Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Фарзанд олдида масъулмиз

 
 

Ҳар қандай ота-она фарзандларининг нурли келажагидан умидвор бўлади. Уларнинг бахт-саодати, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Таассуфки, ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди. Демак, фарзанд тарбиясида ниятнинг ўзи камлик қилар экан.

Динимизда фарзандни ҳали мурғаклигиданоқ ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Мутафаккир бобомиз Имом ал-Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:

Умар ибн Абу Салама (р.а.) айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг қарамоқларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда, Расулуллоҳ менга, Эй, болакай! Аввал, “Бисмиллоҳ”ни айт, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўз олдингдан олиб егин, деб ўргатдилар”.

Ушбу ҳадиси шарифдан ойдинлашганидек, фарзандларимизга ҳаётда учраб турадиган энг оддий, кичик масалаларда ҳам тарбия бериб бориш лозим экан.

Ислом ёшларни айниқса, ростгўйлик, вафо, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш руҳида тарбиялашни буюради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дея таъкидлаганлар.

Ёшларимизнинг баркамол улғайишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти ҳам катта. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадантарбия машқлари билан шуғулланиш, балки инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш ҳам назарда тутилади.

Халқимизда, қозонга яқин юрсанг қораси юқади, деган нақл бор. Бунинг замирида ҳар қандай иллатга яқинлашсанг, унинг қора қилмишидан азият топасан, деган маъно бор. Яқинда телевидение орқали бир кўрсатув намойиш этилди. Унда ҳали касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган уч нафар ўспириннинг ўғирлик қилгани ҳақида гапирилди. Жиноятга қўл урган ўсмирлардан бирининг онаси ўзини айбдор санар, ғафлатда қолганидан таассуф қиларди. Нега ўзингизни айблаяпсиз, деган саволга она шундай жавоб берди:

– Маҳалламизда аввал бир неча бор ўғирлик қилиб, қўлга тушган ўспирин бор. Ўғлим икки-уч ойдан бери ўша болага қўшилиб юрганидан хабардор эдим. Бир-икки уришиб, тергаб қўйдиму фарзандимнинг хулқи билан жиддийроқ шуғулланмадим. Унга етарлича вақт ажратмадим. Мана, оқибат. Бу фожеага мен айбдорман...

Ҳасан Басрий (р.ҳ.) бир куни одамларга:

– Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади? – деб савол берибдилар.

– Ҳосили йиғиб олинади, – деб жавоб қайтаришибди.

Шунда Ҳасан Басрий (р.ҳ.):

– Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин, – деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга ишора қилган эканлар. Бинобарин, ёшлик қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.


Киритилган вақти: 03/03/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1894
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/farzand-oldida-masulmiz
Чоп этилган вақт: 19/05/2024 09:05
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг