Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

ОИЛАВИЙ ҲАЁТ САОДАТДИР

 
 

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй йигитлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир, дея марҳамат қилганлар.

Қуръони каримнинг Бақара сураси 21 оятида: “Ва унинг оят-белгиларидан сизларга  сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизга меҳру-муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир”.

Инсонни эркак – аёлга ажратиб, жуфт яратишининг ўзи Аллоҳнинг биру борлиги, баркамол сифатлар соҳиби эканининг ёрқин далилидир. Инсонлар доим кўзи тушиб турган нарсаларга кўникиб, эътибор бермай қўяди, аммо диққат ва ақл-заковат билан тафаккур қилиб кўрилса, инсоннинг эркак ва аёл қилиб, ўзига хос сифатлар билан яратилиши улкан мўжизадир.

Тўғри, “ИНСОН” деб аталмиш бу икки жинснинг ташқи кўринишида бир-бирига ўхшашлик бор. Иккиси ҳам “инсон” ёки “одам” деб аталади. Ташқи аъзолари сиртдан бир-бириникига ўхшайди. Лекин ўша сиртдан бир-бириникига ўхшаш эркак ва аёлнинг жисми алоҳида таҳлил қилиб кўриладиган бўлса, турли ажойиботлар намоён бўлади.

Эркакнинг танаси, суяги, эти, гўшти, пайи, мияси, ақли, ҳис-туйғулари ва ҳаттоки ҳужайралари  ҳам аёлникидан фарқ қилади. Унинг бутун вужуди қувват, сабр-бардош, оғирликни кўтариш, машаққатларга чидаш каби эркакларга хос ишларни адо этишга, умуман, эркакликка хизмат қилиши учун мосланган.

Худди шунингдек, аёлнинг танаси, суяги, эти, гўшти, пайи, мияси, ақли, ҳис-туйғулари ва ҳаттоки ҳужайралари ҳам эркакларникидан фарқ қилади. Унинг бутун вужуди латофат, юмшоқлик, меҳрибонлик, оғирликни кўтараолмаслик, тез ҳаяжонланиш, она ва хотин бўлиш каби аёлларга хос ишларни адо этиши, аёлликка хизмат қилиши учун мосланган.

Чунки аёл киши хотин, она бўлиши керак бўлганлиги учун, унга алоҳида латиф тана, малоҳатли тузилиш, ўзига хос жисм ва аъзолар керак. Ҳатто баданидаги тўқималар, ҳужайралар ҳам эркакникидан ўзгача, нафис, юмшоқ, нозик бўлади.

Эркак ва аёлдаги ўзига хосликларни таҳлил қилиб кўрган ҳар қандай илмли киши улардаги Аллоҳнинг қудрати ва ҳикматини кўриб, Аллоҳнинг оят-белгиларига тан бермай, иложи йўқ. Шу билан бирга, ушбу маъноларни ҳаётга тадбиқ қилиш ҳар биримизнинг нафақат бурчимиз, балки аввало бахту-саодатимиз эканини ҳам англашимиз зарур.

 

Манбалар асосида  Н.Темирова – Хотин-қизлар масалалари бўйича

Самарқанд вилоят бош имом хатиби маслаҳатчиси тайёрлади.


Киритилган вақти: 07/05/2020 11:56;   Кўрилганлиги: 1258
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/family/oilaviy-hayot-saodatdir
Чоп этилган вақт: 28/04/2024 05:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг