Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Имом ал-Мотуридий - Ҳидоят имоми

 
 

Аҳли сунна вал-жамоа ақидасини Ислом оламида нашр қилган асосий устозлар бу икки забардаст имом — Имом Ашъарий ва Ватандошимиз Имом Мотуридий ҳисобланади. Ўз даврининг бемисл олимлари ҳисобланган бу устозларнинг иккиси ҳам, ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан мақтаб ўтилган уч асрга мансуб бахтли инсонлар қаторида бўлганлар.

Мамлакатимизда Мотуридий меросини ўрганишга фақат мустақилликдан кейингина киришилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан 2000 йилда Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланди. Президент И.Каримов ташаббуси билан Самарқандда аллома хотирасига мажмуа бунёд этилди. Тошкент ва Самарқандда Мотуридий таълимоти ва унинг ислом оламида тутган мавқеига бағишланган халқаро илмий анжуманлар ўтказилди. Мотуридий меросини ўрганган хорижлик олимлар билан самарали ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. 2001 йилда Германиялик профессор Улрих Рудольф қаламига мансуб “Ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти” китоби ўзбек тилида нашр этилди.

2002 йилда мазкур китобнинг кенг оммага, жумладан, олий ўқув юртларининг талабалари ва ўрта мактабларнинг юқори синф ўқувчиларига мўлжалланган нашри амалга оширилди. Эндиликда халқимиз Мотуридий мероси билан ўз она тилида танишиш имконига эга бўлди.

Аммо унинг илмий-диний мероси ҳали етарли даражада ўрганилгани йўқ. Асарларидан баркамол авлод тарбиясида етарли даражада фойдаланилаяпти, дея олмаймиз. Қолаверса, улуғ аждодимиз меросидан бутун ислом оламини кенг баҳраманд этишга эҳтиёж ҳам катта.

Бу эса Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуманни ўтказиш учун асос бўлди.

         Конференция 3-5 март кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Унда ислом оламининг етук олимлари, таниқли экспертлар иштирок этиши кутиляпти.

         Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий (257-333/870-945) раҳматуллоҳи алайҳи Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида тахминан 257/870 йилда таваллуд топганлар. Вафот йили эса барча манбаларда бир хил кўрсатилади, яъни, аллома 333/945 йилда вафот этганлар.

Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг калом мактабини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг калом йўналиши асосида ишлаб чиққанлар ҳамда аҳли суннат ва жамоат ақоидининг асосий икки йўналишидан бирининг буюк устози бўлиб қолдилар. Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг аҳли суннат ва жамоат ақоидининг соф исломий ақидаси илмига қўшган ҳиссасини эътиборга олиб замондошлари ва кейинги замонлар аҳли уни “Имом ал-ҳудо” (Ҳидоятга элтувчи имом), “Қудвату аҳл ас-сунна” (Аҳли сунна пешвоси), “Мусаҳҳиҳу ақойид ал-муслимин” (Мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчи), “Имом ал-мутакаллимин” (Калом илми эгаларининг имоми), “Рабибу аҳл ас-сунна” (Аҳли сунна ва жамоат тарбиясини олган зот) каби илмий унвонлар билан атаганлар.

Имом ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг ўндан ортиқ асарлари соф исломий таълимотга даъват қилганлиги билан жуда аҳамиятлидир, хусусан, улардан иккитаси муҳим. Улардан биринчиси Қуръон тафсирига оид бўлиб, “Таъвилот ал-Қуръон”  деб аталади. Яна у “Таъвилоту аҳли ас-сунна” (“Суннат аҳлининг изоҳлари”) номи билан 12 (ўн икки) жилдлик қилиб нашр қилинган. Унинг аҳли суннат ва жамоат ақоидининг асосини ташкил қилувчи асари “Китоб ат-тавҳид” (“Аллоҳнинг ягоналигини исботлаш китоби”) деб номланган. Мазкур “Китоб ат-тавҳид” асари йирик ҳажмли, ўзида аҳли суннат ва жамоат ақоидининг мураккаб масалаларини муфассал равишда қамраб олгани боис, уни қисқартирилиб, “Рисолат ат-Тавҳид” (“Тавҳид рисоласи”) асари яратилган. Бу асар “Рисолат ат-Тавҳид”да келтирилган масалалар аҳли суннат ва жамоатнинг мотуридия йўналишини белгилаб беради. Мазкур рисола билан танишишнинг ўзи, тўла бўлмаса-да, “Китоб ат-тавҳид” мазмунидан хабардор бўлишни таъминлайди. Ушбу соф исломий ақидалар билан танишиш бугунги кун учун ҳам аҳамиятлидир.

 З.Эшонқулов – ЎМИ Самарқанд вилоят вакили (манбалар асосида)


Киритилган вақти: 03/02/2020 15:59;   Кўрилганлиги: 1566
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/imom-al-moturidiy-hidoyat-imomi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 12:10
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг