Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Нуқтасиз тафсир ҳақида эшитганмисиз?

 
 

Араб имлосида ёзилган китобларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўзлар таркибида нуқтали ҳарфлардан доимий фойдаланиб келинишига гувоҳ бўламиз. Алифбодаги ҳарфларнинг тенг ярмида турли сон ва жойлашувдаги нуқталар қўйилган бўлиб, улардан фойдаланмасдан туриб нимадир ёзиш ёки сўзлаш анча машаққат келтириб чиқариши тайин. Лекин тафсир китоблари орасида бир асар борки, мусанниф унда Қуръон оятларини бошидан охиригача тафсир қилишда бир дона ҳам нуқтали ҳарф қатнашган сўзни ишлатмаган ва бу билан ўзини беназир илм соҳиби эканини кўрсата олган. “Саватиул илҳом” дея аталган бу тафсир асари “Тафсири файзий ал-ҳиндий бе нуқат” (Ҳиндистонлик Файзийнинг нуқтасиз тафсири) номи билан машҳур бўлган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобирнинг набираси Акбаршоҳнинг ҳукмронлиги даврида Ҳиндистонда яшаб ўтган, асли араб миллатига мансуб Абу Файз Файзий ибн Муборак томонидан ёзилган ушбу асар муаллифнинг энг катта таснифотларидан бўлиб, унда муфассирлар, ҳаттоки араб тилининг луғат жиҳатидан энг моҳир билимдонлари орасида ҳам янгилик бўлган усулдан фойдаланган. Яъни юқорида таъкидланганидек, тафсирнинг бошидан охиригача нуқтали араб ҳарфларини ишлатмаган ва бу маҳорати билан фан мутахассисларини ҳайратга сола олган.

Араб ҳарфларнинг тенг ярмида нуқтадан фойдаланилганини инобатга олсак, Файзийнинг ушбу иши жуда катта илмни талаб этиши намоён бўлади. Яна мусанниф энг олий калом – Қуръони карим тафсирида ушбу усулдан фойдаланишга журъат этгани унинг тил бойлиги нақадар кенг эканлигига далолатдир. Нуқтали сўзлар ўрнига шунинг маъносини берувчи, асл моҳиятдан узоқлаштирмайдиган ва нотўғри тушунчага олиб бормайдиган нуқтасиз сўзни топиб қўйиш ва буни бутун бир асарда қўллаш чинакамига таҳсинга лойиқ ишдир.

Абу Файз Файзий ибн Муборак Акбаробод (Агра) шаҳрида 1547 йилда таваллуд топган. Унинг аждодлари асли яманлик бўлиб, илм ва фазилат соҳибларидан, тасаввуф пешволаридан эдилар. Ҳиндистонга келиш тарихи бешинчи бобоси Шайх Мусонинг шу тарафларга қараб сафар қилиши ва яшаб қолиши билан боғлиқ.

Файзий дастлаб отасидан, кейин Ҳиндистондаги ислом уламоларидан таҳсил олган. Унинг илмда беназирлиги хабари Акбаршоҳга бориб етгач, одам юбориб ҳузурига таклиф этади ва шунинг билан иккисининг ўртасида муносабат пайдо бўлади. Акбаршоҳ Файзийни ўзига яқин тутар ва жуда ҳурмат қилар эди[1].

Файзий 1592 йили вафот этади ва Аграда дафн этилади.

“Саватиул илҳом” тафсири 999-1002 ҳижрий йил орасида ёзилган. Муқаддима қисмига алоҳида ўрин берилган бўлиб, мусанниф унда ҳаёти, оиласи, султон билан учрашиш тарихи, мазкур тафсирнинг ёзилиши, услуби ҳақида маълумот берган.

Тафсирнинг қўлёзма нусхаларидан бири Туркиядаги “Фозил Аҳмад” кутубхонасида №113 рақам билан сақланмоқда. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар бўлимининг электрон китоблар фондида айнан ушбу нусхани учратиш мумкин. Бундан ташқари унинг қўлёзма нусхалари Имом Муҳаммад ибн Сауд университети кутубхонасида (№147 (1882), Лейден университети кутубхонасида (№229 (ССО 1702), Ҳиндистондаги Девбанд кутубхонасида (№44/1 (60/25), Қоҳира университети кутубхонасида (№293/3 (22186) рақамлари остида сақланиб келинмоқда.

У.Муҳаммадиев:

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари

Манба: bukhari.uz

[1] “Муқаддимату саватиул илҳам”


Киритилган вақти: 19/02/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1458
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/nuqtasiz-tafsir-haqida-eshitganmisiz
Чоп этилган вақт: 23/02/2024 06:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг