ЭҲСОНСИЗ ЖАННАТГА ЭРИШИБ БЎЛМАЙДИ
Раббимиздан берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз даркор. Хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам, шунингдек барча эзгу ишларда имкон қадар кўмакчи ва ҳомий бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади.
“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Демак, киши хайр-эҳсонни ихлос билан, савоб умидида қилар экан, ояти каримада ваъда қилинганидек улкан мукофотларга эришади. Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
“Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).
Битта берилган хайр-эҳсонни эвазига Аллоҳ таоло бир неча баробар кўпайтириб бериши ҳақида шундай дейди:
“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).
Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Хайри-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривояти).
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривояти).
Уламолар садақани инсоннинг иймони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаъат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради.
Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, иймони борлигига)” (Имом Термизий ривояти).
Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор иймонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади. :
“Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Ривоят қилинишича, иши юришмаётган бир камбағал йигит донишманд шайхнинг олдига бориб, ҳаётидан арз қилиб насиҳат сўрабди. Шайх ҳазрат йигитга: “Борингдан эҳсон қилиб тургин”, – дебди. Йигит уйига келиб шайх билан бўлган суҳбатини онасига айтибди. Шунда йигитнинг онаси: “Ўғлим биз бир камбағал одамлар, ўзимиз эҳсонга муҳтож бўлсак, нимани эҳсон қилишимиз мумкин”, – дебди. Ўғил: донишманд шайх бекорга бир нарсани гапирмайди, – деб фақирона бўлсада эҳсон қила бошлабди. Орадан бир муддат вақт ўтиб шайхни бир чиройли бино соҳиби зиёфатга чақирибди. Зиёфатга борган шайхни бир вақтлар ундан насиҳат сўраган камбағал, йигит кутиб олиб: “Сизнинг насиҳатингиз туфайли Аллоҳ ризқимизни мўл-кўл қилиб берди, яна менга насиҳат қилинг”, –дебди. Шунда донишманд шайх: “Молингга ҳаром аралашмасин, молингни ҳаромга сарфламагин, молингни доимо тозалаб тургин ва жамият олдидаги масъулиятингни ёддан чиқармагин”, –деб насиҳат қилибди ва сахий йигитни ҳаққига дуо қилибди.
Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилгувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан қилиб, уларга ваъда қилинган савоб ва фазилатларидан барчамизни баҳраманд айласин! Омин!
А.Аззамов - Булунғур тумани Эрганакли масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 22/04/2020 12:30; Кўрилганлиги: 1126
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 14:19