ИСЛОМ ШАРИАТИДА ФАРЗАНДГА МУНОСАБАТ МАСАЛАСИ
Жоҳилият даврида арабларда фақирлик ва очликдан қўрқиб фарзандни тириклай кўмиб юбориш одати бор эди. Ҳозирги замон жоҳилиятида ҳам очлик ёки кўп сарф-харажатдан қочиб, фарзандни туғмаслик, битта ёки иккитадан орттирмаслик одати кенг тарқалган. Бу, аввало эътиқод бузуқлигига бориб тақалади. Аллоҳга иймони йўқ ёки бузуқ ақийдадаги, Аллоҳ ҳаммага ризқ беришга қодирлигини инкор этадиган одамгина фақирликдан қўрқиб ўз болаларини ўлдириши мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
وَإِذَا بُشِّرَ أَحَدُهُمْ بِالْأُنْثَى ظَلَّ وَجْهُهُ مُسْوَدًّا وَهُوَ كَظِيمٌ 58 (سورة النحل)
“Қачон улардан бирига қизнинг (кўргани ҳақида) хушхабари берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар”. (Наҳл, 58)[1]
Мушрикларнинг бирортасига оиласида қиз бола туғилгани ҳақида хушхабар берилса, хафа бўлганидан, ғам-аламга тўлганидан, юзи қорайиб кетар эди. Мушрикларнинг гумроҳлиги шу даражадаки, улардан ҳар бири оиласида қиз фарзанд туғилишини эшитиб, бу хабарнинг ёмонлигидан уялиб, одамлар кўзидан беркиниб юради. Одамларга кўринишни хоҳламайди. Қиз кўрибсан, деб мазаммат қилишларидан қўрқади. Ўша беркиниб юрган ҳолида, бу қизни нима қилсам экан, деб ўйлайди. Ўзимга ор-номус қилиб олиб юраверсаммикан ёки ерга кўмиб юборсаммикан, деб хаёл суради. Шу ўринда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг қуйидаги ҳадисларини келтириб ўтсак жоиздир:
أن جابر بن عبد الله حدثهم قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : «من كان له ثلاث بنات ، يؤويهن ، ويكفيهن، ويرحمهن ، فقد وجبت له الجنة البتة فقال رجل من بعض القوم : وثنتين ، يا رسول الله ؟ قال : «وثنتين»
Жобир ибн Абдуллоҳдан рият қилинади:
Расулуллоҳ (с.а.в) айтадиларки:
“Кимнинг учта қизи бўлиб, уларни тарбиялаб катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга кириши муқаррардир”, - дедилар. Бас, шунда қавмнинг баъзи кишилари, “Эй Расулуллоҳ иккита қизи бўлиб, уларни тарбиялаб катта қилган бўлсачи?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в) “Иккита қизни тарбиялаб катта қилган бўлса ҳам” дедилар. [2]
عَنْ أَنَسٍ أَوْ غَيْرِهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ عَالَ ابْنَتَيْنِ أَوْ ثَلَاثَ بَنَاتٍ أَوْ أُخْتَيْنِ أَوْ ثَلَاثَ أَخَوَاتٍ حَتَّى يَمُتْنَ أَوْ يَمُوتَ عَنْهُنَّ كُنْتُ أَنَا وَهُوَ كَهَاتَيْنِ وَأَشَارَ بِأُصْبُعَيْهِ السَّبَّابَةِ وَالْوُسْطَى
Анас ёки бошқадан ривоят қилинади: У “Пайғамбар (с.а.в.): “Ким иккита ёки учта қиз ёки иккита ёки учта ўғил то ўлгунча ёкиуларда баъзиси ўлгунча едириб ичирса мен ваҳоланки унга кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бир-бирига жуфтлаб туриб шунингдек бўламан” дедилар” деди.[3]
Албатта, биттами иккитами қизни тарбиялаб вояга етказиб жойларини топиб жойлаш осон иш эмас. Одатда кишилар табиатида ўғил фарзандга нисбатан мойиллик бўлиб туради. Қизлардан эса, Исломий тарбия кўрмаган кишиларда, бир оз эътиборсизлик бўлади. Шунинг учун ҳам шариатимиз таълимотларида қизлар тарбияси учун қилинган ваъдаларга алоҳида урғу берилган. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам икки қизни тарбиялаб вояга еткизган кишига Пайғамбар (с.а.в.) билан биргаликда жаннатга кириш ваъда қилинмоқда. Аллоҳ таоло ўшалардан бўлишни насиб этсин.
اتَّقُوا اللَّهَ وَاعْدِلُوا فِي أَوْلَادِكُمْ
“Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва болаларингизга адолат қилинглар” [4]
عن ابن عمر قال : إنما سماهم الله أبرارا ، لأنهم بروا الآباء والأبناء ، كما أن لوالدك عليك حقا ، كذلك لولدك عليك حق
Ибн Умардан ривоят қилинади ;Расулуллоҳ (с.а.в)
“Аллоҳ таоло Қуръони каримда яхши бандаларни “аброр” деб мақтади, чунки улар оталарига яхшилик қилганларидек, болаларига ҳам яхшилик қилган эдилар. Сенинг бўйнингда отангнинг ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам ҳаққи бор”, дедилар.[5]
عن ابن عباس، أنهم قالوا : يا رسول الله، قد علمنا حق الوالد على الولد، فما حق الولد على الوالد؟ قال : "أن يحسن اسمه، ويحسن أدبه"
Ибн Аббосдан ривоят қилинади албатта улар, “Ё Расулуллоҳ! Биз ота-онанинг фарзанди устидаги ҳаққини билдик. Аммо фарзанднинг ота-она устидаги ҳаққи нимадан иборат?” дедилар. Пайғамбаримиз (у зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин): “Унга чиройли исм қўйиб, гўзал одоб бериш”, дедилар.[6]
“Исломда инсон ҳуқуқлари” анжумани ҳужжатларидан:
“Ҳар бир бола дунёга келган кунидан бошлаб ота-оналари, жамият ва давлат томонидан кўрсатиладиган зарурий парвариш, таъмин, шунингдек, моддий, гигиеник ва маънавий кўмак олиш ҳуқуқига эга. Болага ҳам, онасига ҳам махсус парвариш ва ёрдам кўрсатиш қонунчиликда белгилаб қўйилади” (7-модда).
“Ислом боланинг асосий манфаатларини ҳимоя қилади, болага муҳаббат, эътибор кўрсатувчи ва хавфсизлигини асрашни таъминловчи табиий муҳит сифатида оилани муҳофаза этади” (8-модда).
“Билим олишга интилиш болага фарз ва мажбурият, уларга етарли билим берилишини таъминлаш эса жамият ва давлатнинг бевосита вазифаси ҳисобланади. Давлат таълим олишнинг имконият ва воситаларидан фойдаланишни таъминлаши, кишиларга инсоният бахт-саодати йўлида Ислом дини ва коинот илми билан танишиш имкониятини бериш учун билимларнинг ҳар томонлама бўлишини кафолатлаши керак”.
”Ҳар бир киши турли ўқув юртларида ҳам диний, ҳам дунёвий билим олиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир киши турли ижтимоий институтлар, шу жумладан, оила, мактаб, университет, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар раҳбарлигида шахс сифатида ҳар томонлама шаклланиш, Аллоҳга имонини мустаҳкамлаш, мусулмонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳурмат қилиниши ва ҳимоя этилишини таъминлаш ҳуқуқига эга”. (9-модда).
Юсуф Қарзовий, машҳур олим:
“Агар кимдир боланинг отаси эмаслигини била туриб, унга оталикни даъво қилса, унга жаннат эшиклари ёпилгандир”.
Ёт болани ўзиникидай қилиб рўйхатдан ўтказиб асраб олишни Ислом тақиқлаши сабаби хусусида Шайх бундай дейди:
“Ислом бола асраб олишнинг бу усулини табиий тартиб ва аслиятни сохталаштириш деб баҳолайди”. Бегона болани оилага аъзо қилиб олиш ва унга маҳрам бўлмаган аёллар билан унинг ёлғиз қолишига йўл бериш хатодир. Агар фарзанд асраб олишдан бошқа чора бўлмаса, асраб олинган болага унинг ҳақиқий ота-онаси ким эканини албатта айтиш ва зеҳнига сингдириш лозим. Акс ҳолда, жуда хунук оқибатлар келиб чиқади. Яъни, асранди бола ўзининг асл ота-онасини билмаса ёки билдирилмаса, катта бўлганида ўзининг ака-укаси ё опа-синглиси билан эр-хотин бўлиб қолишдек жирканч эҳтимоллар юз бериши мумкин. Аллоҳ асрасин.
Маҳмуд Шалтут, Мисрдаги “Ал-Азҳар” дорулфунунининг собиқ шайхи:
“Бегона эркакнинг уруғидан фойдаланиб сунъий ҳомила пайдо қилиш зино қаторига қўшилади. Аёлни ўз эри уруғи ёрдамида сунъий ҳомиладор қилиш насл давомийлигининг қонуний усулидир”.
Ҳаммод Абдуллатиф, таниқли олим: “Бола учун масъулиятни ҳис этиш ва қайғуриш ҳам диний аҳамиятга, ҳам ижтимоий манфаатларга бирдай тааллуқли масаладир. Боланинг ота-онаси бор-йўқлигидан, уларнинг соппа-соғлиги ёки оғир хасталигидан, номи машҳурлиги ёки номаълумлигидан қатъий назар, болага энг зарур ёрдам кўрсатилиши зарур. Боланинг фаровонлиги учун масъул бўлган кишилар, улар боланинг яқинлари бўладими ёки васийлик қилувчиларми — барибир, ўз бурчларини бажариш учун бор куч-имкониятларини ишга солишлари керак. Агар боланинг яқин қариндошлари бўлмаса, унга ғамхўрлик кўрсатиш бу иш учун махсус тайинланган масъулларнинг ҳам, оддий фуқароларнинг ҳам, хуллас, бутун мусулмон жамиятининг умумий мажбуриятига айланади”.
Муҳаммад Абдул Рауф, олим: ЮНИСЕФ бундай аянчли маълумотларни келтиради: ер юзида 2,6 миллион бола СПИД хасталиги вирусини ташувчи саналади, бу хасталик 5 миллион боланинг отаси ёки онасининг ҳаётига зомин бўлган. Йилига бир миллион бола ноқонуний жинсий бузуқликлар савдосининг молига айланади.
Исломга кўра:
Болалар ҳуқуқи улар туғилган кундан бошлаб кучга киради.
Қизлар ва ўғил болалар ота-оналари томонидан эътибор ва ғамхўрликда баб-баравар ҳуқуқларга эгадирлар. Улар тегишли озиқ-овқат, кийим-кечак, соғлиқни сақлаш ва таълим олишга ҳақлидирлар.
Қиз-ўғиллар баравар илм олиш ҳуқуқига эгадирлар. Қуръоннинг илк нозил бўлган ояти “Ўқи!” деб бошланган. Пайғамбар (у зотга Аллоҳнинг саломи бўлсин) илм олишни ҳар бир муслим ва муслимага фарз деганлар.
Агар она бошқа эрга тегса ва унинг янги эри яқин қариндош бўлмаса, болалар отанинг қариндошлари тарбиясига берилади.
Рашкдан четланиш учун бирорта бола бошқаларига қараганда ота-онасининг кўпроқ имтиёз ва эътиборига сазовор бўлмаслиги керак.
Ота ҳам, она ҳам болани яхши тарбиялашда, чиройли хулқ билан унга намуна бўлишда баравар масъулдирлар.
Болаларни иқтисодий жиҳатдан эксплуататсия қилиш, корхона, дала-фермаларда ишлатиш, хонадонларда хизматкор сифатида ёллаш Ислом қоралаган маънавий жиноят ҳисобланади. Боланинг соғлиғи ва хавфсизлигига раҳна соладиган ҳар қандай иш қаттиқ тақиқланади.
Болалар дам олиш ва ўйнаш ҳуқуқига эга. Уларни руҳий ва жисмоний тарбиялаш учун уларга отда юриш, сузиш, мерганлик каби спорт турлари билан шуғулланиш тавсия этилган.
Оталар, Қуръон ҳукмига кўра, фарзандларини мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум этолмайдилар.
Ёш болалар ҳам катталар каби жинояти ўз тасдиқини топмагунича айбсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. Улар одил судлов текширувига ва ўз ҳақларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларни жисмоний, руҳий қийнаш ва хўрлашнинг бошқа ҳар қандай усулларини қўллаш тақиқланади.
Агар ота ёки она Исломга зид келадиган нарсани талаб қиладиган бўлсагина, болалар уларга бўйсунмаслиги мумкин.
Исломда инсон ҳуқуқлари болалар ҳуқуқидан бошланади, улар маънавий тавсиялар бўлиб қолмасдан, шариатда қонуний мустаҳкамлаб қўйилган.
Бола ҳуқуқи ҳар бир фуқаро учун ҳам, жамоа ва жамият учун ҳам мажбурий дастур ҳисобланади. Бола учун оила, фуқаролик жамияти ва ҳукумат масъулдир.
[1] Шайх Абдулазиз Мансур Қуръони Карим Маъноларининг таржимаси 273 б “Шарқ” Тошкент 2001
[2] Бухорий ривояти
[3] Муснади Аҳмад
[4] Муслим ривояти
[5] Бухорий. “Адабул муфрад”
[6] Байҳақий ривояти
Нажмиддин Ҳамзаев - Ургут туман "Ғўс" жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 05/03/2020 13:45; Кўрилганлиги: 1659
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 08:55