Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

ОДОБ-АХЛОҚДАН АФЗАЛРОҚ МЕРОС ЙЎҚ

 
 

Фарзанд - Аллоҳ таоло томонидан биз инсониятга берилган буюк неъмат. Ҳар бир инсон ўз фарзандини дунёдаги энг намунали, илмли ва маънавиятли бўлишини орзу қилади. Шунга эришиш йўлларини излайди ҳамда бу йўлда учраган барча тўсиқларни енгиб ўтишга ҳаракат қилади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Фарзандларингизга таълим беринг, чунки улар сизники бўлмаган вақт учун туғилганлар”, деб марҳамат қиладилар.

Шунинг билан бир қаторда бола тарбиясини қачондан бошлаш зарур эканлиги ҳақида кўплаб манбаларда қимматли маълумотлар берилган. Бола дунё юзини кўрган вақтдан бошлаб бериладиган тарбия босқичида она фарзандини озиқлантиришда озодалик қоидаларига амал қилиши, болани покликка биринчи кунданоқ ўргатиши ҳамда дунёга келган боланинг ҳар бир ҳаракатидан, ундаги ўзгаришлардан ота-она огоҳ бўлиши лозим. Шу жумладан, ота ҳам оиласи учун олиб келаётган луқманинг ҳалол ёки ҳаромлигига катта эътибор қаратиши лозим. Албатта бу ҳам боланинг тарбиясида катта аҳамиятга эга.

Фарзанднинг тили янги чиққан вақтдан бошлаб тўғрисўзлик ва хушмуомалаликка ўргатилса, биринчи бор овқат еганда “Бисмиллоҳ”, деб, ўнг қўлда ейиш ва озодалик сингдирилса, бирон-бир иллат биринчи бор содир этилганидаёқ қайтарилса, бу сабоқларга бола умрининг охиригача амал қилиб яшайди. Қуйидаги Ҳадиси шарифда Пайғамбримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирорта ота ўз фарзандига одоб-ахлоқдан афзалроқ мерос беролмайди”, деб марҳамат қилганлар.

Шундай экан, аввало ота-онанинг ўзи болага тарбия бериш асносида хулқи, юриш-туриши ва атрофдагиларга бўлган муомаласи билан ўз фарзандига ўрнак бўлмоғи лозим бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳалқимиз ва динимиз учун хизмат қиладиган солиҳ ва солиҳа фарзандлардан ато этсин.


Киритилган вақти: 01/06/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1434
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/odob-axloqdan-afzalroq-meros-yoq
Чоп этилган вақт: 22/04/2024 02:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг