Фарзанд тарбиясида отанинг ўрни
Одамни ва ундан ўз жуфтини яратиб ва улардан зурриётларни чиқариб, ҳалол ризқ билан ризқлантириб қўйган зотга чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Мукаммал гўзал хулқ билан юборилган ва башариятнинг буюк муаллими бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга салавоту саломлар бўлсин.
Дарҳақиқат, ислом динида фарзандлар тарбиясига катта эътибор қаратилган бўлиб, уларнинг дунёга келишида, руҳан, жисмонан ва ақлан соғлом бўлишида, ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб етишишида асосий масъулиятни ота-онанинг зиммасидаги бурч деб этиб белгилаб берилган. Ушбу бурчни ўта муҳимлигига далолат қилиб Аллоҳ таоло ўзининг каломида:
"Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш, дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган фақат буюрган нарсага итоатсизлик қиладиган фаришталар (хизмать қиладиган) дўзахдан сақлангиз", (Таҳрим-6), дея мўмин-мусулмонларга хитоб қилган.
Шу ўринда шуни таъкидлаш лозимки оилада фарзандлар тарбиясида отанинг ўрни ўта муҳимдир. Аввало, эркак киши оила қуришдан олдин ўзига муносиб, диёнатли, ҳаёли ва оқила жуфт танлаши керак бўлади. Чунки ислом динида келин танлашда, унинг солиҳа ва яхши хулқ соҳибаси бўлиши ососий мезон ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам):
"Аёлнинг тўрт нарсаси: моли, насаби, жамоли ва дини учун никоҳланилади. Бас сен диндорини танла", деганлар.
Албатта, ушбу ҳадисга мувофиқ тарзда оила қурилгандан кейин Аллоҳдан солиҳ фарзандларни ато этишини дуо қилиб сўраш лозим бўлади. Ушбу хилдаги дуо ўта муҳим бўлиб, ҳатто Қўръони каримда пайғамбарларнинг фарзанд сўраб, дуо ва илтижолари қилганлари қисса қилиб келтирилган. Оли Имрон сурасида Закариё алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилиб: "Эй Аллоҳ! Менга ўз ҳузурингдан солиҳ зурриёт ато этгин", деб сўрадилар.
Юқорида қайд этилган ҳадис ва оятга амал қилиш оилада ҳар тарафлама соғлом фарзандларни дунёга келишига пойдевор бўлиб хизмат қилади. Яна шуни таъкидлаш лозимки, фарзандларга тарбия беришда ота ўзининг зиммасидаги фарзанднинг ҳақ-ҳуқуқини билиб, уни адо қилмоқлиги лозимдир. Аксинча адо қилмаса фарзанд ёшлигида ширин бўлсада, вояга етгандан кейин унинг меваси аччиқ бўлиши аниқдир. Шунинг учун Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам):
"Фарзанднинг ҳаққи отада учтадир: туғилганда чиройли исм қўйиш, ақли кирганда Қуръонни ўргатиш ва вояга етиб оилага тайёр бўлганда уни уйлантириб қўйишдир", дедилар.
Бу ҳадисда ҳам Сарвари коинот юксак намуна бўлиб аввало фарзандга чиройли исм қўйишга даъват қилдилар. Сўнг ақли кирганда Қуръонни ўргатиш деганлари, башариятни саодатга етаклайдиган Аллоҳнинг муқаддас кўрсатмалари ёдлатиб, унга амал қилишга одатлантириш демакдир. Зеро, бу сифат пайғамбаримизнинг гўзал хулқларидир. Бунга мисол шуки, Оиша (розияллоҳу анҳо) онамиздан пайғамбаримизнинг (саллоллоҳу алайҳи васаллам) хулқлари ҳақида сўралганда: “У кишининг хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб бердилар. Шундан маълум бўладики, Қуръонни фарзандларга ўргатишдан мурод Аллоҳ таоло ўзи таъкидлаганидек "Бу Қуръонда ҳеч қандай шубҳа бўлмаган, Аллоҳга тақво қилувчилар учун ҳидоятдир" деган тўғри йўлни кўрсатиб, пайғамбаримизнинг гўзал хуқлари билан фарзандларни хулқлантаришдир.
Демак, ҳар қандай ота-она ўз фарзандларини ушбу гўзал хулқ билан тарбия қилмас экан, бу ўзи ва фарзандлари ҳамда жамият учун ҳалокатдир. Шунинг учун тарбия масаласида буюк мутафакккир олимларимиздан бири Абдулла Авлоний "Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ҳалокат, ё саодат - фалокат масаласидир" деган.
Хулоса қилиб айтганда шуниси ўринлики, юқорида баён этилган оят, ҳадис ва ҳикматли сўзлар оилада фарзанд тарбиясида отанинг ўрни ўта муҳим эканлигига далолат қилади, Шундай экан ҳар бир ота-она жамият тараққиёти ва фаровонлиги йўлида ўз фарзандларига юксак одоб ва тарбия беришлари лозимдир. Бу борада ҳам тавфиқ ва нажотни ўзидан сўраймиз.
Киритилган вақти: 20/01/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3726
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 16:18