Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Фитнага яқинлашган ундан қутула олмас

 
 

Бугунги кундаги аксарият диний-экстремистик ва террорчи ташкилотларнинг асосий белгиларидан бири бу такфир, жиҳод орқали халифалик тузуми остидаги давлат барпо этишни мақсад қилишларидир. Жумладан, “Ҳизбут-таҳрир”, “Ал-Қоида”, ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати) ва бошқа шу каби ташкилотларнинг асосий ғаразларидан бири халифалик ҳисобланади. Бироқ, мақсад воситани оқлайди қабилидаги тамойил билан “халифалик” барпо этиш йўлида мусулмонларни куфрда айблаб, уларни ўлдириш Ислом ақидасига зиддир.

Улар ўз ғояларини тасдиқлаш учун Қуръони каримнинг баъзи оятларини зоҳиран талқин қилишлари, шунингдек, айрим ҳадисларни ўз манфаатлари йўлида қўллашлари мазкур гуруҳларнинг янада адашиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Ислом шунчалар бағрикенг динки, нафақат мусулмонлар ҳуқуқини балки бошқа дин ва миллат вакилларини ҳам тинчлик ва сулҳда, ҳатто урушдан сўнг асир тушганларнинг ҳам обрўси, моли ва жонини ҳимоя қилади. Зеро, Аллоҳ таоло: “Сизлар аҳли китоблар билан фақат чиройли услубда мунозара қилингиз” (“Анкабут” сураси, 46) оятида айнан шунга буюрган.

Абдурроҳман ибн Аби Лайло (р.а.)дан ривоят қилинади: “Саҳл ибн Ҳунайф ва Қайс ибн Саъд Қодисияда ўтирганларида, ёнларидан тобут олиб ўтилди. Уларга: “бу шу ерлик, яъни аҳли зиммаку?!”, дейилди. Улар: “Набий (с.а.в.) ёнларидан ўлик олиб кетилаётганда, уларга бу яҳудийку?!”, деб айтилганда, улар: “Ахир у инсон эмасми?!”, деб айтган эдилар”, дейишди” (“Саҳиҳи Имом Бухорий”, 1312).

Эътибор беринг, ҳадисда биргина бошқа эътиқодда вафот этган шахснинг обрўси қанчалик бўлиши кераклигини Пайғамбаримизнинг ўзлари ибрат қилиб кўрсатиб кетганлар. Ҳозирги мутаассиб шахсларда бундай юксак хулқдан асорат ҳам йўқ.

Навбатдаги ҳадисда христианлик, румликлар, яъни европаликларнинг тавсифи мақталган. Ал-Муставрид ал-Қуроший (р.а.)дан ривоят қилинади: “Улар (румликлар, христианлар) фитнада босиқ, мусибатга бардошли, мискин ва фақирларга энг яхши (муносабатда)дир”, деб айтдилар (“Саҳиҳи Имом Муслим”, 7462).

Бугун динда ғулув кетганлар Пайғамбаримиз каби бошқа дин вакилларини мақтаб, мард бўла оладиларми? Йўқ, чунки уларнинг қалбларидан мусулмон кишида бўлиши лозим бўлган раҳмат, меҳр-шафқат олиб қўйилган.

Халифаликни тиклаш ғояси билан чиқувчи гуруҳлар нафақат бошқа дин вакилларига балки бў йўлда мусулмонларга ҳам шафқат қилмаяптилар. Ироқ ва Шом диёрларида юз бераётган воқеалар, борган сари авжига чиқмоқда, фитнанинг аломатлари ҳам шундай бўлади.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фитналар бўлади, (ўша пайтда) ўтирган тургандан афзал, турган юргандан афзал, юрган югургандан афзал. Кимда ким унга яқинлашса, у (фитна) уни тортиб кетади, кимда ким бошпана топса, ундан қутулиб қолади”, дедилар (“Саҳиҳи Имом Бухорий”, 7081).

ИШИД эълон қилган сохта халифалик эса, ботил ғоялари билан залолатга кетиши аниқ. Бу каби фирқалар Ҳузайфа ибн Ямон (р.а.)дан ривоят қилинадиган қуйидаги ҳадисни ўз ғаразлари йўлида кўп ишлатадилар. Расулулуллоҳ (с.а.в.): “Сизлар пайғамбарликда (яшаяпсизлар), у Аллоҳ истаганича бўлади, кейин У уни олиб қўяди. Кейин пайғамбарлик йўлидаги халифалик бўлади, у Аллоҳ истаганича бўлади, кейин У уни олиб қўяди. Кейин адолатсиз подшоҳлик бўлади, у Аллоҳ истаганича бўлади, кейин У уни олиб қўяди. Кейин золим ҳукмронлик бўлади, у Аллоҳ истаганича бўлади, кейин У уни олиб қўяди. Кейин яна пайғамбарлик йўлидаги халифалик бўлади”, деб сукут сақладилар (“Муснади Имом Аҳмад”, 18046; “Муснади Аби ат-Тоялисий”, 439).

Юқорида келтирилган ҳадиснинг саҳиҳлиги борасида кўпчилик олимлар шубҳа билдиришган. Ҳадиснинг ровийлари силсиласидаги Ҳабиб ибн Салим ишончсиз шахс деб топилган. Имом Бухорий бу ровий шахсияти ҳақида кескин фикрлардан қочиб, унга ишора қилган ҳолда, ёлғон ҳадис тўқишнинг оқибати жаҳаннам экани тўғрисидаги ҳадисларни эслатиб ўтган (“Ат-Тарих ал-Кабир”, Имом ал-Бухорий, 2/318).

Мазкур ҳадисдаги “пайғамбарлик йўлидаги халифалик” деган қисмини ИШИД аъзолари ўзларига нисбатан қўллаб, “ўша халифалик дея биз назарда тутилганмиз” деб жоҳилона фикр юритмоқдалар, шунинг ўзи уларнинг жуда қаттиқ адашаётганига далолат қилади. Ҳадисларда башорати келган адолатли халифалик бу Пайғамбаримиз авлодидан бўлган Маҳдийга хосдир. Бироқ, сўнгги пайтда ИШИД етакчилари ақидавий масалага оид Маҳдий ҳақидаги ҳадисларни инкор қилишга ўтгани бежиз эмас. Чунки улар мазкур мавзудаги ҳадисларни тасдиқлашса, ўз-ўзидан гуруҳнинг ғоялари, “халифаси” ва “давлати” сохталиги маълум бўлиб қолади.

Аҳлус-сунна вал-жамоа эътиқодига биноан охир замонда Муҳаммад (с.а.в.)нинг набиралари Ҳасан ибн Али (р.а.) наслидан бўладиган одил, сахий раҳбар Маҳдий чиқиши, асли мадиналик бўлиб, Маккага кўчиб ўтиши, унинг кўриниши ўхшамаса-да, хулқи ўхшаши, унинг исми пайғамбаримизга адаш экани, яъни Муҳаммад ибн Абдуллоҳ бўлиши, у Исо (а.с.) билан иттифоқда Дажжолга қарши курашиб, уни енгиши ҳақида ишонарли ҳадислар ривоят қилинган. Демак, Пайғамбаримизнинг “Умматимда халифалик 30 йилдир. Ундан кейин подшоҳликлар (бўлади)” деган ҳадисларидан маълум бўладики, то Маҳдий чиқмагунича ҳеч қандай халифалик ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

Юқорида зикр этилган Ҳузайфа ибн Ямон (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадис гарчи ишонарли бўлган тақдирда ҳам унинг мазмунида мусулмонлар зиммасига халифалик тузиш ёки уни тиклаш бурчини юкламайди. Балки нима бўлса ҳам бу Аллоҳнинг тақдири эканини англатади холос. Чунки мусулмонларга халифа бўлмаса, сайланмаса, усиз яшаманглар деган кўрсатма йўқ. Абу Идрис ал-Хавалоний Ҳузайфа ибн ал-Ямон (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мусулмонлар жамоасидан айрилмагин, уларнинг имомларига эргашгин!”, дедилар. Мен: “Башарти, ўша замонда на мусулмонлар жамоаси на имомлари бўлмаса-чи?”, дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Гарчи дарахт томирини кемириб кун кўришингга тўғри келса ҳам сени сабр қилишга даъват қилувчи Аллоҳни қалбингга маҳкам тугиб олгин-да, ўла-ўлгунингча ўша замон фитначиларидан йироқ бўлгин!”, деб айтдилар (“Саҳиҳи Имом Бухорий”, 7084).

“Халифаликни қурамиз, тиклаймиз” дея бонг ураётган қотил тўдаларга бу вазифа юклатилмаган, юклатилмайди ҳам. Айниқса, ИШИД аъзолари бўлган террорчиларнинг “Шомни оламиз, Мовароуннаҳрни оламиз, Ҳарамайн (Мадина ва Макка)ни оламиз” деб қутураётганлари аянчли ҳолат. Аллоҳни уйи Каъбани босиб олиш, уруш ҳаром қилинган муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига, мусулмонларга қарши қурол кўтаришни орзу қилишнинг ўзи ҳам катта гуноҳдир.

Қолаверса, Шом диёрида фитна қилишдан узоқ бўлиш лозим. Чунки Пайғамбаримизнинг ўзлари “Аллоҳумма борик лана фи Шамина” (“Аллоҳим, Шомимизга барака бергин!”) деб дуо қилганлар. Шунингдек, Муовия ибн Қурро (р.а.) отасидан қилган ривоятда: Расулуллоҳ (с.а.в): “Аҳли Шом фасод қилсалар, сизда яхшилик қолмас”, деб айтдилар (“Сунани Имом Термизий”, 2351).

Ироқ ва Сурияга бориб, у ерда маҳаллий халқни фитналар домига тортган ҳолда, баракани кўтарилишига, аҳолини мажбурий равишда мусулмон биродарини ўлдиришига, фасод ва гуноҳга чорлаётганлар кўзларини каттароқ очишлари керак.

“Мовароуннаҳрни, Ўзбекистонни фатҳ қиламиз” деб қўрқитмоқчи бўлганлар ҳам тилларини тийиб олсалар, ўзлари учун яхшироқ бўлади. Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сайҳон, Жайҳон, Фурот ва Нил барчаси жаннат дарёларидандир” дедилар (“Саҳиҳи Имом Муслим”, 7340). Мазкур ҳадисдан яққол кўриниб турибдики, Сайҳон ва Жайҳон дарёлари бу Пайғамбаримиз даврида ҳозирги Сирдарё ва Амударёнинг номланишидир. Демак, бу икки дарё оралиғи, яъни Мовароуннаҳр минтақаси Ислом маданиятига қўшган улкан ҳиссасининг эътирофи ва бу диёрга қарши адоват кўзи билан қарашдан эҳтиёт бўлиш кераклигини билдиради. Ўз ватани қадрини билмаганлар ўзга юрт қадрини билармиди?! Энди ҳали ҳам “ҳижрат” қилиш ниятида бўлганлар қаердан, нимага кетаётганларини англасинлар.

Агар Яқин Шарқ минтақасидаги ижтимоий-сиёсий вазият шу тарзда кетаверса, ИШИД ёки шу каби гуруҳлар ўзининг разил мақсадларидан қайтишмаса, мазкур минтақаларда зулмларини тўхтатмасалар, албатта улар хорликдан бошқасига эришмайдилар. Чунки тарихда жуда кўп бу каби қонхўр гуруҳлар бўлган, лекин бирортаси бу қадар сурбетликка бормаган эди. Аллоҳнинг уйи Каъбага ҳужум қилишдан оғирроқ жиноят йўқ. Ҳатто бу ҳақида қуйидаги саҳиҳ ҳадислар ҳам борки, улардан огоҳ бўлиш зарур.

Убайдуллоҳ ибн ал-Қибтийядан ривоят қилинади: Ал-Ҳорис ибн Абу Рабиъа, Абдуллоҳ ибн Софван ва мен мўъминлар онаси Умму Салама (р.а.)нинг ҳузурига келиб, ундан ер ютиб кетадиган қўшин ҳақида савол бериб, бу ибн Зубайр (р.а.) даврида бўлганми деб сўрадик. У: “Расулуллоҳ (с.а.в): “(Бир киши) Байтдан бошпана топади. Унинг ортидан қўшин юборилади. Улар бир даштга келганида уларни ер ютади”, деб айтдилар”, Кейин мен: “Эй, Расулуллоҳ, мажбур бўлганга нима бўлади?”, деб сўрадим. У зот: “Улар билан бирга юттирилади, аммо, Қиёмат куни ниятига қараб тирилтирилади”, деб айтдилар”, деди (“Саҳиҳи Имом Муслим”, 7421, 7422).

Мазкур ҳадисда ровийлар бекорга Умму Салама (р.а.)дан Абдуллоҳ ибн Зубайр (р.а.) ҳақида сўрамаганлар. Тарихдан маълумки, Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Аввом (р.а.) милодий 684-692 йилларда Ҳижоз (Макка)да халифа бўлган эди. Унга қарши Шомдан Абдумалик ибн Марвон ибн Ҳакам буйруғи билан Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақофий бошчилигидаги қўшин жўнатилган эди. Қўшин томонидан Макка қамал қилиниб, Абдуллоҳ ибн Зубайр (р.а.) ўлдирилган эди. Аммо, мазкур қўшинни ер ютмаган эди. Демак, ҳадисдаги башорат охир замон аломатларидан ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Софвандан ривоят қилинади: Менга Ҳафса (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: “Байт томон қўшин отланади. Улар даштга етиб келганларида, (қўшин) ўртасини ер ютади. Аввалги (қатордагилар) охиридагиларига бақирадилар. Уларни ҳам ер ютиб кетади. Фақатгина улардан қочиб қолганлар бу ҳақида хабар берадилар”, деб эшитганини айтди (“Саҳиҳи Имом Муслим”, 7423).

“Каъбага сажда қилаётганларни ўлдирамиз” ёки “Маккани фатҳ қилмасдан туриб, ҳаж қилмайман!” деб мусулмонларга, Аллоҳнинг уйида ибодат қилаётган кишиларга қарши нодонларча “жиҳод” эълон қилганлар, кейин афсус чекиб қолмасинлар.

Умму Салама (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бир халифа ўлганда ихтилоф бўлади. Мадинадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Бас, унинг олдига аҳли Маккадан одамлар келиб, ўзи хоҳламаса ҳам уни чиқариб Рукн ва Мақом орасида унга байъат қиладилар. Унга қарши Шомдан аскар юборилади. Уларни Макка ва Мадина орасидаги даштда ер ютади. Қачон одамлар ўшани кўрганларида унинг олдига Шомнинг абдоллари (авлиёлари) ва Ироқнинг яхшилари келадилар ва унга байъат қиладилар...”, дедилар (“Муснади Имом Аҳмад”).

Мазкур ҳадисдан маълум бўладики, Шомдан аскар жўнатилиши ва уни ер ютиши бесабаб эмас. Бу залолатдаги қўшин сохта халифаликка тегишли бўлгани учун ҳам ҳақиқий, тўғри йўлдаги, адолатли раҳбарга қарши чиқиб, мағлуб бўлиши башорат қилинган. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, юқорида далил қилинган ҳадисдаги каби оқибати яхшилик билан тугамайдиганлар бўлиб қолишдан, ноҳақлик билан ҳақ эгаларига қарши чиқиб, бу дунёда ҳам охиратда ҳам балоларга дучор бўлишдан эҳтиёт бўлиш даркор.

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қуръони каримни ўқиб, халқумларидан (пастга) ўтмайдиган ёшлар пайдо бўлади. Уларнинг ҳаммаси ҳар асрда чиқади ва қирилади”. У (ибн Умар (р.а.)): “Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: “Уларнинг ҳаммаси ҳар асрда чиқади ва қирилади” жумласини то “Ҳатто улар орасидан Дажжол чиққунича”, деб айтгунларича, 20 мартадан зиёд қайтарганларини эшитдим” деди (“Сунани ибн Можа”, 179).

ИШИД ва унга ўхшаш такфирчи гуруҳлар аввало мусулмонларни куфр ва мунофиқликда айблашдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Тоқати етмайдиган ишни бўйинларига юклаб, уларга мутлақо дахли бўлмаган “халифалик”ни даъво қилган ҳолда, жиҳодни мусулмонларга қарши ноўрин қўллаб, жуда катта фитнага сабаб бўлаётганларидан қўрқишсин.

Жамшид Алиев

"www. kamolon.uz"дан


Киритилган вақти: 09/12/2015 00:00;   Кўрилганлиги: 3568
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/fitnaga-yaqinlashgan-undan-qutula-olmas
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 15:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг