Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Илм олишдан кўзланган мақсадлар

 
 

Олган илмларимиз бебаҳо бойликкина бўлиб қолмай, ўз навбатида зиммамизга кўплаб масъулиятлар юклайди. Энди биз билимимиздан аввало ўзимиз фойда кўришимиз ва бошқаларга ҳам манфаат етказишимиз керак.

Илм олишда аввало ниятни холис қилиш, йўналишни тўғри танлаш, миллий ва диний қадриятлар билан маънавиятни сайқаллаб бориш ҳар бир толиби илм учун зарурий бўлган ишдир. Шу орқали илмнинг баракаси ва фазилати кишида намоён бўлади.

Бу ҳақда Имом Ғаззолий шундай деган: “Билгилки, ният, хоҳиш ва мақсад битта маънони ифода этувчи иборалардир. Уларнинг барчаси қалбга боғлиқ ҳолат ва сифатлар бўлиб, илм ўрганиш ва унга амал қилишгина уларни мустаҳкам ҳимоя остида ушлаб туради”. Ғаззолий ушбу ибораси билан илм ўрганиб уни яхшиликларга ишлатсак қалбимиздаги ният, хоҳиш ва истакларимиз ҳам шунга монанд бўлиб, яхшиликларга йўналишини тушунтирмоқда. Агар қалбимизда маърифат нури бўлмаса, нафсимиз ақлимиздан ғолиб келиб, ниятимизни ҳам эгрилик сари бошлар экан.

Билганимизни яхшиликларга ишлатмас эканмиз, бу билимдан ҳеч кимга фойда йўқ. Чунки илмнинг меваси – унга амал қилишдир. Манфаатли илм ўз эгасининг юзида нур бўлиб порлайди, қалбини поклайди, тўғри йўлдан оғиб кетишига йўл қўймайди, бошқалар билан гўзал муносабат ўрнатишига кўмаклашади. Буюк саҳобалардан Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Илмга амал қилмагунингча олим бўлмайсан”, деган.

Агар илмни пухта эгаллашни мақсад қилган бўлсак, бунга фақатгина ўқиш ва ёдлашнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки илм олиш одобларига риоя қилиш ва турли беҳуда, бемаъни, гуноҳ саналувчи ишлардан ҳам йироқда бўлишимиз лозим. Бу эса илм баракасининг бизга етиши ва унинг нури билан қалбимиз мунаввар бўлишига сабаб бўлади. Чунки беҳуда ва гуноҳ ишлар қалбга зулмат олиб киради, зулмат қалбда эса илм нури учун ўрин йўқдир.

Илм биносининг мовий гумбазлари бўлган уламоларимиз илм олиш, уни ёдлаб қолиш, қалбга муносиб ўрнатиш ва унутмаслик йўлидаги асосий иш – беҳуда ва гуноҳ ишларни тарк қилиш деб билганлар. Қуйида улар томонидан айтиб ўтилган айрим ибораларни келтирамиз:

“Илмни ўзлаштиришни хоҳласанг гуноҳ қилма”;

 “Кишининг олган илмини унутишига қилган хатоси сабабдир”;

“Мен устозимга зеҳнимнинг ёмонлигидан шикоят қилгандим, у менга гуноҳларни тарк этишимни буюрди”.

Юқоридаги ҳар учта иборада ҳам илм олиш ва уни ёдда сақлаб қолишдаги муҳим жиҳат нотўғри ва гуноҳ ишлардан узоқда бўлиш экани равшан бўлмоқда.

Дилмурод БЕКТАМИШОВ - Нарпай туман бош имом-хатиби, "Нақшбандий" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 16/12/2019 11:20;   Кўрилганлиги: 644
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/ilm-olishdan-kozlangan-maqsadlar
Чоп этилган вақт: 18/09/2021 23:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг