Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим бериш услублари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини яхшилаб ўрганиш асносида у зотни нафақат ибодатда, балки, жамийки ўринларда: хулқ-атвор, муомила ва таълим беришда намуна эканликларини билиб оламиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши муаллим бўлганлар. Бугунги кунимизда барча муаллимлар у зотдан ўрнак олишлари лозим. У зотнинг таълим услублари шу қадар мукаммал ва манфаатли бўлганки, у зот берган таълимни ўзлаштирган толиби илмлар бутун жаҳонга машҳур бўлишган. Шу қаторда юртимиздан чиққан Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Ибн Сино каби уламоларимиз бунга катта далил бўлишади.
Муовия ибн Ҳакам ас-Суламий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ота-онам у зотга фидо бўсин! У зотдан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, у зот мени жеркимадилар, урмадилар ва сўкмадилар!” (Имом Муслим ривояти).
Қуйида бугунги кунда муаллимлар муҳтож бўладиган у зотнинг одоб-ахлоқ, чиройли таълим бериш ва гўзал услублари билан танишамиз:
1 – Таълим олувчига савол бериш услублари:
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: “Аллоҳнинг бандаларига ва бандаларнинг Аллоҳга бўлган ҳақларини биласанми?” дедилар. У киши эса “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ” жавоб бердилар. Бу ҳолат уч маротаба такрорланди. У зот: “Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққи, улар Аллоҳгагина ибодат қилишликлари ва Унга бирор нарсани шерик келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳ таолодаги ҳақлари эса Аллоҳ Унга шерик келтирмаган кишини азобламаслигидир” деб айтдилар.
Бу услубда иккита фоида бор:
1. Таълим олувчида жавобга шавқ уйғонади ва уни эшитгандан сўнг унда чуқур илм ҳосил бўлади.
2. Таълим олувчи ўзидаги тушинчани айтади. Агар тушинчаси тўғри бўлса муаллим уни рағбатлантиради. Агар тушинчаси нотўғри бўлса, муаллим уни тўғирлаб қўяди.
2 – Саволни такрорлашни сўраш ва сўровчини мақташ услублари:
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Менга мени Жаннатга яқинлаштириб, дўзахдан узоқлаштирадиган амални хабарини беринг” деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига қараб: “Дарҳақиқат, тўғри йўл топди” дедилар. Сўнг: “Нима дединг?” дедилар. У киши саволини қайтарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғридан-тўғри ҳалиги кишига жавоб бермадилар. Биринчи саҳобаларига қараб, уларни эътиборини тортиб, сўнг саволни қайтаришни буюрдилар. Чунки, кўпинча талабалар чалғиб қолиши мумкин. Шу сабабдан уларни эътиборини тортиб, сўнг жавоб бериш керак.
3 – Янги маълумот етказишликка таълим олувчини қизиқтириб қўйиш услублари:
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Абу Саид ибн Муалло розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Масжиддан чиқишингдан олдин сенга Қуръони каримдаги улуғ суралардан бирини ўргатаман” дедилар. Кейинроқ қўлимдан ушлаб масжиддан чиқа бошлаган эдик мен у зотга: “Менга Қуръони каримдаги улуғ суралардан бирини ўргатаман деб айтмаганмидингиз?” дедим. Сўнг у зот: “Алҳамдулиллаҳи Роббил ааламийн (Фотиҳа сураси). Икки марта нозил бўлган ети оят” дедилар.
Талабаларни бир янгилик айтаман деб қизиқтириб қўйиш, дарс мобайнида сергак ўтиришларини таъминлайди.
4 – Таълим олувчида таъсурот қолдириш услублари:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким беш хислатни ўрганиб унга амал қилишни ёки амал қиладиган кишига ўргатишни ҳоҳлайди” дедилар. Шунда “Мен” дедим. У зот менинг қўлимдан тутиб, бармоқларимда санай бошладилар: “Ҳаромлардан сақлан инсонларнинг обидроқи бўласан, Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл инсонларнинг беҳожати бўласан, қўшнингга яхшилик қил (комил) мўмин бўласан, ўзингга яхши кўрган нарсангни инсонларга ҳам яхши кўр (комил) мусулмон бўласан ва кўп кулмагин чунки у қалбни ўлдиради” (Имом Аҳмад ривояти).
Бу услубда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қўлларидан тутиб, бармоқлари орақали беш хислатни санаб, кўрсатиб бердилар. Шу боис, талабаларни зеҳнида илм яхши ўрнашади.
5 – Маънони очиб беришда ишора қилиш услублари:
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсаткич ва ўрта бармоқлари билан ишора қилиб “Мен ва етимни кафилликка олган киши жаннатда бундай бўлади” дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим бериш услубларини бир қанчасинигина зикр этдик холос. Булардан бошқа услублари ҳам мавжуд. Юқоридагилар асосий услубларидан бўлганлиги боис уларни келтиридик.
Аллоҳ таоло юртимиздаги устозларга ва толиби илмларга баракаларини ёғдирсин!
Киритилган вақти: 19/11/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2089
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 16:17