКЛАР АЛЛОҲНИНГ РАЙҲОНЛАРИДИР

 
 

“Молу-дунё ва фарзандлар – ҳаёт зийнатидир” (“Каҳф”, 46-оят)

Аллоҳ таоло инсонга кўп неъматлар ато этди. Аммо шу неъматлар ичида энг буюги - фарзанддир. Фарзандлар кўзимиз нури, қалбимиз қувончи ҳамда ҳаётимиз давомчиларидир. Шубҳасиз фарзандли бўлган онларимиз ҳаётимизнинг энг бахтли саҳифаси сифатида бир умр хотирамизда муҳрланиб қолади. Ҳазрати Фотима туғилган пайтларида Расулуллоҳ “Бу райҳонни Аллоҳ ҳидлаб туришлигим учун менга ризқ қилиб берган”, деган эканлар. У зот гўдакларни ниҳоятда ардоқлаганлар. Баъзан намоз ўқиб, сажда қилиб турган пайтларида набиралари Ҳасан ва Ҳусайнлар у кишининг устларига чиқиб олар эканлар. У зот “болаларнинг ўйини бузилмасин, улар безовта бўлмасин” дея саждаларида узоқ муддат турар эканлар.

Ёшлик чоғларида ҳаётимиз сурури бўлса, катта бўлганларида беминнат кўмакчимиз, суянчимиз бўлишади. Вафотимиздан сўнг эса уларнинг солиҳ амаллари туфайли савобимиз зиёда бўлади.

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Инсон дунёдан ўтгач, унинг амал дафтари ёпилади. Фақат унинг уч амалидан савоб етиб туради. Булар: қолдирган илми, қурдирган масжид ёки кўприги ва солиҳ фарзандининг қилган дуои хайри”.

Шундай экан авлодларга нафақат моддий мерос, балки уларга миллий-маънавий қадриятларимизни, илму-ирфон ва одобу-ахлоқни ўргатмоғимиз, уларнинг тарбиясига жиддий эътибор қаратмоғимиз лозим. Халқимизда “бола азиз, одоби унданда азиз” деган нақл бор. Ёш авлод тарбиясида аждодларимиз тутган йўриқлари катта ибрат. Уларнинг фарзанд тарбиясида қўллаган услубларида одоб-ахлоқ, маънавий-жисмоний тарбиясида қўллаган ҳолда шаклланиб, сайқалланиб, мукаммал ҳолатга келган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ ҳадя беролмас”-деганлар.

Донишмандлардан бири бола тарбияси ҳақида шундай деган эканлар: “Фарзанд одоб зийнатидан бенасиб бўлса, эл орасида ота-онасини бошини эгади. Одобли ва ҳусни хулқ эгаси бўлган фарзанд эса ота-онасига мададкор бўлиб, хурсандчилик келтиради”.

Фарзанд тарбиясида бепарво бўлмаслик ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчи эканлигини унутмаслигимиз лозим. Чунки, болаларимиз нафақат бизнинг, балки юртимизнинг ҳам келажагидирлар. Уларни турли салбий иллатлар ва ёт ғоялардан асраш сизу-бизнинг масъулиятли вазифамиздир. Зеро, Қуръони каримдан шундай баён қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...”. (Таҳрим, 6-оят)

Мазкур оятдаги, “дўзахдан сақлаш” иборасини, икки дунё саодатига эришувига сабаб бўладиган хайрли амаллар билан шуғулланишга даъват қилиш деб тушуниш лозим.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида мазкур оятга амал қилиш йўлини ўргатиб шундай деганлар:

"Фарзандларингизни итоаткорликка, қайтарилган нарсалардан сақланишга буюринглар, Ана ўша уларни дўзахдан асрайди". (Ибн Жаррир ривояти).

Бошқа бир ҳадисда “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва қўл остингиздагиларга масъулсиз”, - деб таъкидлаганлар.

Оила-мактаб-маҳалла узвийлигининг келажак авлод тарбиясида жуда катта ижобий аҳамияти бор. Бир сўз билан айтганда, фарзандларимиз одобли, соғлом, илм-маърифатли ва комил инсонлар бўлиб етишишларида бирортамиз четда турмаслигимиз лозим.

Фарзанд тарбиясида қўйидаги уч босқичга риоя этиш лозим: туғилгандан то яхши-ёмон гапни фарқлайдиган бўлгунича унга подшоҳдек, ақлини танигандан сўнг хизматчидек, балоғатга етгач эса, дўст-биродардек муносабат қилинади.

“Кимё” китобида фарзанд тарбиясида ҳақида шундай дейилади: “Фарзанд ота-она қўлидаги омонатдир, унинг дили эса нафис гавҳарга ўхшашдир. Гавҳар ҳар хил нақшлар билан безалгани каби бола дилига ҳам эзгу фикрлар нақшини солиши мумкин. Бола қалби тоза тупроқ кабидир унга қандай уруғ сепсанг, ўша уруғ унади. Шунинг учун ота-она ва муаллим бу ишда ўзаро ҳамкор бўлиб, унинг дилига яхшилик уруғларини қадамоқлари лозим”. Зеро машойихларимиз бежиз: “Айтганинг қайтарар не десанг тоққа, ўрарсан ҳар неки эксанг тупроққа”, дейишмаган. Бу пурмаъно сўзлардан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётимизга татбиқ этиш барчамизнинг икки дунёмиз учун манфаатлидир.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Гўдаклар Аллоҳнинг райҳонидир” деганлар. Парвардигор келажагимиз бўлган ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли бўлиб вояга етишларини насиб қилсин.

Бу йўлда ғайрат билан меҳнат қилаётган ота-оналар ҳамда барча мутасадди кишиларга Ўзи мададкор бўлсин.


Киритилган вақти: 16/05/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3283
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/godaklar-allohning-rayhonlaridir
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 15:54
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг