Оила қадри
Оила бир сўз билан айтганда жамиятимизнинг кичик ажралмас бир бўлагидир. Ҳозирги кунгача мамлакатмизда ёшларга, ёш оилаларга яратиб берилаётган шароитларга қарамасдан айрим ёшларимиз оила қадрини, никоҳ ҳурматини, фарзандларни тирик етим бўлиш гуноҳини тушуниб етмаяптилар. Шайтон ўз малайлари орасидан оилани бузишга сабаб бўлган шайтонни ўзига яқинроқ ўтқазиб бу мен учун яхши иш қилди, оила бузулиши орқасидан бошқа гуноҳлар: ароқ ичиш, зино қилиш, қариндошлик ришталарини узулиши, хақорат ва шунга ўхшаш гуноҳлар келиб чиқаверади. Доимо, оила бузулди, деса ушбу ҳикоя эсимга тушаверади.
Бир йигит уйланганидан сўнг олти ой ўтиб сафарга чиқиши керак бўлиб қолади. Йигит сафардалиги чоғида унинг хотини ёғ доғлаётиб, бехосдан ёнган ёғ туфайли ёш келиннинг юзлари куйиб, чандиқ ҳосил бўлади. Онаси бу ҳолни кўриб, бу қиз энди ўғлимга мунасиб эмас, дея ўғлига хат ёзади. “Ўғлим, хотинингни жавобини бер. Сен қандай бу хотин билан яшайсан, дўстларинг масхара қилмайдими?”, дейди. “Онажон, мен боргунча келинингизни кетказмай туринг, мен боргандан кейин унга рухсат берасиз”, дейди.
Сафардан қайтган йигит дарвоза олдига тўхтайди ва “Онажон, мен келдим. Мени етаклаб уйга келинингиз киргизсин”, дейди. Онаизор ҳайрон бўлганича “Кўзинга нима қилди, болам”, деб сўрайди. “Онажон, фалокат содир бўлиб, кўзларим кўр бўлиб қолди, энди бу кўр одамга ким ҳам тегарди, мен мана шу хотиним билан умр гузаронлик қилай, ижозат беринг” дейди. Онаси рози бўлади. Ўша юзларида чандиқ бор аёли билан узоқ умр бирга яшайди. Вақти келиб аёли вафот этади. Аёлини ерга қўйгандан кейин қабр бошида Қуръон тиловат қилинди. Жамоат тарқаганидан сўнг аёлнинг турмуш ўртоғи бир оз қабр ёнида қолди. Шунда унинг ёнига дўсти келиб, юр дўстим, бандалик, уйинга қўйиб ўтаман деганда, орқангдан етиб оламан, дейди. Шунда дўсти кўзларинг ожизку, ёлғиз қандай юрасан, деб савол беради. “Кўзларим ожиз эмас, лекин шу аёл мендан уялмасин, ҳижолат чекмасин, оилам эса бузилмасин, деб бир умр шу вақтгача ўзимни кўр қилиб кўрсатган эдим”, деб айтган экан.
Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
أَكْمَلُ المُؤْمِنِينَ إِيْمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا، وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ"
(رواه الإمام الترمذي)
Яъни: “Мўминларни имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг энг яхшиларингиз – аҳли аёлига яхшилик қиладиганингиздир” (Имом Термизий ривояти).
Ҳозирги ёшларимиз ҳаётини солиштириб кўрсин. Энг ачинарлиси, кейинги пайтларда айрим ёшлар никоҳ ва талоқнинг моҳиятини ҳис этмай, бўлар-бўлмас сабаблар билан хотинини талоқ қилишга боришяпти, нафс ва шайтон сўзига кириб ширин турмушларини оғуга айлантиришяпти, гулдай оилани барбод қилиб, фарзандларини тирик етимга айлантиришяпти. Баъзи келинларимиз оиланинг қадрига етмай турмуш қуришга қанчалик ошиқишса, эрдан ажралишга ҳам шунчалик тез киришишади.
Илоҳим, оилалар мустаҳкам ва бахтли бўлсин. Болалар ҳеч қачон етим бўлмасин!
Сафахон БАҚОЕВ - Каттақўрғон туман “Хожа Абул Ҳасан Андоқий” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 24/09/2019 11:05; Кўрилганлиги: 1596
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 16:44