Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

ОДОБ – ЁШЛАР КЎРКИ ВА БАХТЛИ КЕЛАЖАК АСОСИДИР

 
 

Ислом динида ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор берилган. Шунинг учун ҳам ёшлар тарбиясини қачондан бошлаш керак деган саволга оила қуришдан олдин, яъни онасини (ёки отасини) танлашдан аввал деб жавоб берилади. Муқаддас динимизда фарзанд ҳали дунёга келмай туриб, унинг кимлар орқали дунёга келиши мумкинлигига эътибор берилади. Бўлғуси она ёки ота туғилажак фарзанд тарбиясининг зоҳирий асосчиларидир. Чунки фарзанд туғилганида унинг табиати соф ҳолда туғилади ва қайси муҳитда тарбия кўриб, ўсиб ўлғайса, ўша муҳитдан таъсирланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир туғилган гўдак Ислом фитратида (яъни соф табиатда) туғилади. Ота-онаси уни ё яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади”, – деб марҳамат қилганлар.

Демак, Исломда ёшлар тарбиясига эътибор келин ёки куёв танлашдан бошланар экан, бу жараёнда нималарга эътибор қаратиш керак? Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига назар ташлайдиган бўлсак, қуйидагиларни кўрамиз:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл тўрт нарса учун никоҳланади. Моли, ҳасаби, жамоли ва дини учун. Сен диндорини танла! Қўлинг тупроққа тўлгур!” – дедилар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, қуйидаги ҳадисни келтирадилар: “Аёлларга уларнинг чиройи учунгина уйланманг, уларнинг чиройи ҳалокатга кетказиши мумкин, молу давлатлари учун ҳам уйланманг, балки шу молу давлатлари туғёнга солиши мумкин, лекин диндорларига уйланинглар, албатта, қора чўри бўлса ҳам диндорлари афзал”.

Агар ота-она диёнатли бўлса, фарзандини ҳам диёнатлик қилиб тарбиялайди. Кўп жиҳатдан фарзанднинг тарбиясида оналарнинг таъсири катта бўлади.  

Бўлажак она ҳам ўз фарзандининг бўлажак отасини танлаши лозим. Бунда ҳам бўлғуси отанинг дину диёнати, ахлоқ ва одобига қаралади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар хулқи ва динидан сизлар рози бўладиган киши (қизингларга) совчи бўлиб келса, уни унга никоҳлаб беринглар, агар бермасанглар, ер юзида катта фасод қилган бўласизлар”, – дедилар. (Имом Термизий ривояти).

Диёнатли йигит ва қиз турмуш қуришгач, энди фарзанд тарбиясининг кейинги босқичлари юзага келади. Аёл фарзандга ҳомиладор бўлгач янада эътиборлироқ бўлиши лозим. 

Ислом ота-онанинг зиммасига фарзанднинг таълим-тарбиясини ҳам юклайди. Зеро, Ислом дини ўзи таълим-тарбия динидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи хитоб қилинган ваҳий илм ва таълимни эслатиш бўлди.  Болага илм беришда аввало ўқиш ва ёзишни ўргатиш лозим. Чунки ўқиш ва ёзиш илм олишнинг асосий қуролидир. Шу билан бирга фарзандни иқтидорига қараб ўзининг замонасидаги илмларни ҳам ўргатиш лозим. Чунки, илмсиз миллатнинг қуввати пасаяди. Бизлар учун намуна ҳисобланган саодат асри кишилари ўз даврларининг ҳар соҳада пешқадами бўлганлар. Биз ҳам Ислом тарбияси ўлароқ ёшларимизни замонасининг олди ёшлари қилиб тарбиялашимиз зарур. Уларга бошқа тилларни ўргатишни ҳам йўлга қўйиш керак. Зеро, донишманд халқимизда “Тил билган эл билар”, деган ажойиб нақл бор.

Чунки одоб Аллоҳ таолонинг розилиги, дунё ва охират яхшиликларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади. Бу барча динларда таъкидланган ишдир.

Ислом динининиг асосий манбаси бўлмиш Қуръони каримда ҳам, иккиламчи манбаси бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам одоб-ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадисда у зот: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, – деб марҳамат қилганлар. (Муслим ривояти).

Киши ўз фарзандларини уларнинг гўдаклик чоғларидан бошлаб тарбиялаши, одоб бериши лозим. Маълум ёшга етгач, баъзи нарсаларни болага қабул қилдириш қийин бўлади. Оила бошлиғи оила аъзоларининг баъзи айбларини кечириши, уларни қўрқитиб тарбиялашдан кўра кечириб юбориш йўли билан тарбиялаши керак бўлади.

Аллоҳ таоло ота-оналарга қарата хитоб қилиб: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз”[1], дейди. Бинобарин, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир. Имом мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Эркак ўз оиласида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Аёл эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир. Ходим ўз хожасининг мол-мулкида мутасаддидир ва қўл остидагилари учун масъулдир.  Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Юқоридаги оят ва ҳадисда, ҳар бир шахснинг жамият олдидаги масъулияти, ҳар бир эркакнинг ўз аҳли аёли олдидаги масъулияти, ҳар бир аёлнинг ўз эрининг хонадонидаги масъулияти ва барча инсонларнинг бошқа кишилар олдидаги масъулиятини баён қилиб берди.

Гўзал хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки одоб ва гўзал ахлоқ эгаси бўлган кишилардан доимо яхшилик кутилади. Ўзига, оиласига, жамиятига ва бутун атроф-муҳитга ундан фақат манфаат етади.

Яна бир ҳадиси шарифда эса: “Эй умматларим! Сизлар бир-бирингизни ҳеч қачон молу давлат, хайру эҳсонлар билан батамом миннатдор қила олмайсизлар. Бинобарин, очиқ юзлилик ва хушхулқлик билан бир-бирларингизнинг розиликларингизни топишга ҳаракат қилингизлар”[2], деб айтганлар.

Яхши фарзанднинг садақаи жорияси, савобли ишлари ота-онасининг қабрини пур нур, руҳи покларини шод ва масрур қилади. Яхши хулқ-одоб белгилари ўн  хил бўлади:

  • Хайрли  ишларда одамлар билан зиддиятларга бормаслик.
  • Ҳис туйғу ва эҳтиросларга берилмаслик.
  • Ўзгаларнинг камчилигини қидирмаслик.
  • Бировларнинг бахтсизлигига ҳамдард бўлиб, уни тўғри тушиниш.
  • Агар айбдор ўз айбига иқрор бўлса, уни авф этиш.
  • Муҳтожларга ёрдам кўрсатиш.
  • Кишилар тўғрисида ғамхўрлик қилиш.
  • Ўз нуқсонларини кўра билиш.
  • Одоб -ахлоқли бўлиш.
  • Хушмуомалали бўлиш.

Фарзандларимизни  ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Пайғамбаримиз бу борада айтадиларки: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади” - марҳамат қиладилар.  

Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиб айтамизки, одоб чиройли хулқ ёшлар фарзандларимиз камоли сари қўйилган илк қадам ҳисобланар экан. Одоб ва ҳусни хулқ эгаси бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юксак чўққиларга етиша оладилар. Аллоҳ таоло ёшларимизни ҳусни хулқ ва одоб ила музайян қилсин.

[1] Таҳрим сураси 6-оят.

[2] Баззор ва Байҳақий ривояти

АБДУҲАЛИМ МУҲИДДИНОВ, Самарқанд туманидаги “Янги масжид" жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 07/10/2019 12:20;   Кўрилганлиги: 1377
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/odob-yoshlar-korki-va-baxtli-kelajak-asosidir
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 18:07
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг