Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Эр ёки хотин масъулиятни унутса...

 
 

Конституциямизнинг 41-моддасига мувофиқ ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Оила кодексига кўра ота-оналар ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардирлар. Улар ўз болаларининг соғлиги, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Аммо, бу меъёрларга ҳамма ота-оналар ҳам амал қилишмайди. Масалан бир қиз мактабдаги дарсларни кўп қолдирар экан. Синф раҳбари унинг оилавий аҳволи билан танишганида маълум бўлишича қизнинг отаси ичкиликка берилган экан. Ҳеч қаерда ишламас экан. Онаси эса ишлаш учун Россияга кетган экан. Қизнинг опаси сомса пишириб сотар экан. Қиз эса опаси уйда бўлмаганида овқат пишириб, жиянларига қарар экан. Баъзан опаси тайёрлаган сомсаларни сотар экан. Шу боис у баъзан ўқишга келмас экан. Афсуски мана шундай ҳолатлар учраб турганлиги кишини ранжитади.

Дарҳақиқат, ота-она ўз бурч ва вазифаларини бажармаса ана шундай аянчли ҳодисалар юз беради. Шу боис динимизда эркакларга ўз хотинлари, болаларига яхши, хушмуомалада бўлиш, уларни хорламаслик, илм олишга шароит яратиб бериш, таом, кийим, бошпана билан таъминлаш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Шу алфозда эр киши кўп вақт оиласини нафақа билан таъминлаш йўлида ҳаракат қилади. Табиийки, уй ишлари ҳамда фарзандлар тарбияси билан шуғулланишга вақти камроқ бўлади. Шу боис аёл оиланинг ички ишларига масъул. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Эркаклар, хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб - Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (Эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир».

Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қармоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳадисларининг бирида: «Киши ўз қармоғидагиларни нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади», - деб марҳамат қилганлар. Бироқ афсуслар бўлсинки, баъзи бир эркаклар шу маслада ўз вазифаларни унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёл шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиши учун кўча куйга чиқариб ёки хорижга жўнатиб қўяётганлари учраб турибди. Бунга қандай муносабат билдириш мумкин? Она меҳри фарзанд тарбияси учун ажратиладиган вақти увол бўлмайдими? Шу ўринда шоирнинг бир тўртлиги беихтиёр ёдга тушади:

Сенда бўлса гар ғайратдин асар,

Аҳли аёлингни қилма дарбадар,

Мевали дарахт шохи девордан ошса,

Ўткинчилар бешак анга қўл чўзар

Мансуржон Абдухолиқов

Пайариқ тумани бош имом хатиби


Киритилган вақти: 10/12/2015 00:00;   Кўрилганлиги: 2305
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/er-yoki-xotin-masuliyatni-unutsa
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 20:28
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг